Тарихи Табарий ва Ибн Асир раҳимаҳуллоҳнинг “Тарих”ида келади:
“Ярмук ғазоти асносида Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни (маълум сабабларга кўра) қўмондонликдан бўшатиш ҳақида мактуб юбордилар.
Абу Убайда кишиларни жамлаб минбарга чиқди. Мактуб келтирган элчи ўрнидан туриб Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни сўроққа тутди:
– Ашъас ибн Қайсга ўн мингни қаердан бердинг? Ўз пулингданми ёки қўлга киритган нарсаданми? (Яъни, қўлга киритилган молни халифадан сўроқсиз тақсимлашда айблашмоқда)
Холид унга жавоб бермади. Абу Убайда жим турар эди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари Билол розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб Холидга деди:
– Мўъминлар амири сен ҳақингда шунақа-шунақа гапларни амр қилдилар.
Сўнгра Билол Холиднинг салласини ечиб олди. Холид итоат қилиб индамай турди. Дўпписини ерга қўйди. Сўнгра Холидни ўрнидан турғазиб салла билан боғлади. Сўнгра сўради:
– Ашъасга пулни қаердан бердинг? Ўз молингданми ёки қўлга киритган умумий молданми?
Холид:
– Ўз молимдан.
Шунда Билол Холиднинг дўпписини бошига қўйиб саллани ўз қўли билан ўраб қўйди ва деди:
– Волийларимизни эшитамиз, итоат қиламиз. Улуғларимизни эҳтиром қилиб хизмат қиламиз!
Абу Убайда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан молларни тақсимлагач Холид розияллоҳу анҳу:
“Мен мўминлар амирига исён қиладиган (итоат қилмайдиган) кишилардан эмасман”, деган эди.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг инсонийлигидан, нафсини синдирганидан, халифага итоатидан тўғриси доимо ҳайратланаман. У зот жангдалигида, ғалабаларининг авж пайтида қўмондонликдан бўшатилаяпди. Унинг учун умумий қўмондон бўлиш билан қўшин сафида оддий лашкар бўлишнинг фарқи йўқ эди. Бу инсонийликнинг ва ихлоснинг гўзал бир кўринишидир.
Устоз Холид Муҳаммад Холид айтади:
“Мен Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг ҳаётидаги энг ихлосли ва садоқатли саҳнаси деб ана шу саҳнани айта оламан!”.
Ҳа! Эй Холид! Эй саййидим! Майдонда итоат ва ихлос дарсини кўрсатиш осон эмас. Ҳабашистонлик Билол розияллоҳу анҳу сизни салла билан боғлаганида итоат билан турдингиз.
Бунақа дарс бериш фақат Умар розияллоҳу анҳудек устознинг қўлидан келади.
Бундай дарсни фаҳмлаш эса фақат сизнинг қўлингиздан келади!