90- ФАТВО
Намознинг фарзларидан бири — бу қибла, яъни Маккаи мукаррама шаҳридаги Каъба (Байтуллоҳ) томонга юзланиш. Макка аҳолиси учун қибла Каъбанинг ўзига бевосита ва билвосита юзланиш, деб иттифоқ қилинган. Аммо Маккадан узоқда яшовчи мусулмонлар олдинги пайтларда юлдузлар ва бошқа тахминлар асосида қиблани аниқлаганлар ва масжидлар қибласини ҳам шунга кўра белгилаганлар. Масалан, бизнинг диёримиз учун Шайх Абу Мансур Мотуридий (қуддиса сирруҳ)нинг қибла тўғрисида берган фатвоси асос қилиб олинган. Ул зот шундай деган эканлар: «Ёзнинг энг узун кунида Қуёш ботган жойни белгилаб қўй! Сўнгра қишнинг энг қисқа куни Қуёш ботган жойни ҳам аниқлаб, белгилаб қўй! Шу икки аломат ўртасидаги оралиқни учга бўлиб, ўнг томонингга икки ҳиссасини, чап томонингга бир қиссасини тақсимлаб, ўртасига юзлангсанг, шу қибладир».
«Қозихон»
Изоҳ: Ҳозирги илм – фан тараққий этган даврда, фалакиёт ва жуғрофия илмлари чуқур ўрганилиб келинаётган бизнинг асримизда қадим замондаги тахминий маълумотлар билан қаноатланиш маъқул эмаслигини ҳисобга олиб, ҳозирги вақтда фақат компас ва қибланамо каби асбоблар ёрдамида қиблани аниқлаш тавсия этилади.
91- ФАТВО
Душман, йиртқич, ўғри кабилардан хавфи бор одам хоҳлаган томонига юзланиб намоз ўқиши мумкин. Аммо кемада хавфсиз пайтда фақат Каъба томонга юзланилади.
«Оламгирия»
92- ФАТВО
Бегона жойда қиблани аниқлаёлмай турганида икки киши қибла бу ёқда деб гувоҳлик берса, қаралади — агар у иккиси шу жойлик бўлса, сўзларига амал қилиш шарт. Борди-ю, улар бу ерлик бўлмаса, сўзларига парво қилмай, ўзининг ижтиҳоди (қасди) билан бир томонни қибла деб эътиқод қилган ҳолда намозини ўқийверади. Кейин қибла бошқа тарафда экани маълум бўлса ҳам, ўқиган намозини қайта ўқимайди.
«Қозихон», «Оламгирия», «Хулоса»
93- ФАТВО
Чуқур ертўла, баланд тоғ ва қирларда ҳам Каъба томонга юзланиб ўқиш жоиз. Зеро, Каъбанинг қибла ҳисобланиш ҳудуди Ернинг еттинчи қаватидан осмоннинг еттинчи қаватигачадир. Шунинг учун Каъба томида ўқилган намоз ҳам жоиз, дейилган.
«Оламгирия», «Мушарот»
94- ФАТВО
Бегона жойдаги масжидга кириб, меҳроби бўлмагани учун қиблани аниқлай олмасдан бир томонни қибла деб қасд қилиб ўқигандан кейин қиблада адашгани маълум бўлса, сўрамагани учун намозни қайта ўқийди. Адашмаган бўлса, намози дуруст.
«Оламгирия», «Қозихон»
95- ФАТВО
Бир киши саҳрода қиблани бир томонга қасд қилиб намоз ўқиб турганида бошқа бир одам келиб қиблани қасд қилмай шак билан унга иқтидо қилиб намоз ўқиди. Кейин қиблага тўғри юзланганлари маълум бўлса иккисининг намози ҳам дуруст. Аммо қибла хато чиқса, имомнинг намози дуруст, қасдсиз иқтидо қилган кишининг намози нодуруст.
«Оламгирия», «Хулоса»
96- ФАТВО
Қайси намозни ўқишга киришаётганини дилида ният билан идрок этиб туриши шарт. Масалан, биров бехос «Қайси намозни ўқияпсан» — деб сўраб қолса, ҳеч ўйланиб ўтирмасдан тўғри жавоб қила олса, қилган нияти ҳисобга ўтади. Неча ракъатлигини ҳам ният қилиши яхши, лекин шарт эмас. Фарздан бошқа намозларда фақат намоз ўқишни ният қилишнинг ўзи кифоядир.
«Оламгирия», «Шарҳи Виқоя», «Қозихон»
97- ФАТВО
Имом мабодо бошқа намозхонларга имомлик қилишни эмас, якка намоз ўқишни ният қилса ҳам унга иқтидо қилганларнинг намози дуруст бўлаверади. Аёлларга имомлик қилганда эса, ният шарт.
«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит»
98- ФАТВО
Имомга иқтидо қилиш ният қилинади. Имом «такбири таҳрима»ни айтмай туриб иқтидони ният қилса ҳам жоиз дейилган. Лекин имом «Аллоҳу акбар» дегандан сўнг иқтидони ният қилиш афзалдир.
«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит»
99- ФАТВО
Агар «шу турган Абдуллоҳ исмли имомга иқтидо қилдим», — деб ният қилиб намоз ўқигандан кейин имом Абдуллоҳ эмас, Насруллоҳ экани маълум бўлиб қолса зарари йўқ.
«Оламгирия», «Табйин»
100- ФАТВО
Намозни фарз деб ўқиётган бўлса-ю, «Фарз» сўзининг маъносини билмаса ёки намознинг фарз эканини билмай ўқиб юрган бўлса ўқиган намози дуруст бўлмайди.
