Бош саҳифа » Сийрат » Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларидаги тавсифлари

Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларидаги тавсифлари

Бугунги кунимизда бутун олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: “Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди”, деган сўзлари билан ифодалаган эди. Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Зикр аҳлидан сўранг”, 3-сон, 59-бет.)

Инсоният тарихида Муҳаммад алайҳиссаломчалик қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинадики, Урва исмли мушрик Қурайш кофирларига шундай ҳикоя қилган экан: “Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Сезарнинг, Кисронинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, асҳоблари Муҳаммадни ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром килинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, таҳорат олса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзларига тик карашга ботина олишмайди”. (Ҳидоят”, 2002 йил, 9-сон, 10-бет.)

Пайғамбаримизни Ғарбнинг инсофли кишилари ҳам улуғлашган. Буюк олмон шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (алайҳиссалом) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.

Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад (алайҳиссалом)дек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди”, деган эди. (“Ҳидоят”, 2001 йил, 6-сон, 14-бет.)

Томас Карлайл тан олиб айтишича, Муҳаммад (алайҳиссалом) шундай тубан халқ (араблар)ни “ёруғлик ва илм ташувчилар” даражасига юксалтирди: “Араб халқи учун бу зулматдан нурга чиқиш эди. Бу билан араблар илк маротаба бошқалар назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай, ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бугун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди, оламий улуғликка эришди. Бор-йўғи юз йил ичида араблар ғарбда Гранадагача, шарқда Деҳлигача етишди, жасорат ва улуғворлик нури ила Арабистон олам кенгликларини ёритмоқда”. (“Ҳидоят”, 2001 йил, 5-сон, 10 – 11-бетлар.)

Инглиз олими Жон Давенпорт мана бу фикрларни ёзиб қолдирган: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқ”.

Атоқли файласуф Шебол бундай дейди: “Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмаган) бўлсада, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз”.

Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг мана бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом (яъни, раҳбар), давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган… Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки, у ўлчовларга сиғса?!”

Франциянинг машҳур арбоби ва саркардаси Наполеон Бонапарт у зотга бундай баҳо беради: “Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо (алайҳиссалом) миллатига, Ийсо (алайҳиссалом) умматига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бутун инсониятга билдирди”.

Америкалик тарихчи олим Мишел Ҳарт бундай дейди: “Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ёзиб қўйсам, эҳтимол, айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар, эҳтимол, буни ўзгача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у зот дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир”.

Оксфорд дорилфунуни профессори Вилям Монтгомери: “Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. У зотни сеҳргарликда айблаш ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”. (“Ҳидоят”, 2006 йил, 3-сон, 6 — 7-бетлар.)

1974 йил 15 июлги “Тайм” ҳафталик журналида ҳар турли тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар, тижоратчи-бизнесменлар ва бошқа касб вакилларининг “Тарихнинг буюк доҳийлари” мавзуидаги муҳокама мақолалари ўрин олган. Баъзилар шундай шахс деб Гитлерни, бошқалар Гандини, Буддани, Линколнни ва ҳоказоларни ҳисоблашган. Шу билан бирга, америкалик психоаналитик, Чикаго университетининг профессори, яҳудий миллатига мансуб Жюл Массерман масалага аниқ мезон-ўлчовлар билан ёндашишни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, сардорлар учта вазифани бажаришлари керак:

1) ўзлари бошқарган халқни тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлаган бўлиши;

2) одамлар ўзини хавф-хатарсиз, хотиржам сезадиган жамият қурган бўлиши;

3) одамларга иймон (ишонч) ва эътиқод йўлини тақдим қилиши.

Жюл Массерман мазкур уч мезон асосида тарихни ўрганиб чиқади, Гитлер, Пастер, Сезар, Мусо (алайҳиссалом), Конфуций ва бошқа кўпларнинг баҳоларини белгилади ва охир-оқибат қуйидаги хулосага келди:

“Пастер ва Салк каби доҳийлар биринчи мезонга жавоб беради. Ганди ва Конфуций кабилар бир томондан, Александр Македонский, Сезар ва Гитлерлар эса, бошқа томондан иккинчи ёки учинчи талабларни қондиради.

Ийсо (алайҳиссалом) билан Будда эса, фақат учинчи тоифага мансубдирлар. Барча замонларнинг энг буюк доҳий-йўлбошчиси Муҳаммад (алайҳиссалом) бўлса керак, чунки у учала мезон бўйича ҳам барча талабларга жавоб беради.

Мусо (алайҳиссалом) бу борада Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир қанча паст даражада қолган” (Аҳмад Дийдот, “Что Библия говорит о Мухаммаде”, 20-21-бетлар.)

Абдул Азим Зиёуддиннинг «Сиз Пайғамбар (алайҳиссалом)ни кўрганмисиз?» китобидан

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*