Ривоят қилишларича қадим ўтмишда бир мусулмонлар ўлкасида ҳайратланарли воқеа бўлган экан. Бир бой киши касал бўлиб, кетиши маълум бўлгач, одамларга қарата:
– Ким вафот қилганимдан кейин қабримда мен билан бир кеча ётса молу давлатимнинг ярмини ўшанга қолдираман, – дебди. Бу гапни бозорда ишлаб юрган бир ҳаммол ҳам эшитибди. Ҳаммол ўйлаб кўриб:
– Шу қўлимдаги арқонимдан бошқа йўқотадиган нимам ҳам бор, – деб таклифга рози бўлибди. Маълум вақт ўтиб, бой қазо қилибди. Одамлар ҳаммолни чақириб келибдилар ва вақти соати келганини айтибдилар. Ҳаммол ҳам доим олиб юрадиган арқони билан бирга маййит ёнига тушибди. Устларидан турпоқ тортилиб кўмибдилар. Шу билан одамлар дуоларини қилиб тарқалибдилар. Бироз ўтиб қабрга мункар-накир (савол-жавоб қилувчи) фаришталари келибди. Қарасалар қабрда иккита одам ётибди, бири тирик иккинчиси ўлик. Нима бўлса ҳам ўлик шу ерда қолади, саволни шу тирик ётганидан бошлайлик, деб ҳаммолга савол беришни бошлабдилар:
– Бу арқонни қаердан олгасан, у билан нима ишлар қилгансан, топган пулларингни нималарга сарфлагансан….?
Савол-жавоб шу бошланганича тонггача давом этиб, ҳаммолнинг тинка-мадорини қурутиб, дунёга келганига пушаймон едирибдилар. Эрта тонгда одамлар нима бўлди экан деб қабрга ёнига келиб уни оча бошлабдилар. Қабр очилиши билан ҳаммол ранги рўйи бир аҳволда пойлаб тургандек сакраб ташқарига чиқиб олибди. Одамлар эса уни тирик ҳолда кўриб:
– Э қойил, сен уддаладинг, энди сен бой бўлдинг, молу давлатнинг ярми энди сеники. Олиб кетишинг мумкин, – деб табриклабдилар.
Ҳаммол эса:
– Тўхтанглар! Шу битта арқоннинг ҳисобини бергунимча эрталабгача она сутим оғзимга келди. Менга бошқа бойликнинг кераги йўқ, – деб қочиб кетибди.
Бу бир ривоят бўлсада, унинг замирида жуда ҳам катта ва чуқур маъно ётибди. Топаётган молу дунёимизга, еб турган ош-тузумизга эътибор беришимиз, ҳалолдан топиб, ҳалолдан едиришимиз зарурлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Акс ҳолда эртага ҳеч қаердан, ҳеч қандай ёрдам келмийдиган жойда қийин аҳволга тушиб қолишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.
«Ҳикматлар хазинаси» рисоласидан