Бош саҳифа » Мавъизалар » Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойидаги амаллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойидаги амаллари

Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш учун ибодатга белларини маҳкам боғлар эдилар. У зот одатдаги ибодатларига қўшимча яна ибодат қилар эдилар. Нафақат ўзлари, балки бунга умматларини ҳам жалб қилар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ибодат қилишга ва унинг кундузида рўза тутишга тарғиб қилар эдилар. Бу борада фақат тил ила тарғиб қилиш билан кифояланмай, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амалий тарзда ўзлари ҳаммадан олдин бу майдонда намоён бўлар эдилар. Чунончи, бу ой келиши билан у зотнинг ибодатларида одатдан ташқари ўзгариш кўзга ташланарди. Буни Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ривоятларидан билиб олсак ҳам бўлади:

ما رايته فى شهراكثر صياما منه فى شعبان

У зот айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим» («Саҳиҳи Муслим»).

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойида кўп рўза тутганларини далил қилиб, аллома имом Нававий бу ойда рўза тутишни суннат деб айтганлар:

ومن المسنون صوم شعبان

«Шаъбон ойида рўза тутиш суннатдандир» («Ал Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб»).

Юқорида зикр қилинган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадислари ва бошқа кўпгина ҳадислардан шу маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга барча умматларини тарғиб қилганлари Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун экан. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи шунга ишора қилиб айтадилар: «Менинг наздимда бу хос рўзанинг ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан олдин, шаъбоннинг ярмида Рамазоннинг рўзасига намуна бўлиши учун рўза тутганлар. Токи Рамазондан ваҳшат ва ҳайбат бўлиб, қандай қилиб рўза тутаман, энди рўзамиз қандай ҳолатда бўлар экан, деб ўйламасин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга буюрганлар».

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Марҳамат, шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиб кўринглар, Рамазоннинг рўзаси қандай эканини билиб оласизлар», демоқдалар. Бу бир кунлик рўзани тутишга ҳаммада ҳиммат топилади. Тўлиқ бир кун рўза тутган кишига Рамазоннинг рўзаси ҳам шундай бўлиши маълум бўлади. ўн бешинчи кечада бедор бўлиб ибодат қилиш эса таровеҳга намунадир. Яъни таровеҳда қандай қилиб ибодат қиламиз экан, деган одам шу кечада туриб, ибодат қилса, таровеҳнинг қандай экани маълум бўлади. «Бугун туни билан бедор бўлдик, таровеҳда бир-икки соат туриш нима бўлибди», деган фикр пайдо бўлади. Бу кечада қилинган ибодат мислга-мисл билан ёрдам қилишдир («Ал-юср маъал-уср»).

Ёрқинжон қори Фозил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*