عَن عَبْدالله بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ
عَنْ رَسُولِ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: “مَنْ قامَ بِعَشْرِ آياتٍ لمْ يُكْتَبْ مِنَ الغافِلِينَ، ومَنْ قامَ بِمِائَةِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ القانِتِينَ، ومَنْ قامَ بِأَلْفِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ المُقَنْطِرِينَ“
أبو داود.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кимки тунда (намозда) ўн оят тиловат қилса ғофиллардан деб ёзилмайди, агар юз оят ўқиса итоат қилувчилар қаторида ёзилади, кимки минг оят тиловат қилса улуғ ажрни ҳосил қилувчилардан деб ёзилади», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: Ким кечаси туриб таҳажжуд, нафл намозларида Қуръондан ўн оят ўқиса номаи амолига Аллоҳнинг зикридан ва тоатидан ғофиллардан деб ёзилмаслиги, агар юз оят ўқиса ибодат қилувчи, тоатда доим бўлувчи, кечани қоим қилувчилардан деб ёзилиши, агар минг оят ўқиса улуғ, беҳисоб қийрот-қийрот ажрни ҳосил қилувчилардан деб ёзилиши зикр қилинган.
Бу ҳадисда Қуръонни тунда, хусусан, тунги намозларда ўқишга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги таъкидланмоқда.
Мўмин киши кечани Аллоҳнинг ибодати ва Қуръон тиловати, зикр ва илм талабида қиёмул лайлда ўтказиши бу унинг шарафидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мўминнинг шарафи кечани қоим қилишлигидадир», деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй инсонлар! Саломни орангизда кенг ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлар билан алоқани боғланглар ва тунда, одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, шунда жаннатга саломат ҳолда кирасизлар», деганлар.
Яна бир ҳадисларида:
«Роббнинг бандага энг яқин бўладиган ҳолати кечанинг охирги қисмидадир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўла олсанг, шундай бўл!», деганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَىٰ أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا ﴿٧٩﴾
«Тунда (кечани баъзисида) уйғониб, ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирса» («Исро» сураси, 79-оят).
Аллоҳим барчамизни ўзингни тоат-ибодатингда бардавом қилгин, кечани ўзингни ибодатингда Қуръон тиловати билан ўтказишни насиб қилгин.
Абдуссомад Ҳабибуллох ўғли тайёрлади