Бош саҳифа » Мақолалар » Тил офатларидан сақланайлик

Тил офатларидан сақланайлик

Ислом нуқтаи назарида тил Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири ҳисобланади. Тил – инсоннинг жисмонан кичик аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:

أَلَمْ نَجْعَلْ لَهُ عَيْنَيْنِ وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِ

яъни: «Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!» дейди. (Балад, 8-9 оятлар).

Шундай экан, тилнинг фойдаси билан бирга хатари ҳам жуда катта эканини унутмаслик лозим бўлади. Гапни тил гапиради-ю, лекин унинг аламини эса бошқа аъзолар тортади. Тилнинг хатаридан фақат яхши сўзни сўзлаш ҳамда сукут сақлаш билан нажот топиш мумкиндир. Шунинг учун шариатимиз сукут сақлаган кишини кўплаб жойларда мадҳ қилган ва сукут сақлашга тарғиб ҳам қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْروٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: “مَنْ صَمَتَ نَجَا“.

 (رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа, нажот топади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Имоми Молик Р.алайҳ айтадилар: “Кўп гапирадиганлар аёллар ёки ақли заифлар бўладилар”.

Муҳаммад ибн ан Назр айтадилар: كثرة الكلام تذهب بالوقار “Кўп гапиришлик виқорни кетказади”.

عبد الله ابن الخياراللهم سلمنا و سلم المؤمنين مناЯ Роббий, бизларни саломат қил, ва бошқаларни биздан саломат қил” яъни тилимиздан дилимиздан, қўлимиздан ўзгаларни саломат қилгин, биздан бошқалар озор кўрмасин” деб дуо қилар эканлар.

Хорис ибн Сувайтни бирор киши сўкса ёки нотўғри гапирса: “فمن يعمل المثقال ذرة خيرا يره ومن يعمل المثقال ذرة شرا يره

Индамас эканларда мазкур оятни ўқиб индамай кетаверар эканлар.

Мансур ибн Ал Муътаз 40 йил давомида хуфтон намозини ўқиганларидан кейин гапирмаган эканлар.

Рабиъ ибн Ҳайсамнинг қизлари: “отажон ўйнаб келсам майлими?” деди, шунда ота: “Боринг майлию фақат яхши гап гапиринг اذهبي قولي خيرا деган эканлар. Яъни бир қизчаларига айтган гаплари кам гап бўл, кўп гапирмагин деб тавсия қилган эканлар.

Луқмон роҳимаҳуллоҳу таъала ўғлига айтган аканлар: “يا بني اذا التخر الناس بحسن كلامهم فالتخر بصمت “Эй ўғилчам, одамлар ўзларини кўп гапиришлари билан фахрлансалар, сиз эса кам гапиришингиз билан фахр қилинг” деган эканлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак Суфёни Саврийга айтибдилар: “Абу Ҳанифа бунчалар ғийбатдан узоқ, ҳаттоки душманини ҳам ғийбат қилмайдия, чунки у киши ақлли, ўзидан ҳасанотни кетказишни хоҳламайдиларда” дедилар.

Чунки инсон гапирдими хато қилиш эҳтимоли кўпаяди, кераксиз гап гуноҳ бўлиши тайин, демак у иложини борича жим турса , фақат ўзига керакли гапни гапирса, савобли гапларни гапирса, ана ўша одам нажот топади.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг (яхшилашни) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.

Икки жағини орасидаги деганлари тилини тийса, ёмон гапни гапирмаса, иймон эътиқод, савоб фақат яхши гапларни гапиришни кафолатини берса, мен унга жаннатга киришига кафолат бераман, дейдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Муоз ибн Жабалга исломда асос бўлган амаллар ҳақида айтиб туриб: “Мен сенга мана шуларнинг ҳаммасини молики бўлган, устидаги ўркачи бўлган нарсани айтиб берайми?” дегандилар, улар: “Айтиб беринг” дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора Қлиб: “Мана буни тийгин” дедилар. “Эй Аллоҳнинг Росули, биз тилимиздан чиққан нарсага хали хисоб китобимиз бўладими?” деб сўрадилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг сенга аза тутгир, эй Муоз. Билиб қўйгинки, одамларни жаҳаннамга юз тубан қулатадиган нарса тилидир”, дедилар.

Шунинг учун халқимизда: “Ҳар на келса бошингда тилингдан бил” деган мақол бор. Ҳамма нарса тилдан келади. Шунинг учун тилни ниҳоятда эҳтиёт қилиш керак.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Тилдан кўра қамоқда туришга хожатлироқ нарса йўқ” деганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган”.

 Ислом вақтни қадрлайдиган дин. Мўмин бандани ҳар бир сонияси қимматли бўлиш билан бирга унга сармоя келтириш керак, охиратни фойдасини келтириш керак. Беҳуда гап ана ўша қимматбаҳо сармояни, бемаъни, хеч қандай манфаатсиз сарфлашдан иборат бўлади.

Машойиҳларимиз айтадиларки: “Аллоҳнинг зикрини қўйиб, беҳуда гап билан машғул бўлган одам, жавҳарни тарк қилиб, тезакни олган билан баробар” дейдилар.

Айтилибдики: “Субҳаналлоҳ десанг, тарозинг палласи савобга тўлади, Валҳамдулиллаҳи валлоҳу акбар десанг, осмон билан ерни ораси миқдорича сени савобингга тўлади, мана бу гавҳар олишинг учун. Мана буниси эса, фойдасиз, беҳуда гап Аллоҳнинг зикрини қилмай ўтирганга дейилса, “бўпти мана шуни оламан” деб тезакни олган билан баробар экан.

Ҳазрати Али РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида айтадиларки: من حسن اسلام المرء تركه ما لا يعنيه “Инсоннинг исломининг гўзаллиги ўзига бефойда бўлган нарсани тарк этишидадир”.

Шу ҳадисни муҳаддис уламолар ва бошқа уламолар жамланиб: “Исломнинг мадори бўлган тўрт ҳадисдан бири шу ҳадисдир” деб таъриф беришган.

Ҳатто имом Шофъий айтган эканларки: “Шу тўртта ҳадисдан бошқа Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтмасалар ҳам, дунёга етиб ортиб ҳам қолар эди” деганлар.

Яъни ўзигаям, қўшнисигаям оиласигаям, юртигаям, инсониятгаям хеч қанақа фойдаси йўқ гапларни гапириб бекор лаққиллаб ўтириш, вақтни кесади. Мана шундай гапларни тарк қилган инсонни, демак исломи гўзал деса бўлар экан.

 Афсуски биз мусулмонлар бу нарсани билмаймиз, шундай ҳадис борлигини ҳам кўпимиз билмаймиз.

 Демак биз нима қилишимиз керак экан, ўзимиз учун бефойда бўлган нарсалардан, хусусан бефойда гаплардан, фойдасиз суҳбатлардан ўзимизни олиб қочиб, илм, зикр, қуръон, элга, юртга, халқимизга, инсониятга фойдали бўлган нарсалар билан машғул бўлишимиз керак экан.

 Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди”, дедилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: “Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз, дейдилар”.

Ҳақиқат шу, тилдан бир оғиз куфр сўзи чиқса тамом, бутун жасад куфрга айланади. Тилдан бир оғиз иймон сўзи чиқса, жасад ҳаммаси иймонга тўлади. Бу нарсани бутун вужудимиз билан англаб етишимиз керак.

Буларнинг барчаси кераксиз гапларни гапирганга бўладиган маломатлар, энди гапириладиган гап ёлғон, бўхтон, тухмат, чақимчилик, дилозор гап, сўкиш, ғийбат каби гаплар бўлсачи? Энди бунинг жавобгарлигиям азобга қолишлиги ҳам унинг миқдорига қараб катталашиб бораверади.

Бир улуғ зотдан: “Одам боласининг қанча айби бор экан? деб сўрашди. У зот айтдиларки: “Санаб саноғига етиб бўлмайди. Мен ўзим санаганман 8000 та айб бўлди. Бироқ бир хислат борки у барча айбларни беркитиб туради у хислат тилни тийишдир” деб жавоб берди.

Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг айбини кўрса, унинг обрўсини тўкмасдан, унинг ўзига ёлғиз ҳолида насиҳат қилиши лозим бўлади. Баъзи инсонларнинг “Мен ғийбат қилмаяпман, бу – ҳақиқат”, дейиши мутлақо нотўғридир. Аслида, бу ўринда ҳақиқатни гапиргани учун ғийбат ҳисобланади. Агар ҳақиқат бўлмаганида, туҳмат – бўҳтон бўлар эди.

Ҳадиси шарифда ғийбат ва бўҳтон ҳақида шундай дейилган:

عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ رسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ»؟ قالوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أعْلَمُ، قَالَ: «ذِكْرُكَ أخَاكَ بِما يَكْرَهُ» قِيلَ: أفَرَأيْتَ إنْ كَانَ في أخِي مَا أقُولُ؟ قَالَ: «إنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ، فقد اغْتَبْتَهُ، وإنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ». (رواه مسلم).

яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғийбат нима эканини биласизларми?”, дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Ўз биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. (Шунда:) “Айтингчи, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?”, дейилди. У зот: “Агар сен айтган нарса унда бор бўлса, уни ғийбат қилган бўласан, агар сен айтган нарса унда йўқ бўлса, унга бўҳтон (туҳмат) қилган бўласан”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Демак, бирор бир инсоннинг айбларини унинг йўқлида гапиришга ғийбат дейилар экан. Бу айблар унинг жасади, нафси, ахлоқи, қилган ишлари, айтган сўзлари, кийиниши, уйи, оиласи, болалари, ота-онаси, насл-насаби ва шу каби унга тегишли бўлган барча нарсаларга алоқадор бўлган айблардир. Мана шу айбларни унинг йўқлигида зикр қилиш ғийбат ҳисобланади.

Бирор кимса ҳақида ёлғон тўқиб гапиришга эса бўҳтон дейилади. Ғийбат – гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканида ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиши лозим”, деган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ

яъни, “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Эй, мўминлар!” деб, сиз ва бизга хитоб қилмоқда. Демак, комил мўминликни даъво қилар эканмиз, биз бундай гуноҳлардан – ғийбат ва бўҳтондан сақланишимиз лозимдир. Акс ҳолда, бундай киши мўминлик мезонини бузиб, фосиқлик қилган бўлади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أنسٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لَمَّا عُرِجَ بي مَرَرْتُ بِقَومٍ لَهُمْ أظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ بها وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ فَقُلْتُ: مَنْ هؤُلاءِ يَا جِبرِيلُ؟ قَالَ: هؤُلاءِ الَّذِينَ يَأكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ في أعْرَاضِهِمْ!». (رواه أَبُو داود

яъни, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда, мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?”, дедим. У: “Булар (дунёда) одамларнинг гўштларини еб, уларнинг обрўларини тўкадиганлар”, деди” дедилар.

Бу ҳадис бизга ғийбатчининг қиёмат кунги аҳволи нақадар аянчли эканидан дарак беради. Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:

عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنِ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِى بَيْتِهِ».(رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

яъни, Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло унинг айбини қидиради ва агарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб,) шарманда қилади”, дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Муҳтарам жамоат! Аслида, ислом дини одамларнинг айбини очишга эмас, балки беркитишга буюрган. Бундан мақсад гуноҳлар тарқалишининг олдини олишдир. Чунки одамлар гуноҳлар ҳақида такрор-такрор эшитаверса, шу ишга уларнинг табиати ўрганиб қолади ва бунинг натижасида шу гуноҳларни оддий қабул қиладиган бўлиб қолишади.

Ислом динимиз одамларни бирдамликка тарғиб қилади. Ғийбат ва бўҳтон эса жамият аъзолари ўртасида ҳиқду-ҳасад ва адоват уруғини сочади ҳамда ижтимоий алоқаларни заифлаштириб, бузиб юборади. Ҳатто баъзи ҳолатларда бу нарса турли фитна ва қон тўкилишгача олиб бориши мумкин.

Нафақат ғийбат қилишнинг ўзи ҳаром қилинган, балки ғийбатни тинглаш, ғийбат мажлисларида қатнашиш ҳам ман қилингандир. Аксинча, мусулмон кишининг бирорта биродари ғийбат қилинаётган бўлса, уни ҳимоя қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ ابْنِ أُمِّ عَبْدٍ يَقُولُ: مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَنَصَرَهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا خَيْرًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَ مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَلَمْ يَنْصُرْهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ شَرًّا… (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ

яъни, Ибн Умму Абд (Абдуллоҳ ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло бу сабабли, уни дунё ва охиратда яхши мукофотлайди. Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилмаса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда ёмон жазолайди” (Имом Бухорий ривояти).

