Халаф ибн Тамимдан ривоят қилинади:
“Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ва Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ Маккада учрашиб қолишди. Иброҳим сўради:
– Ишингни аввали (сўфийлик) қандай бўлган?
Шақиқ деди:
– Саҳрода кетаётган эдим. Саҳрода қанотлари синиб ерда ётган бир қушни кўрдим. Унинг қаердан ризқланишини кўраман деб ундан узоқроқда туриб кузатиб турдим. Бир қуш оғзида чигиртка билан учиб келди. Қаноти синган қушнинг оғзига чигирткани қўйди. Мен ўзимга: “Эй нафс! Ушбу қаноти синган қушга ушбу соғлом қушни мусаххар қилган Зот сен қаерда бўлсанг ҳам ризқ беради” , деб ишлашни тарк қилдим ва ибодатга берилдим.
Иброҳим деди:
– Эй Шақиқ! Нега сен қаноти синган қушга овқат берадиган соғлом қуш бўлмайсан. Ундан афзал бўласан-ку! Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Юқоридаги қўл пастдаги қўлдан афзал” , деганларини эшитмаганмисан?! Мўъмин киши аброрлар даражасига етиши учун икки даражадан доимо олийсини танлаши лозим.
Халаф ибн Тамим айтади:
“Шунда Шақиқ туриб келиб Иброҳимнинг қўлини ўпди ва деди:
“Сиз бизни устозимизсиз, эй Абу Исҳоқ!”.
“Ал-мужоласа ва жавоҳирул илм” китобидан
Абдулқодир Полвонов таржимаси