«Оламгирия», «Куня», «Қозихон»
101- ФАТВО
Намоз бошланганда келган намозхон имомнинг фарз ёки таровеҳ ўқиётганини билмагани учун «Агар хуфтон намози бўлса иқтидо қилдим. Таровеҳ намози бўлса иқтидо қилмадим», — деса, намози дуруст бўлмайди, гарчи хуфтон ўқилаётган бўлса ҳам.
«Оламгирия», «Хулоса»
102- ФАТВО
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) сўзига кўра, аср намозининг қазосини пешин намозининг қазоси деб ният қилиш дуруст эмас. Шунингдек, зиммамдаги тўрт ракъат қазосини ўқийман, деб ният қилиши ҳам дуруст эмас. Яна бир кеча-кундуз ичида бир вақт намозни ўқиёлмаган бўлса, унинг аниқ қайси намоз эканини тайин қилиб кейин қазосини ўқиши керак. Агар эслай олмаса беш вақт намознинг ҳаммасини қайтадан ўқиши керак.
«Қозихон», «ал – Мунтақо»
103- ФАТВО
Намозни бошида фарз деб бошлаб, кейин намоз давомида нафл ўқияпман, деган ният билан ўқиб тамомласа ёки бошида нафл деб ният қилиб, намоз давомида фарз ўқияпман, деган ният билан ўқиб тамомласа намоз бошидаги нияти эътиборга олинади.
«Қозихон»
104- ФАТВО
Пешин вақти чиққанидан бехабар пешин намозини ният қилиб ўқиса – намози дурустдир. Зеро, вақт чиқиши билан пешин намозининг қазоси зиммасига тушади. Қазо намозни адо намоз нияти билан ўқиш эса жоиздир.
«Қозихон»
105- ФАТВО
Агар намозхон «такбири таҳрима»ни имомдан олдин айтиб қўйса, имомга иқтидо қилган бўлса, намози дуруст эмас. Иқтидо қилмаган бўлса якка ўқувчи сифатида намозни бошлаган бўлади.
«Оламгирия», «Муҳит»
106- ФАТВО
Намоз қиёмида узрсиз бир оёқда туриб ўқиш макруҳдир. Агар узри бўлса зарари йўқ.
«Оламгирия», «Жавҳара», «Сирожия»
107- ФАТВО
Намозда аврат ҳисобланадиган аъзоларни ўзгалардан беркитиш фарз. Аммо намозхоннинг ўзидан беркитиши шарт эмас. Масалан, лозимсиз узун куйлак кийиб ўқиётган киши энгашиб рукуъ қилганда ёқадан авратига кўзи тушса намози бузилмайди.
«Оламгирия»
108- ФАТВО
Фарз намозларини заруратсиз бузиш жоиз эмас. Зарурат деганда бирор киши сувга ғарқ бўлаётган, йиртқич ҳайвон ҳамла қилаётган, ёрдам сўраб чақираётгани каби ҳолатлар назарда тутилган. Нафл намозларда намозда эканини билмаган одам чақирсагина намозни бузиб жавоб қилинади. Намоз ўқиётганини билиб туриб ота-онасидан бири чақирса ҳам жавоб бермаслиги мумкин.
«ал – Фатҳ ар – Раҳмоний»
109- ФАТВО
Намозда аврати очилиб кетса, дарҳол ёпиб олса зарари йўқ. Аммо бир рукн миқдорида очиқ қолдирса намози бузилади.
«Оламгирия»
110- ФАТВО
Эркак киши кўйлак, лозим, салла билан намоз ўқиши мустаҳаб ҳисобланади. Аммо фақат бир узун кўйлак билан ўқиса ҳам макруҳ эмас. Лекин бир лозимнинг ўзи билан ўқиши макруҳдир.
«Оламгирия»
111- ФАТВО
Намоз учун кийим, бадан, жойнамоз пок бўлиши шарт. Уларда бир дирҳам миқдорида нажосат бўлса намоз бузилади. Кийимида бир дирҳам миқдоридан ортиқ ғализ нажосат борлигини кўриб қолди. Лекин қачондан бери шундай эканини билмайди. Шу кийим билан ўқиган бирор намозини қайтадан ўқимайди.
«Оламгирия»
112- ФАТВО
Кийимдаги нажосат билан жойнамоздаги нажосатни қўшганда дирҳам миқдорича бўладиган бўлса намозни бузмайди.
«Оламгирия», «Хулоса»
113- ФАТВО
Агар калиш ёки унга ўхшаш осон ечиладиган оёқ кийимини ечиб, устига оёқларини қўйиб намоз ўқиса зарари йўқ. Бунда оёқ кийимининг ости пок ёки нопоклигининг дахли йўқ.
«Оламгирия»
114- ФАТВО
Қатнов йўл устида, молхона, ахлатхона, қассобхона (қушхона), ғуслхона, ҳаммом, қабристон каби жойларда ва Каъба томида намоз ўқиш макруҳдир. Яйлов, бўрё, гилам каби нарсалар устида намоз ўқишнинг зарари йўқ.
«Оламгирия», «Қозихон»
115- ФАТВО
Тўққизта вақт борки, ўша пайтларда қазо намози, жаноза, тиловат саждаси жоиз, лекин нафл намоз ўқиш жоиз эмас: Бомдод намозининг — фарзидан олдин (суннати бундан мустасно), фарздан кейин то Қуёш чиққунга қадар, аср намозидан кейин шомгача, шом намозидан олдин, жумъа намозининг (арабча) хутбаси пайтида, икки ҳайит намозининг (арабча) хутбаси пайтида, Қуёш, Ой тутилганда ўқиладиган намоз хутбаси ўқилаётганда.
