Бош саҳифа » Мақолалар » Чекишни ташлаш йўли

Чекишни ташлаш йўли

Бир киши Шайх Холид Жубайрининг олдиларига келиб: “Эй устоз, мен Роббимни ғазаблантирадиган барча иллатларимдан воз кечдим, фақат чекишни ташлай олмадим”, деди. Шайх унга: “Бу одатингдан ҳам қутилишни истайсанми?” дедилар. У одам: “Албатта, устоз, мен барча йўлларини қилиб кўрдим, аммо барибир ташлай олмадим”, деди. Шунда Шайх: “Ҳар бир чекканингдан сўнг ўрнингдан туриб, агар бир оз олдин таҳорат олган бўлсанг ҳам яна яхшилаб таҳорат оласан. Кейин ихлос билан икки ракат намоз ўқийсан”, деди. Бир неча кун ўтиб ҳалиги киши шайхнинг олдиларига хурсанд бўлган ҳолда келди. Шайх ундан: “Нега ҳурсандсан?!” деб сўрадилар. У одам: “Мен бир кунда ўттиз марта чекардим. Энди чекиш учун биттасини лабимга илаштираман деб турганимда шайтон келиб: “Нима эсингни едингми? Бир кунда ўттиз марта намоз ўқимоқчимисан?” деб васваса қилди. Шунинг учун бир кунда ўттизтани ўрнига бешта чекдим, иккинчи куни учтага тушди. Бир ҳафта ичида чекишдан бутунлай қутилдим”, деди. Унинг сўзларини эшитиб турган шайх: “Аллоҳга қасамки, бундай бўлади деб ўйламагандим. Демак ҳар бир чекиш учун икки ракат нафл намоз!” дедилар.

Сизчи? Сизнинг ҳам қўлингиздан барча иллатлардан қутилиш, чекишни ташлаш, ундан тавба қилиш келадими? Қутулмоқчимисиз?

Агар чекишдан қутилишингиздан мақсадингиз фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлсагина қайта чекмаслигингизга кафолат. Агар уялгандан, моддий зарарни ўйлаб, соғлиқни ўйлаб ташлаган бўлсангиз яна чекмаслигингизни кафолат йўқ. Кўпчилик ўша ниятда бир неча бор ташлаб, қайта яна чекворган. Ароқ ичишми, зино қилишми, қимор ўйнашми, ўғриликми, бошқа кўнгил ўрганган ҳаром нарсаларнинг барчасида бир хил иш, ҳолат юз берган. Бу одамлар тажрибасидан ўтган. Ҳар бир нарса Аллоҳ учун бўларкан унга сабр-тоқат, нажот ва бардошни бергувчи Аллоҳни ўзи бўлади.

Ривоят қилинишича Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу ҳар тун кечаси таҳажжуд намозини ўқир эканлар. Бир куни таҳажжудга туролмай, одатларини канда қилиб қўйганларига хафа бўлиб куни билан афсусланиб юрибдилар. Ўша куни тунда ухлаб ётсалар таҳажжуд вақтида бир одам келиб туртиб-туртиб: “Хой туринг, таҳажжуд вақти бўлди”, деб уйғотибди. Шундоқ уйғонсалар бир киши тепаларида турибди, уни танимадилар. Бўлмаса бу зот саҳоба пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийларига котиб бўлган киши. “Кимсиз? Мен сизни танимадим, нега мени таҳажжудга турғазяпсиз?” десалар. У: “Мен иблисман”, деди. Улар: “Ия, нега сен Иблис бўласан, иблис бўлсанг намоздан қолдиришни ўрнига намозга тургазяпсан, уйғотяпсан?” десалар. У: “Сиз кеча таҳажжуд намозини ўқиёлмаганингиз учун кундузи билан афсусдан йиғлаб юрганингизга Аллоҳ таоло Сизга бир неча баробар таҳажжудни савобини бериб юборди. Мен учун Сизни кундузи билан туролмаганингизга йиғлаб юрганингиздан таҳажжудни ўқиганингиз яхши экан. Шунинг учун уйғотдим”, деган экан. Аллоҳ Қуръони Каримнинг Ясин сурасида: «Албатта шайтон сизларга очиқ душмандир», деб марҳамат қилган. Шайтон қандай бўлмасин инсонни йўлдан оздириш, хайрли амалдан қайтариш, жаҳаннам сари йўллашда бор илму ҳунарини ишга солади.

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом-хатиби

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*