Қуръони карим тиловатини йўлга қўйишлик
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
Бомдод намозидан кейин ҳар шахс бироз Қуръони карим тиловатини одат қилсин. Бирор кун ҳам Қуръони карим тиловатидан холи бўлмасин.
Қуръони каримда етти манзил бор. (Бир манзил – ҳафтияк, яъни, Қуръони каримнинг еттидан бир қисми). Аввалги замонда шундай бўлар эдики, одамларда ҳар куни бир манзил (яъни, Қуръони каримнинг еттидан бир қисми, тахминан тўрт ёки тўрт ярим пора)ни тиловат қилишлик одати бор эди ва етти кунда бутун Қуръони карим хатм қилиб олинар эди. Бизлар заиф кишилармиз. Эҳтимол, бу даражада бардош қила олмасмиз. Лекин, имкон қадар албатта қилайлик. Хоҳ бир пора бўлсин, ярим пора бўлсин. Балки, Ҳакимул уммат қоддасаллоҳу сирроҳ айтганларки, агар кимгадир ярим пора ҳам мушкул бўлса, у ҳолда чорак пора ўқиб олсин ёки икки-уч рукуъни одат қилиб олсин. (Бир рукуъ – бир маъно тўлиқ тугаган ёки бир ракъатда ўқиладиган миқдор). Лекин бирор кун Қуръони карим тиловатидан холи ўтмасин.
Абдулқайюм Комил таржимаси