«Қозихон»
116- ФАТВО
Макруҳ вақтларда нафл намозини бошлаб қўйган одам намозни бузиши ва кейин қазосини ўқиши керак.
«Қозихон»
117- ФАТВО
Икки вақт намозини қўшиб бир вақтда ўқиш бизнинг ҳанафий мазҳабимиз бўйича фақат икки жойда жоиз: Биринчиси — арафа куни Арафотда пешин билан асрни пешин пайтида, иккинчиси — Муздалифада шом билан хуфтон намозлари хуфтон вақтида кетма-кет ўқилади. Аммо шофиий мазҳабида сафар, касаллик, ёмғир каби узрлар билан мазкур намозларни жам қилиб бир вақтда ўқилаверади.
«Қозихон»
118- ФАТВО
Сажда қилишга пешонаси ва бурнида узри бўлса, юзини ёки иягини ерга текказиб сажда қилиши жоиз эмас. Бундай одам ўтирган ҳолда сажда нияти билан боши билан имо-ишора қилади.
«Оламгирия», «Хизона»
119- ФАТВО
Намозда қилган жаҳрий қироатни энг ками — ўзидан бошқа кишига эшиттириб ўқиш, махфий ўқишнинг энг ками – ўзига эшиттириб ўқишдир. Мабодо ҳарфларни тили билан ўз жойидан чиқариб тўғри ўқиса-ю, ўзига эшиттирмаса қироат қилган ҳисобланмайди. Шунга кўра, жонлиқ сўйганда айтиладиган «басмала», талоқ иборалари, қасамдаги истисно, савдолашувдаги келишув сўзлари ҳам лоақал гапирувчининг ўзига эшитилиши шарт.
«Мухтасар», «Оламгирия», «Муҳит», «Сирожия»
119- ФАТВО
Бомдод намозининг биринчи ракъатида қироат миқдорини иккинчи ракъатдагидан узун қилиш суннатдир. Имом Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) сўзига кўра, барча намозларда ҳам биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин узун, иккинчисида қисқароқ сура зам қилиш мақбулдир. Фатво ҳам шунга берилган.
«Оламгирия», «Зоҳидий», «Татархония»
120- ФАТВО
Иккинчи ракъат замсурасининг микдори биринчи ракъатда ўқилган замсурадан уч ёки ундан ортиқ бўлса макруҳ ҳисобланади. Агар уч оятдан кам бўлса макруҳ эмас.
«Оламгирия», «Хулоса»
121- ФАТВО
Фарз намозларнинг ҳар икки ракъатида «Фотиҳа» сураси билан бирга бутун бир сурани ўқишлик афзалдир. Агар биринчи ракъатда суранинг айрим оятларини, иккинчи ракъатида бошқа оятларини ўқиса, баъзи уламолар бу макруҳ десалар, бошқалари макруҳ эмас, дебдурлар.
«Оламгирия»
122- ФАТВО
Бир ракъатда бир неча сураларни ўқиб, улар орасидан бир ёки кўпроқ сурани қолдириб ўқиса, бу макруҳ. Аммо икки ракъатда ўқиганида эса, ўртада бир неча сура қолдирса макруҳ эмас, бир сура қолдирса макруҳдир. Баъзи уламолар ўртада қолдирилган бир сура узун бўлса макруҳ эмас дебдурлар. Шунингдек, ўртада икки кичик сура қолдирилса ҳам макруҳ эмас. Баъзи уламолар, ўртада сура қолдириб ўқиш мутлақо макруҳ эмас, ҳам деганлар. Аммо суннат ва нафл намозларда суралар орасида сура қолдириб ўқиш мутлақо макруҳ эмасдир.
«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса»
123- ФАТВО
Намозда Қуръони каримни хатм қилган қори охирги ракъатда «Фотиҳа» сураси билан яна хоҳлаган жойидан оятларни ўқиб тугатиши тавсия этилади.
«Оламгирия», «Хулоса»
124- ФАТВО
Намозда «етти қироат»нинг қайси бири асосида ўқиса жоиз, лекин одамларни таажжубга соладиган ғариб, шозз қироатларни ўқимагани маъқул.
«Оламгирия», «Татархония»
125- ФАТВО
Намозхоннинг тили баъзи ҳарфларни ўз махражидан чиқара олмайдиган бўлса, ўша ҳарфлар учрамайдиган оятларни ўқиши керак бўлади. Агар шундай оятлар учрамаса, ноилож ўқийверади. Лекин тили келмайдитан ҳарфлар учрамайдиган оятлар бўлатуриб, қийин оятларни ўқиса намози дуруст бўлмайди.
«Оламгирия», «Қозихон»
126- ФАТВО
Намозда ўқиган оятлари орасидан бирор ҳарф ёки калима (сўз) тушиб қолса, қаралади — агар бу билан маъно ўзгариб кетадиган бўлса, намоз бузилади. Маъно ўзгармайдиган бўлса намоз ҳам бузилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит»
127- ФАТВО
Ўқиган оятлари орасига бирор ҳарф қўшиб ўқиса ҳам қаралади — агар бу билан оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса намоз бузилади. Ўзгармаса бузилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса»
128- ФАТВО
Агар оятдаги бир калима ўрнига бошқа калимани ўқиб қўйса, қаралади — агар Қуръонда бор калималардан бўлиб, маъноси ҳам қолдирилган калима маъносига яқин бўлса намоз бузилмайди. Масалан: «ал-Ҳаким» ўрнига «ал-Алим» ўқигани каби. Борди-ю, Қуръонда йўқ калимани ўқиб қўйса, Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ)лар наздида агар маъноси қолдирилган калима маъносига яқин бўлса намоз бузилмайди. Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) наздида эса намоз бузилади. Масалан: «Таввобин» ўрнига «тайёбин» ўқигани каби. Борди-ю, мазкур калима Қуръонда ҳам йўқ, маъноси ҳам яқин келмаса бил-иттифоқ намоз бузилади. Маъноси эътиқод жиҳатидан куфр саналадиган сўзларга алмаштириб ўқиб қўйса ҳам намоз бузилади.
