– Буважон, менга пул беринг. Атиги уч минг сўм, – деди саккиз ёшли невара ялинчоқлик билан.
– Хўш, уни нимага сарфлайсан? Билсам бўладими? – сўради бобо синчковлик билан.
– Сигарет-конфет оламан.
– Қанақа конфет? Нима деяпсан ўзи? Сигарет-конфет деганинг нимаси?
– Сигаретдақа сигарет-да!
Бобо билан невара етаклашиб дўконга кетишди.
Сиз ҳам бу суҳбатни ўқиб, ҳайратлангандирсиз, албатта. Наҳотки, болаларимиз ақлини таниб-танимай, бобосидан сигаретга пул сўрашса? Шунча ширинлик туриб, нега бола айнан сигарет-конфетга ружу қўймоқда? Наҳотки, унинг кўриниши болани шунчалик ром этган бўлса? Уни кимлар ишлаб чиқаряпти? Нима мақсадда?
Албатта, бундай саволларнинг пайдо бўлиши табиий.
Келинг, уларга жавоб топиш учун бобо ва набирага эргашиб, кўчадаги дўконларни айланамиз.
Буни қарангки, шаҳримиздаги айрим савдо марказлари, дўконлар ва қандолат маҳсулотлари сотиладиган улгуржи савдо расталарида бу сингари сигаретнусха конфетларни истаганча сотиб олишингиз мумкин. Нархи ҳам арзонгина. Аммо 200, 300, 500 сўмда нархланган “тамаки”лар қаерда харидоргирроқ бўлса, ўша ерда қимматроқ сотилаётган экан. Хайриятки, бу – биз ўйлагандек ўша зараркунанда эмас, тамаки кўринишидаги витаминли ширинлик экан. Витамин, холос!
Аммо бизни энди унинг ташқи кўриниши ташвишга солди. Нега дейсизми? Сигарет кўринишидаги бу узунчоқ, ичида майда бўлакчалардан иборат ширинлик – “555 – Ян Танг” ва “555 – Ажом” номли витаминлар болаларнинг севимли ширинлигига айланиб улгурибди. Жумладан, мактаб ўқувчиларини кузатганимизда, қўлида витаминни худди тамаки тутатаётган кишидек ушлаб юришибди. Ахир уларнинг ёши каттароқ акалари, амакилари, оталари ҳам сигаретни шунақа тутатишади-да! Лаблари орасига қистириб, ўрнак бўлишган-да!
Мутахассисларнинг фикрича, инсон умри давомида эгаллайдиган билимнинг кўп қисмини етти ёшгача олар экан. Бугун ўйинчоқ сигаретани лабига қистириб, ўйин билаётган болакай, эртага тамаки чекишни табиий қабул қилиши аниқ-ку! Чунки унинг миясида буни қандай ушлаш ҳақидаги ахборот аллақачон шаклланиб улгурган бўлади.
Маҳсулотини шу йўл билан оммалаштирмоқчи бўлган “билимдон” тадбиркор, наҳотки, масаланинг бу томонини ўйлаб кўрмаган. Аслида, бу “учар тадбиркор” ким? Саволга аниқлик киритиш учун аввал маҳсулотнинг ёрлиғини қидирдик. Афсуски, бирор жойида на фабрика манзили ва на унинг таркиби ёзилган. Сўнг истеъмолчи сифатида маҳсулотни келтириб берадиган одамларни суриштирдик. Билганимиз, бозордаги улгуржи савдо дўкон сотувчисининг жавоби бўлди: “Тахминан, Олмазор тумани томонларда ишлаб чиқаришади…”
Бугун нима истеъмол қилаётганимиз, уларнинг соғлигимизга фойда-зиёни қандай, деган саволлар ҳар бир харидор ва ишлаб чиқарувчи учун бирдай муҳим, албатта. Фарзандлар саломатлиги эса энг бирламчи масалалардан бири. Шу боис уларнинг тўғри овқатланиш ратсионини билиш, тўғри ташкил этиш масъулият талаб қилади кишидан. Зеро, болалар озиқ-овқатидаги меъёрдан ортиқ газли ичимликлар, фаст-фуд ва қандолат маҳсулотлари таркибидаги шакар мия фаолиятини секинлаштиради. Мия фаолиятидаги аминокислоталарни парчалайди. Биз тилга олган “витаминлар”нинг эса таркиби ҳам номаълум. Балки, улар фарзандларимиз ҳаёти ва соғлиги учун зарарлидир. Қолаверса, маҳсулотнинг анча арзонлиги ҳам шубҳа туғдиради кишида.
Мамлакатимизда ҳар хил кўринишдаги санитария-гигиена талабларига мос келадиган ширинликлар ишлаб чиқарилмоқда. Нархи бироз қиммат бўлса-да, сифати кафолатланган маҳсулотни харид қилиш харидор учун ҳам, тадбиркор учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Аммо бу маҳсулотлар ҳам сифати, ҳам қолдирадиган нохуш таассуроти билан биз ўйлагандан кўра хавфлироқ, назаримизда…
Бугун бутун инсоният кашандаликка қарши курашаётган бир пайтда айрим кишиларнинг ўйламай (балки ўйлаб!) қилаётган ишларига ким чора кўради? Наҳот, бу “егасиз” маҳсулот бозор расталарида бемалол тураверса-ю, ҳеч кимни безовта қилмаса? “Ҳой, бу кимники, қаердан келди?” дейдиган кимса топилмаса?! Бозорларимиз бедарвоза эмасдиров, фақат уларнинг эътиборини масаланинг моҳиятига чуқурроқ кириб боришларига қаратмоқчи эдик, холос.
– Кеп қолинг, кеп қолинг сигарета-конфетлар бор.
Муҳаммадали МАМАДАЛИЕВ
2016 йил