Куни кеча айрим интернет ОАВда Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилади. Бу ҳақда ўтган ҳафтанинг пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов маълум қилган, деб хабар тарқалди.
Шунингдек хабарда пойтахтдаги 11та туманнинг ҳар бирида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши, қаерларга йўллар четларида таҳоратхоналар ва намозхоналар қуриш бўйича тавсияларини берилиши, дейилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Сергели ва Бектемир туманларида биттадан янги жомеъ масжидлари қурилади, деб маълумот тарқатилган
Бу хабар юзасидан ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги қуйидагича хабар беради: Ҳар бир ташкилот идора доирасида бўлгани каби ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан маълум муддатларда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи имом-хатибларнинг йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган ички масалалар бўйича белгиланган вазифалар тушунтирилади. Истиқболдаги режалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилади, таклифлар ўрганилади.
Йиғилишда билдирилган Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилиши, пойтахтдаги 11та туманнинг ҳар бирида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши масаласи ўзгача талқин қилинган.
Аслида, йиғилишда туман бош имом-хатибларига шаҳримизда маҳаллий аҳоли талабларидан келиб чиқиб, “Зиёрат туризми”ни ривожлантириш манфаатларини эътиборга олган ҳолда туманлардан янги намунавий масжид (намозхона) қуриш юзасидан иккитадан таклиф берилишлиги сўралган. Ўн битта тумандан берилган жами 22 та таклифлар ўрганилиб, улардан 2 та намунавий масжид (намозхона) қуриш режалаштирилган.
Албатта, жамиятимизда ҳар бир сохада бўлгани каби диний-маърифий сохадаги янгиликлар, ислоҳотлар ҳам ўз вақтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг ҳудуудий вакилликлари, масжидларнинг расмий сайтида тезкор ва ишончли етказилиб борилмоқда. Юқоридаги таклиф мазмунидаги масала юзасидан ҳам лойиҳа белгиланган тартибда тасдиқланса албатта ОАВда эълон қилинади.
Манба: Vakillik.uz