«Оламгирия», «Хулоса»
129- ФАТВО
Агар қироатда фарзанд нисбатини бегона отага бериб ўқиб қўйса ва у ном Қуръонда йўқ ном бўлса бил-иттифоқ намоз бузилади. Қуръонда келган номлардан бўлса, Имом Муҳаммад ва барча машойих уламолар наздида бузилмайди. Аммо Исо (алайҳиссалом) бундан мустасно. Масалан: Қироатда «Исо ибн Луқмон» деб ўқиб қўйса намоз бузилади. Лекин «Мусо ибн Исо» деб ўқиб қўйса намоз бузилмайди.
«Оламгирия», «Важизи Кардарий»
130- ФАТВО
Намоздаги қироатда оят калималаридаги ҳаракат белгиларини (зер-забарни) хато ўқиб қўйса намоз бузилмайди.
«Оламгирия»
Изоҳ: Магар маъно бузиладиган бўлса намоз ҳам бузилади.
131- ФАТВО
Фарз намозларни жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатлар сирасига киради. Уни беузр тарк этиш гуноҳ ҳисобланади. Лекин бир неча узр саналган ишлар борки, улар туфайли масжидга ва жамоатга чиқмаслик жоиз ҳисобланади. Масалан, бемор, оёқлари шол бўлган, кексалик туфайли бедармонликка учраган, кўзи ожиз кишилар жамоатга чиқмасдан уйларида ўқишлари мумкин. Шунингдек, ёмғир, йўлнинг лойлиги, қаттиқ совуқ ҳаво, қалин қоронғулик, тундаги шамол кабилар ҳам узр ҳисобланади.
«Оламгирия», «Сирожул – ваҳҳож»
132- ФАТВО
Бурҳониддин Марғиноний (раҳимаҳуллоҳ) сўзларига кўра, «ҳавойи фикр ва бидъат эгалари» деб номланувчи фирқаларнинг айрим ашаддийларига иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз эмас. Масалан: равофиз, жаҳмий, қадарий, мушаббиҳа, Қуръон — махлуҳ деб эътиқод қилувчиларга иқтидо қилинмайди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, имомликка ўтувчи фирқа вакили эътиқодида куфрга сабаб бўладиган ақида бўлмаса кароҳияти бўлса-да, иқтидо қилиш жоиздир. Масалан Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг Маккадан Масжиди Ақсога қилган сайрлари (исро)ни инкор этувчи фирқадан бўлса, унга иқтидо қилинмайди. Зеро у (исро) маъноси аниқ оят билан собит бўлган. Аммо Ақсо масжидидан осмонларга қилган сайрлари (меърож)ни инкор этадиган фирқалардан бўлса, унга иқтидо қилиш жоиз. Зеро, меърож «занний далил» (аниқ бўлмаган далил) билан собит бўлган.
«Оламгирия», «Табйин», «Хулоса»
133- ФАТВО
Таҳоратга доир узрли кишилар бир-бирларига иқтидо қилишлари жоиз. Лекин узрлари бир хил бўлиши шарт. Масалан, доимий равишда ел чиқиш касалига чалинган одам доимий сийдиги томиб турувчи кишига иқтидо қилиши жоиз эмас.
«Оламгирия», «Баҳрул – роиқ», «Табйин»
134- ФАТВО
Аъробий, кўзи ожиз, қул, валади зино ва фосиқ кишилардан бири имом бўлиб намоз ўқилса, унга иқтидо қилиш жоиз, лекин кароҳияти бор.
«Оламгирия», «Хулоса»
Изоҳ: Валади зинога иқтидо қилиш кароҳиятининг сабаби – одамлар ўртасида шов – шув гапларнинг пайдо бўлиш хавфидир.
135- ФАТВО
Эркак кишининг аёлларга имом бўлиб намоз ўқишининг шартлари — уларга имомлик қилишни ният қилиши ва хилват жойда бўлмаслигидир. Аммо аёлларнинг ҳаммаси ёки айримлари имомга маҳрам бўлса хилватда ўқишлари ҳам жоиз. Лекин, фақат аёллар жамоатига имом бўлиб ўқишнинг кароҳияти бордир. Жумъа ва ҳайит намозларида имомга иқтидо қилган аёлларга имомликни ният қилмаса ҳам жоиздир. Аммо эркак кишининг аёлга иқтидо қилиши мутлақо жоиз эмас.
«Оламгирия», «Ниҳоя», «Хулоса», «Ҳидоя»
136- ФАТВО
Аёллардан бири имомлик қилган ҳолда хоҳ фарз, хоҳ бошқа намозларни адо этишлари макруҳдир. Жаноза намози бундан мустасно. Жамоат билан намоз ўқиган тақдирда ҳам имомликка ўтган аёл олдинга чиқиб олмай биринчи саф орасида тургани яхши, дейилган. Аслида аёллар якка ҳодда намоз ўқиганлари афзалдир.
«Оламгирия», «Хулоса»
137- ФАТВО
Намоз қироатига яраша Қуръон сураларидан ўрганиб олиш ҳаммага фарзи айн бўлганидек, саводсиз киши ҳам намозда ўқилиши фарз бўлган миқдорида қироатни тўғри ўқишга кечаю кундуз ҳаракат килиши керак бўлади. Агар ҳаракат қилмаса Аллоҳнинг ҳузурида узрли саналмайди. Тоқати борича ҳаракат қилса ҳам тўғри талаффуз билан ўқиёлмаса, намозни ўқийверади. Хато ўқилган қироати узрли ҳисобланади. Қироати дуруст одам қироати узрли кишига, қироати узрли одам соқовга, кийимли одам кийимсизга, масбуқ масбуққа, лоҳиқ лоҳиққа, ердаги одам отлиққа иқтидо қилишлари жоиз эмас.
«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса»
138- ФАТВО
Имом билан унга иқтидо қилувчи (муқтадий) ўртасида юпқа девор бўлса ёки қалин бўлса ҳам овоз ўтказадиган тешикчалар қўйилган бўлса, улар орқали имомнинг энгашаётган, тураётган ҳаракатлари кўриниб турса ёки такбирлари эшитилиб турса намози жоиздир.
«Оламгирия», «Муҳит»
Изоҳ: Шунга қараганда ҳозирда масжид ҳудудида, лекин имомдан олисда алоҳида хоналарда сафдан ажралган ҳолда имомга иқтидо қилиб намоз ўқишлар, овоз кучайтиргичлар орқали имомнинг ҳолати билиниб тургани учун жоиздир.
139- ФАТВО
Ҳовлиси масжидга қўшни бўлган одам ўз уйида туриб масжид имомига иқтидо қилишининг шарти — ўртада қатнов йўлининг бўлмаслиги ёки бўлса ҳам йўл узра саф тортилиб уни тўлдириб турган бўлишидир.
«Оламгирия», «Татархония»
140- ФАТВО
Имомга иқтидо қилувчи бир эркак ёки намозни тушунадиган ёшга етган норасида (сағир) бўлса имомнинг ўнг ёнида туриб намоз ўқийди. Агар чап томонида туриб ўқиса, намози жоиз бўлса-да, ёмон иш қилган бўлади. Якка одам имом ортида туриб иқтидо қилса ҳам намози дуруст бўлади. Лекин кароҳияти бўлиш-бўлмаслигида уламолар икки хил хулосага келганлар.
«Оламгирия», «Муҳит», «Бадое»
141- ФАТВО
Иқтидо қилувчи икки эркак бўлса, имомнинг ортида туришлари лозим. Борди-ю, имомнинг икки ёнида туриб ўқишса ҳам намозлари жоиздир.
«Оламгирия»
142- ФАТВО
Агар турли жинс ва ёшдаги намозхонлар бир жамоатда бўлиб қолсалар, имом орқасидаги сафларга катта ёшдаги эркаклар, уларнинг ортидаги сафларга норасида ўғил болалар, уларнинг ортидаги сафга хунасалар туриб, улар ортидан аёллар, улар ортидан норасида қизлар саф тортгайлар.
«Оламгирия», «Шарҳи Таҳовий»
143- ФАТВО
Аёлларнинг масжидга қатнаб эркаклар жамоатига қўшилиб намоз ўқишлари макруҳдир. Кекса ёшдаги аёлларнинг бомдод, шом, хуфтон намозларига келишлари бундан мустасно. Лекин «Кофий» китобида: «Бузғунчилик туфайли бугунги кунда аёлларнинг барча намозларга келиши макруҳ, деб фатво берилди» дейилган.
«Оламгирия», «Кофий», «Табйин»
144- ФАТВО
Эркаклар сафига кириб намоз ўқиган битта аёл учта эркак кишининг намози бузилишига сабаб бўлади: ўнг, чап ва орқа томонидаги намозхонлар. Бошқаларнинг намози бузилмайди. Иккита аёл тўртта кишининг намозини бузади: ўнг, чап ва орқадаги икки киши. Учта аёл бўлса уларнинг икки ёнидаги икки киши билан бирга аёлларнинг ортидаги уч киши билан яна саф охиригача уч нафардан кишиларнинг намози бузилади.
«Оламгирия», «Табйин», «Татархония»
145- ФАТВО
Иқтидо қилган одам «Аттаҳийёт»дан кейинги салавот ёки дуони ўқиб бўлмасдан туриб имом салом бериб юборса, у ҳам салом бериб намоздан чиқаверади. Рукуъ ва саждадаги тасбеҳларни уч марта айтмай туриб имом бошини кўтарса, муқтадий ҳам унга тобе бўлиб бошини кўтараверади.
«Оламгирия», «Қозихон»
146- ФАТВО
Имомдан олдин рукуъдан ёки саждадан бошини кўтариб юборган одам дарҳол рукуъ ва сажда ҳолатига қайтиши лозим. Бу билан рукуъ ёки саждани икки бор қилган бўлмайди.
«Оламгирия», «Хулоса»
147- ФАТВО
Намозда шундай бешта амал борки, уларни имом бажармаса муқтадий ҳам бажармайди — икки ҳайит намозидаги қўшимча такбирлар, уч, тўрт ракъатли намозлардаги биринчи қаъда (ўтириб «Аттаҳийёт» ўқиш), тиловат саждаси, саждаи саҳв, дуои қунут. Яна тўрт амал борки, имом бажарса ҳам муқтадий бажармайди — бирор саждани ортиқча қилса, ҳайит намозидаги такбирлар сонига қўшса, жаноза намозида 5-такбир айтса, бешинчи ракъатга саҳван туриб кетса. Агар имом эсига тушиб, 5-ракъатга сажда қилмай туриб қайтиб салом берса, муқтадий ҳам бирга салом беради. Борди-ю, имом сажда қилса, муқтадий унга қўшилмайди, балки салом беради. Имом бешинчи ракъат саждасини қилмай туриб муқтадий салом бериб қўйса, ҳар иккисининг намози ҳам бузилади.
«Оламгирия», «Важизи Кардарий», «Хулоса»
148- ФАТВО
Намозга кеч келиб қўшилган киши (масбуқ), агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса «таҳрима такбири»ни айтиб иқтидо қилади. Лекин «сано» ўқимайди. Намоз охирида қолган қисмини ўқиш олдидан сано билан «аузу»ни ўқиб қироат қилади. Имом товушсиз қироат қилаётганда иқтидо қилган одам «сано» ўқийди. Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) «Аузу»ни санодан кейин ҳам, қироатдан олдин ҳам ўқийди, деган эканлар.
«Оламгирия», «Важиз», «Заҳирия», «Қозихон»
149- ФАТВО
Масбуқ имом салом бериши биланоқ қолган қисмини ўқиш учун туриб кетмай, имом бошқа суннат ёки нафл намозга туриб кетишини ёки меҳробдан юз ўгириб кетишини кутиб туради. Зеро, имом саждаи саҳв қилиб қолиши эҳтимоли ҳам бўлиши мумкин.
«Оламгирия», «Баҳрур – роиқ»
150- ФАТВО
Имом охирги қаъда (ўтириш)да «Аттаҳийёт»дан кейинги салавот ва дуоларни ўқиётганида масбуқ фақат «ташаҳҳуд»ни ўқийди. Вақти ортиб қолса, «ташаҳҳуд»ни такроран ўқийди, яъни «ашҳаду алло илоҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ»ни қайта-қайта ўқиб туради. Масбуқ «Аттаҳийёт»ни бир марта секин-аста, чўзиб ўқиб, имом билан бирга тугатишга ҳаракат қилади, деган уламолар ҳам бор.
«Оламгирия», «Важиз», «Қозихон» «Хулоса»
151- ФАТВО
Тўрт ракъатли намоз тугагач, қавм имомга: «Уч ракъат ўқидингиз», — деса, имом: «тўрт ракъат ўқидим» деса, қаралади. Имом шубҳасиз, ишонч билан ўз сўзида туриб олса, намоз қайта ўқилмайди. Акс ҳолда қавмнинг сўзи эътиборга олиниб, намоз қайта ўқилади.
«Оламгирия», «Қозихон»
152- ФАТВО
Агар неча ракъат намоз ўқилгани тўғрисида намозхонлар ўртасида тортишув пайдо бўлса, имом қайси томонга қўшилса, ўша томоннинг сўзи эътиборга олинади, гарчи имом қўшилган томонда фақат бир киши бўлса ҳам.
«Оламгирия», «Қозихон»
153- ФАТВО
Намозни тик туриб ўқийдиган киши узр билан ўтириб ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз бўлганидек қомати рост киши букри кишига иқтидо қилиши жоиздир.
«Қозихон»
154- ФАТВО
Имом қавмдан ўрта бўйли одам баробарида баланд жойда намоз ўқиши макруҳдир. Аксинча, имом пастликда, қавм тепаликда ўқисалар макруҳ эмас. Бу Имом Кархийдан нақл қилинган.
«Қозихон», «Наводир»
155- ФАТВО
Имомнинг икки оёғи меҳробдан ташқарида бўлиши керак. Аммо намозхон кўплигидан издиҳом ҳосил бўлган бўлса, имом меҳроб ичига кириб ўқиши ҳам жоиз.
«Қозихон»
156- ФАТВО
Муқтадийнинг бўйи имомга қараганда узунроқ бўлиб саждада имомдан олдинроқ жойга сажда қилса ҳам намози дуруст. Зеро, муқтадийнинг оёқлари имом оёқларидан олдинга ўтиб кетмаслиги шарт. Аммо боши саждада ўтиб кетса, зарари йўқ.
«Қозихон»
157- ФАТВО
Намозга кечроқ келган киши имомни рукуъда турганда топса, тик турган ҳолда «такбири таҳрима»ни айтиб, сўнгра рукуъга энгашиши керак. Борди-ю, энгашган ҳолда такбир айтса намози дуруст бўлмайди.
«Қозихон»
Изоҳ: Зеро, такбири таҳрима тик ҳолда айтилиши шарт. Энгашган ҳолда айтилган такбир на таҳрима ва на рукуъ учун ўтмайди.
158- ФАТВО
Имом рукуъда турганида иқтидо қилган киши тик ҳолда рукуъ учун такбир айтса ҳам «такбири таҳрима» учун айтган ҳисобига ўтади. Аммо «таҳрима» учун бир такбир, рукуъ учун яна бир такбир айтса янада яхши.
«Қозихон»
159- ФАТВО
Биринчи «қаъда»да муқтадий «Аттаҳийёт»ни ўқиб бўлмасдан имом учинчи ракъатга туриб кетса, у билан бирга туриб кетмасдан «абдуҳу ва расулуҳ»гача ўқиб, сўнгра туриши керак. Аммо намоз охирида «Аттаҳийёт»дан кейин салавот ёки дуони ўқиб бўлмасидан олдин имом салом бериб юборса, муқтадий ҳам билан бирга салом бераверади.
«Қозихон»
160- ФАТВО
Муқтадий витр намозида дуои қунутни ўқиб бўлмай туриб имом рукуъга кетса, қунутни чала қолдириб, у билан бирга рукуъ қилаверади. Борди-ю, қунут дуосини охиригача етказса рукуъдан имом бош кўтариб юбориш эҳтимоли бўлмаса қунутни охиригача ёки улгурган жойигача ўқийди.
