Нима учун Аллоҳнинг хулқларига мувофиқ тарзда ўз феълларимизни ўзгартирмаймиз?
Аллоҳ таоло Китобининг «Ҳужурот» сураси охирларидаги икки оят. Агар мусулмон одам ушбу икки оят ҳақида мулоҳаза юритиб унга амал қилса, Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ҳузурига тоатлари қанчалик оз ва ибодатлари қанчалик арзимас кам бўлса ҳам ундан Аллоҳ рози бўлган ҳолда кетади.
Аллоҳ субханаҳу ва таоло айтаётган ушбу сўзни ўйлаб кўринглар:
«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир». «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир». «Ҳужурот» сураси, 11-12-оятлар.
(Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. «Тафсир Ҳилол»дан).
Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу буюк икки оятнинг мазмун моҳиятини ўзларининг ушбу сўзларида қисқача баён қилиб берганлар.
Абу Довуд ва имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Уқба ибн Нофеъ;
«Эй Аллоҳнинг расули нажот нима?» Яъни, қиёмат куни нажот топишнинг йўли қандай? – деб сўраган саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб:
«Тилингни тийиб уйингни лозим тут ва хатоларингга йиғла», дедилар.
Ушбу учта сўз мен сизларга ҳозир тиловат қилиб берган икки оятнинг етарли ва қисқача баёнидир.
Эй Аллоҳнинг бандалари, бугунги кун мусулмонларининг воқеликларини ўйлаб кўринглар, уларни Аллоҳ таолонинг ушбу икки оятидан айрилиб юз ўгирганларини балки, бир-бирлари билан бўладиган ўзаро муносабатларида Аллоҳ таоло васият қилган ушбу сўзга қарши бораётганларини учратасиз. Мусулмонга назар солиб, унинг аҳволини ўйлаб кўрсангиз, гўёки Аллоҳ таоло уни бошқаларни таъқиб ва назорат қилиш ҳамда уларнинг ҳолатларини кузатиш, ўзигагина тааллуқли бўлган ишга таклиф этилганини ўйлаш ўрнига бошқалар айбини ва улар камчиликларини топиш вазифасига турғазиб қўйгандек ҳис қилаётганини кўрасиз. Балки бу ерда бундан ҳам жиддийроқ нарса бор.
Бугунги кун мусулмонлари орасида ўз олдиларига одамларнинг айбу нуқсонларини катталаштириб кўрсатадиган кўзойнаклар қўйиб уни катталаштирадиганлари бор, балки одамлар зоҳирларини босиб ўтиб уларнинг қалби ва ботинида яширинган нарсани титкилашга ҳаракат қилаётганлари бор.
Инсоннинг ботинини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Уларнинг қалбида яширинган нарсани Бореъ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ким била олади?!
Уларнинг ҳар-бири Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини эшитиб олсин:
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас». «Моида» сураси, 105-оят.
(Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар. «Тафсир Ҳилол»дан).
Бу сўз уни ҳижолат ҳам қилмайди. У унинг олдида тўхталиб ҳам ўтирмайди. Балки унга эътибор ҳам бермай орқасига ўгирилиб ўзини унутишда давом этади ва мен сизларга тиловат қилиб берган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзини унутган ҳолда дўстларини таъқиб қилиш ва уларнинг хато-камчиликларини титкилаш пайига тушади.
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар».
Яъни сизларнинг ҳеч бирингиз одамлар ҳолини кузатиб назорат қилувчи бўлмасин.
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Замонлар ўтиб – эй Аллоҳнинг бандалари – бу сўз ким учундир мушкул бўлиб қолди.
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Ичимда айтдим, Аллоҳ азза ва жалла баъзи гумонларни гуноҳ деб хукм чиқарди-ю, лекин кўп гумонлардан қайтарди, нима учун? Бу ердаги қиёслаш «баъзи гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» – дейишни тақозо қилмайдими? Лекин сизларга айтиладиган жавоб Аллоҳ азза ва жалланинг баёноти эътибор қаратаётган ушбу нозик маънодир.
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Сен гуноҳ бўлган ўша баъзи нарсаларни билишга кучинг етадими? Йўқ, сен буларни билишга қодир эмассан, чунки у махфий ишлардир. Демак сен сақланган ўша гуноҳи бор баъзи гумонларни билишинг учун эҳтиёт юзасидан кўп гумонлардан кенгроқ масофада сақланишинг лозим бўлади.
«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар».
Уламолар ғийбатни гуноҳи кабиралардан, яъни катта гуноҳлардан эканига қарор қилганлар.
