Бош саҳифа » Тасаввуф » «Тасаввуфнинг ҳукм ва масалалари ҳам шаръий аҳкомлардир»

«Тасаввуфнинг ҳукм ва масалалари ҳам шаръий аҳкомлардир»

Ҳақиқий тасаввуфнинг ҳукм ва масалалари ҳам дарҳақиқат шаръий аҳкомлардир. Лекин фиқҳ китобларида бир хос сабаб туфайли ёзилмаган.

Одамлар умуман олганда тасаввуфнинг асл ҳақиқатини англаб етмадилар. Аврод, вазифалар, машғулотлар, кашф, илҳом, завқлар ҳамда мавожидлар (турли кайфиятлар)нинг номини тасаввуф деб номлаб олдилар. Мана шу сабабли у шаръий аҳкомлардан алоҳида бошқа бир нарсадек кўринади. Аслида эса тариқат шариатга мукаммал амал қилишнинг номидир. Намоз, рўза ва ҳоказо зоҳирий амалларни адо қилиш каби ботиний амалларни ислоҳ қилиш ҳам унинг муҳим бир жузъидир. Ботиний амалларнинг ичида биринчи ўринда ақоидни дуруст қилиш, кейин эса ахлоқни ислоҳ қилиш туради. Такаббур, ҳасад, буғз, ҳирс, ҳубби жоҳ (мартабани севиш) ва ҳоказо ёмон хулқлардан сақланиш, тавозуъ, қаноат, сабр, шукр, Аллоҳ ва Росулига комил муҳаббат ва шу каби гўзал хислатларни пайдо қилиш лозим.

Имоми Абдулваҳҳоб Шаъроний ўзларининг «Ал явоқит вал жавоҳир» номли китобларининг биринчи жилди, учинчи фаслида шундай ёзадилар: «Салафи солиҳлар – саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид имомларнинг замонасида ботиний амаллар ва уларнинг аҳкомларини тадвин қилиш (китоб шаклида ёзиш) шунинг учун зарурий деб билинмаганки, ўша пайтда ҳар бир мусулмон хонадон унга амалий жиҳатдан аҳамият қаратар эди. Ҳар бир киши ундан воқиф (хабардор) ва ҳар бир киши унга омил (амал қилувчи) эди. Кейинчалик одамларда жаҳолат, ғафлат ва камчиликлар бошланганидан кейин, салафлар асрининг охирги даврига келиб уни тадвин қилиш (китобий шаклда ёзиш) бошланди. Бу гўё шунга ўхшайдики, Он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак замоналарида ҳадис ва фиқҳ китоб шаклига солинмаган эди. Уммат катталари ёзишга зарурат сезишлари билан даражама-даража, аввал ҳадис кейин фиқҳ ва усули фиқҳ тадвин қилинди.

Хулоса шуки, ботиний амалларнинг аҳкомлари фиқҳ китобларида ёзилмагани сабабли бу шаръий аҳком эмас экан ёки унинг аҳамияти намоз, рўза ва бошқа аҳкомлардан камроқ экан, деб алданиб қолманг.

«Мажолиси ҳакимул умма»
Муҳаммад Шафиъ Усмоний

Ёрқинжон қори Фозилов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*