Амир Саид ибн Ос розияллоҳу анҳу рамазон ойида кишиларга таом улашар экан. Бир зиёфатдан кейин кишилар кетгач, унинг ҳузурида қурайшлик бир йигит қолди.
Саид унга: “Менда бирор ҳожатинг бўлса керак”, деди.
У йигит: “Ҳа, Аллоҳ амирни ислоҳ қилсин!” , деди.
Саид шамни ўчириб, унга: “Нима ҳожатинг бор?”, деди.
Йигит: “Мўминлар амири (халифа)га менинг қарзим борлиги ва уй-жойга муҳтож эканим ҳақида билдириб мактуб ёзиб берсангиз”, деди.
Саид: “Қарзинг қанча”, деб сўради. У қарзини қанчалигини ва уй-жойнинг ҳам нархини айтди. Саид унга айтилган пулни бериб деди:
“Мана буни ол. Биз сени сафар машаққатидан озод қиламиз. Халифанинг ҳузурига бориб ўтирма”, деди.
Одамлар “Саиднинг у йигитга етарли мол берганидан кўра, сўраш пайтида юзидаги хорликни кўрмаслик учун шамни ўчиргани гўзалроқ бўлган”, дейишади.