«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар».
Ушбу шакл бериш ва ўхшатишга эътибор қилинглар.
«Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?»
Нима учун ўликни гўштини ейишга ўхшатди? Чунки сен ўзини ҳимоя қилишга эга бўлмайдиган олдингда йўқ одамни ғийбат қилсанг гўёки ўлик гўштни тишлаб олганга ўхшайсан. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзидир.
Эй Аллоҳнинг бандалари, Роҳман ва Раҳийм бўлган Роббимиз азза ва жалла ўзининг олий зотига вазифа қилиб олган илоҳий амалиёт қонуни ҳақида фикр юритиб кўринглар. Ушбу қонун бизга шундай баён қилади, агар Аллоҳ бандаларидан бирининг бажарган яхши амалини кўрса ушбу яхши амални ўз ҳидини атрофга таратувчи ҳушбўй нарсага ҳамда у ер бу ерда эшитиладиган жарангли овозга ўхшаш қилиб қўяди ва унинг бу яхши ва солиҳ амали одамлар орасида тарқалади. Энди бу кўплаб солиҳ амаллар бўлсачи, унда қандай ҳам яхши!
Аммо агар тақиқланган ёмон ишни қилиб қўйса ёки қинғир ишга аралашиб қолса, Аллоҳ азза ва жалла уни одамлардан беркитиб кўпчилик олдида ҳеч қачон овоза қилмайди. Магар гуноҳ қилаётганлар қилаётган хатоларини такаббурлик билан қилсалар, унда Аллоҳ таоло уларни гарчи ётар уйидаги тўшагида қилган хатоларини ҳам фош қилиб шарманда қилади. Лекин биз ҳозир нафсининг тентаклиги сабабидан ожиз қолиб хато қилаётган мўминлар ҳақида гаплашмоқдамиз. Аллоҳ таоло уларнинг хатоларини одамлардан беркитади. Агар Аллоҳ азза ва жалла буюрган бирор ишни қилсалар Аллоҳ таоло уни ҳиди чор атрофга тараладиган ёқимли қилиб қўяди. Аммо гуноҳларини одамлар оламлар Роббиси ҳузурида турадиган қиёмат кунигача беркитиб қўяди. Кейин ўша куни Бореъ азза ва жалла дунёда гуноҳларни қилсада ўзи беркитиб қўйган кишини ўзига яқинлаштиради хатто уни қўлтиғига олади ва кейин пардани тушириб уни одамлардан тўсади ва унга: «Фалон куни қилган фалон гуноҳингни биласанми?» – дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан, эй Роббим, биламан» дейди.
Кейин яна унга: «Фалон куни қилган бошқа бир гуноҳингни ҳам биласанми?» – дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан эй Роббим, биламан» дейди.
Кейин яна; “Фалон куни қилган бошқа бир гуноҳингни ҳам биласанми”?- дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан, эй Роббим, биламан» дейди.
Шунда Аллоҳ таоло унга: “Мен у дунёда буларни яширган эдим, энди эса бу кунда сени (ўша гуноҳларингни) кечираман”,- дейди.
Аллоҳнинг бандалари! Нима учун Аллоҳнинг ахлоқлари билан хулқланмаймиз? Нима учун Аллоҳнинг хулқларига мувофиқ тарзда ўз феълларимизни ўзгартирмаймиз? Нима учун бир бирларимиз билан бўлган муносабатларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга муомала қилаётганидек муносабатда бўлмаймиз? Аллоҳ таоло яхшиликларимизни чор томонга тарқатиб ёмонликларимизни беркитмоқда. Нима учун биз ҳам ўрталаримиздаги ўзаро муносабатларда мен сизларга айтиб берган ушбу услубда муомала қилмаймиз?
Ҳа, бу оламлар Роббисининг иши ва бандалари ҳақидаги унинг амалиётидир. Балки мен ҳозир сизларни бошқа амалиёт қонуни олдига қўйиб кўраман.
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг фазлу марҳамати билан бандаси қанчалик хато қилса ҳам ва қанчалик янглишиб гуноҳ қилса ҳам, Ўзи билан ушбу бандаси ўртасида боғланиш риштасини ўрнатиб қўйишни хоҳлади. Магар уларнинг такаббурлари учун бу риштани қолдирмади.
