Бош саҳифа » Илм » Жума хутбаси ва таҳиййатул масжид намози

Жума хутбаси ва таҳиййатул масжид намози

САВОЛ. Имом жума мавъизасини қилиб турган пайтда нафл намоз ўқиса бўладими? Умумай, масжидга кирганда ўқиладиган нафл намоз ҳақида маълумот берсангиз.

Содиқов Мухаммадсамиъ, Тошкент.

ЖАВОБ. Масжидга кирганда ўқиладиган нафл намозни Таҳиййатул масжид (“таҳиййат” саломлашиш, сўрашиш маъносидадир)- намози дейилади. Ушбу икки ракатли намозни адо этиш суннат. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

“Қайси бирингиз масжидга кирса, икки ракат нафл намоз ўқимай ўтирмасин”, деганлар.

Ҳанафий мазҳаб бўйича, мазкур намоз фарз намоз ўқилмаётган ва намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақтларда адо этилади. Масжидга тез-тез кириб турадиган киши таҳиййат намозини бир кунда бир марта ўқиса, кифоя. Киши масжидга кириб ушбу намозни ўқимай ўтириб қолса ҳам, уни адо этиш зиммасидан соқит бўлмайди, деган мазҳаблар ҳам бор. Улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

“Эй Абу Зарр, ҳар масжиднинг таҳиййати бор, унинг таҳиййати икки ракат намоздир. Ўрнингдан туриб уни ўқиб ол”, деган сўзларини далил қиладилар.

Таҳиййат ўқишга таҳоратсизликдан ёки бошқа сабабдан имконият бўлмаса, “Субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейилиши суннатдир.

Абу Ҳурайра (ролияллоҳу анҳу) ривоят қилган юқоридаги ҳадисни далил қилиб баъзи олимлар таҳиййат намозини ўқишни вожиб дейишган. Лекин ҳанафий мазҳаби уламолари унинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.

Энди бевосита жума мавъизаси асносида таҳиййатул масжид ёки бошқа нафл намозлар ўқиш масаласига келадиган бўлсак, бунда ихтилоф бор. Сабаби фиқҳий китобларимизда мазкур вақтда намоз ўқишни ҳаром дейилган. Шунинг учун аввало хутбанинг нима эканига аниқлик киритиш лозим. Бизнинг диёримизда жума намозидан олдин имом қиладиган мавъиза хутба ҳисобланмайди. Хутба жума намозининг фарзидан олдин имом ўртасини қисқа ўтириш билан ажратадиган ҳамду сано ва тиловатлардан иборат амалдир.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жума куни азондан аввал қилинадиган мавъиза пайтида намоз ўқиш жоиз. Аммо унй имомга ва намозхонларга халақит бермайдиган ўринларда адо этиш мақсадга мувофиқ.

Жавобни Тошкент шаҳар “Имоми Термизий” жомеъ масжиди имом-хатиби
Салоҳиддин МУҲИДДИН тайёрлади.

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*