«Қозихон»
161- ФАТВО
Имом рукуъдан турган пайтда унга иқтидо қилган киши «такбири таҳрима»ни айтиб, рукуъ қилгач, имом билан бирга икки сажда қилса ҳам шу ракъатни топмаган бўлади. Лекин имом билан ўқиган бошқа ракъатлари дуруст бўлиб, имомдан сўнг ўша қолган ракъатни ўқийди.
«Қозихон»
Изоҳ: Жамоатга кеч келган киши имомни қайси ҳолатда топса, «такбири таҳрима» ни айтиб ўша жойидан бошлаб имом билан намозни давом эттириши лозим. Арконлари бут адо этилган ракъатлар ҳисобга ўтади. Бошқаларининг қазоси ўқилади.
162- ФАТВО
Имом биринчи саждадан бошини кўтармай туриб муқтадий бошини кўтариб имом саждада эканини билгач, бошини саждага қўйса, бу ерда икки масъала бор. Биринчидан, муқтадий имом биринчи саждада деб билган ҳолда бошини қайта қўйишда бу биринчи сажда деб ният қилган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, имомдан олдин бош кўтарганда, имом иккинчи саждага бош қўйган экан, деб билиб қўйган бўлса, яъни иккинчи саждага бош қўйдим, деб ният қилган бўлса, шу пайтда имом бошини кўтариб, иккинчи саждани қилганини ҳам англамаган бўлса, муқтадийнинг намози бузилади. Аммо англаб, иккинчи саждани қўшса намози дуруст бўлади.
«Қозихон»
163- ФАТВО
Ҳайит намозига кеч келиб, имомни рукуъда топса, «такбири таҳрима»ни айтиб, сано айтмай рукуъ қилади ва рукуъдаги тасбеҳлар ўрнига уч такбирни айтади. Зеро, тасбеҳ айтиш — суннат, ҳайит намозининг олтита такбири — вожиб. Иккиси бир вақтга тўғри келиб қолганда вожиб адо этилади.
«Қозихон»
164- ФАТВО
Имом жамоат намози адосидан сўнг суннат ёки нафл намоз ўқимоқчи бўлса имомлик килган жойидан (меҳробдан) бошқа жойга ўтиб ўқиши лозим. Агар жамоатга қараб ўтирмоқчи бўлса, қибланинг ўнги, ўзининг чапи билан айланиши мустаҳаб амаллардандир.
«Қозихон»
Изоҳ: Муқтадийга иштибоҳ бўлмаслиги учун имом бошқа жойга ўтиб олиши ёки ёнига бошқа бир – икки намозхонни чорлаб олиши лозим.
165- ФАТВО
Намозга кеч келган икки масбуқ имом саломидан кейин намознинг қолган қисмини алоҳида мустақил равишда ўқиб олишлари керак. Мабодо бири иккинчисига иқтидо қилса, иқтидо қилганнинг намози бузилади.
«Қозихон»
166- ФАТВО
Масбуқ намоз охирида имом билан бирга саҳван салом бериб қўйса, унга саждаи саҳв лозим бўлмайди. Борди-ю, имомдан кейин салом берса, саждаи саҳв қилади. Зеро, имом саломидан кейин масбуқ мустақил намозхонга айланади.
«Қозихон»
167- ФАТВО
Имом пешин намозини тўрт ракъат ўқиб ўтириб, сўнгра саҳван бешинчи ракъатга турса ва шу пайтда бир киши келиб унга иқтидо қилса, иқтидоси дуруст. Лекин имом бешинчи ракъатга сажда қилиб қўйса, имомнинг фарз намози бузилмайди, чунки у «қаъдаи ахир»га ўтирган. Кейинги ракъатлари нафлга ўтади. Аммо масбуқнинг намози бузилади. Зеро, нафл ўқигувчига фарз ўқигувчи иқтидо қилиши жоиз эмас. Қаъдага ўтирмаган бўлса, ҳаммасининг намози бузилади.
«Қозихон»
168- ФАТВО
Имом шом намозида учинчи ракъат охирида ўтириш ўрнига тўртинчи ракъатга туриб кетса, муқтадий имом сажда қилмай туриб, «ташаҳҳуд»ни ўқиб, салом берса намози бузилади.
«Қозихон»
169- ФАТВО
Масбуқ улгурмай кеч қолган жойини биринчи навбатда ўқиб олиб, сўнгра имом билан қолган қисмини ўқиса намози бузилмайди. Лекин суннатга хилоф иш қилгани учун макруҳ ҳисобланади.
«Қозихон»
170- ФАТВО
Зиммасида саждаи саҳв бўлган имом ҳам, якка ўқувчи ҳам саждаи саҳвдан олдинги ўқийдиган «ташаҳҳуд»дан кейин салавот ва дуони ўқимайди.
«Қозихон»
171- ФАТВО
Имом рукуъда турганида сафга бир номаълум киши келиб қўшилаётганини сезиб, рукуъга улгурсин деб, бир-икки тасбеҳ қўшиб ўқиса зарари йўқ. Аммо унга таниш одам учун рукуъ ёки қироатни чўзиш мумкин эмас.
«Қозихон»
172- ФАТВО
Жумъа куни имом хутба ўқиб турганида бир намозхоннинг ёдига бомдод намозини ўқимагани тушса, дарҳол туриб икки ракъат бомдод фарзини ўқиб олади. Бундай пайтда хутбани тинглаш вожиблиги соқит бўлади. Зеро, хутбадан кейин ўқиб улгурмайди.