Агар сиз бир инсонни тентаклиги ва ожизлиги сабабли гуноҳларга шўнғиб кетганини кўрсангиз Аллоҳ таоло ўзи билан ушбу банда ўртасига боғланиш учун арқон ташлаб қўйиши муқаррардир. Ушбу арқон ўзига боғланган шарт билан қачон қойим бўлишини сиз билмайсиз. Бир кун келиб сиз ушбу инсонни ўша арқонни маҳкам ушлашини ва у орқали Аллоҳга мурожаат қилиб; «Мана мен, эй Роббим, сенга қайтиб ўзингга мурожаат қилмоқдаман, мени қабул қилгин»- деб айтаётганини, Аллоҳ таоло ҳам уни: «Лаббай бандам» – деб қабул қилаётганини кўрасиз.
Айрим хатоларга оғиб баъзи гуноҳларни қилаётганларини кўрганинг учун, мажлисларда тилингни узун қилиб ғийбат қилаётган одамларинг ҳолини яхши биласанми ўзи?
Ёки Аллоҳ ва улар ўртасида боғланган сирли ришта орқали уларни қутқариб олишига ишонмайсанми?
Ёки уларни эртага сенинг ҳолингдан афзал ҳолатга хатолари сабабидан кўтарила олмаслигига ишончинг комилми?
Мана шу, бандаларига одоб билан муомалада бўлишимизни ҳукм қилган оламлар Роббисининг йўлидир.
Нима учун бундай хукм қилди? Аллоҳнинг ҳамма бандаларига нисбатан чиройли одоб билан муомала қилишимиз учун.
Агар адашган инсонларни кўрсак ва ўзимизга қараб ўзимизни тўғри эканимизни сезсак улар ҳақида ёмон гап билан тилимизни узун қилиб уларни ғийбат қилмайлик.
Ҳа, агар сен унга кучинг борича Аллоҳни эслатиш учун йўналсанг, уни мулойимлик ва раҳм шафқат билан йўғирилган чиройли услубда яхшиликга буюриб ёмонликдан қайтарасан.
Аммо у ер-бу ерлардаги мажлисларда у ҳақида гапиришга ва одамлар орасида унинг ҳаётига доир ёмон суратлар чизиш учун йўналсанг, сен уни эртами-индин ёки кейинроқ ушбу адашишидан Аллоҳ таоло қутқариб олмаслигини ва уни Аллоҳнинг солиҳ бандалари ичида энг афзалига айланиб қолиши мумкинлигини биласанми? Сен ўзингни ушбу тўғри йўлда қолишингни ва тилингни чўзиб қилган ғийбатинг ва уни истеҳзо қилганинг учун сени Аллоҳ азобламаслигини аниқ биласанми? Аллоҳ таоло сенга ғазаб қилмаслигига ва ҳидоятдан кейин сени адашиш водийларига итариб ташламаслигига ишончинг комилми?
Йўқ, эй Аллоҳнинг бандалари.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалари Аллоҳнинг пардаси билан беркитилган. Биз улардан ушбу пардани йиртиб ташлашимиз мумкин эмас. Сиз ҳам ана шу бандаларнинг бирисиз. Ҳаммамиз Аллоҳнинг пардаси билан яшириб қўйилганмиз.
Мен сизларга саҳиҳ ҳадисни айтиб ўтдим. Аллоҳ таоло гуноҳга ботган кишини ўзига яқинлаштиради. Кейин пардани тушириб уни одамлардан тўсади ва унга: «Фалон гуноҳни эслайсанми, фалон, фалон гуноҳ эсингдами?», деб гуноҳларини эслатиб бу гуноҳлар суратини унга кўрсатади у ҳам эслайди. Кейин Аллоҳ таоло унга:
“Мен у дунёда буларни яширган эдим, энди эса бу кунда сени (ўша гуноҳларингни) кечираман”,- дейди.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Келинглар лутф ва марҳаматга чўмдирилган ушбу буюк икки оят ўз ичига олган насиҳатни амалга оширишда Аллоҳ билан аҳдлашиб олайлик.
«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир».
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир». «Ҳужурот» сураси, 11-12-оятлар.
Аммо адашиб хато қилган дўстингиз олдида муҳаббат ва марҳамат билан тўхтаб, унинг хатосини чиройли йўл билан эслатиб қўйишингиз бу яхши нарса, лекин уни кўрганингизда унга салом бериб жим туришингиз ва олдингиздан кетгач одамлар олдида уни энг ёмон ва энг фожир одамга чиқаришингиз, бу ислоҳ маъносига ҳам, амру маъруф-наҳйи мункар маъносига ҳам кирмайди.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан,
2010 йил, 1 октябрь
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси