Яхшиғина бой бир кўр киши ҳар вақт бозорға чиқиб, ҳар хил нарсалар олурди. Лекин кўзи кўрмағанлиғи учун яхши-ёмонни айира олмас эди. Яхши деб ўйлаб олған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар эди. Бир куни кўзининг пардасини олдурмоқ учун бир дўхтирни уйиға чақирди. Дўхтир келиб, кўзини пардасини олди. Бир неча кундан сўнгра кўзи очилуб, уйидағи нарсаларни кўрмоққа бошлади. Бозордан олғон нарсаларининг ҳар бири кўзиға ёмон кўринди.
Боруб: «Сан маним уйимдаги нарсаларимни олуб, ўрниға ёмон нарсалар қўйибсан», — деб дўхтирнинг этагидан тутди.
Дўхтир: «Йўқ, биродар! Аввал сан кўр эдинг. Бозордан олган нарсаларингни барчаси ёмон нарсалар эди. Сан они билмас эдинг. Эмди кўриб, аларнинг ёмонлиғини билдинг», — деб жавоб берди.
Ҳисса: Нодон киши шул кўрға ўхшайдир. Яхши деб ўйлаған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар бўлур. Илм дўхтирға ўхшайдир. Ўқиған кишиларнинг кўзларини очар. Сўнгра ёмон ишларнинг ёмонлиғини билиб, ондан ўзларини тортурлар.
Мунавварқори Абдурашидхонов. “Адибус-соний”