Ғийбат қилувчи киши золим, ғийбат қилинган эса мазлум бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб беради. Яъни, золимнинг савобидан мазлумга олиб берилади ёки мазлумнинг гуноҳларидан золимга юклатилади. Банда қиёмат куни ўзининг дунёда қилган яхши амалларини ўзга кишининг номаи аъмолида, айниқса, дунёда ўзи ёқтирмай, ўзи ғийбат қилган кишининг номаи аъмолида кўриши қанчалар аянчлидир.

Ғийбатнинг сабаблари:

Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзилари қуйидагилар:

  1. Аччиғини тўкиб солиш. Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.
  2. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб қувватлаш. Таниш билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўришни ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича, “одамгарчилик” деб ўйлайди. Аслида, гуноҳга шерик бўлган бўлади.
  3. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш. Мисол учун, “фалончи жоҳил, фаҳми йўқ” деб, ўзини илмли ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.
  4. Ҳасад. Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб обрўсини тўкиш пайидан бўлади.
  5. Ўйин кулги ва ҳазил. Одамларни кулдириш ва даврани қиздириш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.

Ғийбатга рухсатли узрлар:

  1. Зулм кўриш. Зулмга учраган киши то ҳақини олгунча золимнинг зулми ҳақида гаприш ва шикоят қилишга ҳақли. Имом Буҳорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ҳақ эгасининг гапи бор”, деганлар.
  2. Мункарни ўзгартириш вагуноҳкорни тўғри йўлга солиш. Хусусан, раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш ғийбатга кирмайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат хисобламаганлар.
  3. Фатво сўрашда. Бир киши муфтийнинг ҳузурига келиб: “Фалончи менга зулм қилди ёки ҳақимни бермаяпти, уни қандай қилиб олсам бўлади?” деса, ғийбат бўлмайди. Айбдорнинг номини ҳам айтиши мумкин. Аммо, фалон ишни қилган одамнинг ҳукми нима бўлади, , қабилида номини айтмай ишора билан гапирилса, яна ҳам яхшироқ бўлади. Бунга мисол Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утба эридан шикоят қилиб, уни “бахил” деб атаганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлар.
  4. Мусулмонларни ёмонликлардан огоҳлантириш учун бировни гапириш мумкин. Мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас у зот: “Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон оғаси ёки уруғининг қандоқ ҳам ёмон ўғли”, дедилар. У кирганда эса, унга мулойим гап айтдила. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, айтган гапингизни айтдингизу, кейин унга мулойим гапирдингиз”, дедим. “Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир”, дедилар.

Уламоларимизниг таъкидлашича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан унинг ҳақида сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида ўзига эшиттирмасдан мазаммат сўзини айтганлар. Ул зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.

  1. Никоҳ ва омонат қўйиш масаласида бировнинг ҳақида маслаҳат сўралган одам маслаҳат сўровчига борини айтса, гуноҳ бўлмайди.
  2. Айби лақабига айланиб қолган кишининг лақабини айтиш ҳам жоиз. Мисол учун ўтган машҳур кишилар ичида Аъмаш/ шилпиқ, ва Аъраж / чўлоқ лақабли зотлар бўлишган.
  3. Очиқ ойдин фосиқлик қилган кишининг эсланиши ғийбат бўлмайди.

Ғийбатнинг давоси:

Аввало, ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.

Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.

Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холий билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Инсон фарзандининг жисмида тўрт жавҳар борки, тўрт нарса бу жавҳарни кетказиб туради. Жавҳарлар қуйидагилар: 1. Ақл. 2.Дин. 3.Ҳаё. 4.Солиҳ амал.

  1. Ақлни ғазаб кетказади.
  2. Динни ҳасад кетказади.
  3. Ҳаёни таъма кетказади.
  4. Солиҳ амалларни ғийбат кетказади.

Ғийбатнинг каффороти:

Ғийбатчи ғийбати билан икки ҳаққа нисбатан жиноят қилган бўлади:

  1. Аллоҳ таолонинг ҳаққига, чунки, у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
  2. Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сўраш ва пушаймонини билдириши лозим. Уламолар: унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак, деганлар. Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳақига истиғфор айтади.

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак” “Уккоша” жоме масжиди имом-хатиби

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*