«Қозихон»
173- ФАТВО
Намознинг ичида бир ракъат кам ўқигандек туюлиб, шубҳа қилса, эҳтиётан бир ракъат қўшиб қўяди. Аммо намозни ўқиб бўлганидан кейин бирор ракъат кам ўқидим деб шубҳа қилса, намозни қайта ўқимайди.
«Қозихон»
174- ФАТВО
Имомга бир-икки ракъат кейин келиб иқтидо қилган масбуқ имом намозининг охирида салавот ва дуо ўқиб ўтиришини кутса, олдидан одамлар ўтиб гуноҳкор бўлишидан қўрқса, «ташаҳҳуд»ни ўқигач, кутмасдан қиёмга туриб, қолган жойини ўқиши мумкин.
«Қозихон»
175- ФАТВО
Намозда овоз билан ёки ўзи эшитадиган даражада гапириб қўйиш намозни бузади. Бу хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ унутиш билан, хоҳ хатолик юзасидан бўлсин, хоҳ оз, хоҳ кўп сўзласин, барибир намоз бузилади. Овозини чиқармай, фақат тилини қимирлатиб гапирса намоз бузилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит»
176- ФАТВО
Намоз ичида ухлаб қолган пайтида гапирса ҳам намоз бузилади. Баъзи уламолар бунинг аксини айтган бўлсалар-да, лекин намознинг бузилиши амалга татбиқ учун танланган.
«Оламгирия», «Навозил»
177- ФАТВО
Хуфтон намозининг икки ракъатини ўқиб бўлгач, бу таровеҳ намози деб ўйлаб, салом бериб қўйса, шунингдек, пешиннинг икки ракъатидан кейин бу жумъа деб ўйлаб, салом бериб қўйса ёки муқим тўрт ракъатли намознинг икки ракъатидан кейин ўзини сафарда деб ўйлаб, салом бериб қўйса, намозини қайтадан ўқийди. Аммо мазкур ҳолатларда намознинг охири деб ўйлаб салом бериб қўйса, намози бузилмайди, балки давомини ўқиб, охирида «саждаи саҳв» қилади.
«Оламгирия», «Қозихон»
178- ФАТВО
Намоз ўқиёттан кишига намоздан ташқаридаги одам қироатда ёрдам берса, яъни эсига келмай қолган жойини эсига солса ёки хато ўкиган жойини тузатиб қўйса ва бу ёрдамни намозхон қабул қилса, намози бузилади.
«Оламгирия», «Мунятул – мусаллий»
179- ФАТВО
Имом қироатда ёрдамга муҳтож бўлган тақдирда муқтадий дарҳол ёрдам беришга шошилмаслиги лозим, балки ўзига бироз қўйиб бериб, агар ўзи уддасидан чиқмаса ёки сукут сақлаб қолса, шундагина ёрдам бериш лозим бўлади. Лекин имом ҳам, агар намозга яраша қироат қилган бўлса, қавмни ёрдам беришга мажбур қилмаслиги, балки рукуъга кетавериши мумкин.
«Оламгирия», «Муҳит», «Кофий»
180- ФАТВО
Намозда инграса, оҳ тортса ёки овоз билан йиғласа, қаралади — агар жаннат, дўзах каби ухравий нарсаларни ўйлаб шундай қилган бўлса, намози бузилмайди. Борди-ю, оғриқ, касаллик, бирор мусибат туфайли бўлса намози бузилади.
«Оламгирия»
181- ФАТВО
Саждагоҳдаги чанг ёки тупроқни намоз ичида пуфлаб кетказса, қаралади — агар овозсиз ва ҳарфларсиз нафас чиқарган бўлса намоз бузилмайди. Акс ҳолда намоз бузилади.
«Оламгирия», «Хулоса»
182- ФАТВО
Намоз ичида ит, мушук, қўй, эчки каби ҳайвонларни қўриса ёки ўзига чорласа, қаралади — агар ҳарф ҳосил бўладиган овоз билан бўлса намоз бузилади, ҳарфсиз бўлса бузилмайди.
«Оламгирия», «Захира»
183- ФАТВО
Йўталиш, инграш, оҳ тортиш кабилар узр билан беихтиёр бўлса, аксирганда ёки кекирганда гарчи ҳарф чиқса ҳам бузилмаганидек намоз бузилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит»
184- ФАТВО
Намозда қироатга овозини созлаш учун йўталса ёки имом қироатда адашганда уни огоҳлантириш учун ёхуд ўзини намозда эканини билдириш учун йўталса намози бузилмайди.
«Оламгирия», «Табйин»
185- ФАТВО
Намозда қироатни Қуръони карим китобидан ўқиб қилса, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) наздида намоз бузилади. Зеро, Китобни кўтариб туриш, уни варақлаш, унга кўз ташлаш кўп ҳаракатни талаб қилади. Кўп амал ва ҳаракат эса, намозни бузувчи омиллардан. Шунга кўра, агар Китобни бирор нарса устига қўйилса, варақламаса ёки меҳроб деворига ёзилган битикдан ўқиб қироат қилса намоз бузилмайди. Лекин Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг намоз бузилишига яна бошқа далили ҳам бор. У ҳам бўлса Китобдан ўқиш — бу таълим олиш, ўрганиш демакдир. Бу эса, намознинг амалларидан эмас. Демак, Китобни кўтариб ўқийдими ёки қўйилган ҳолда ўқийдими баробардир. Қайси ҳолатда бўлса ҳам намоз бузилади. Шу жавоб саҳиҳ деб топилгаи. Аммо Абу Юсуф ва Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ)лар наздида намозда Қуръон китобидан ўқиб қироат қилиш жоиз. Яна Қуръонни ёд билувчи киши Китобдан ўқиб қироат қилса намози бузилмайди, дебдурлар.
«Оламгирия», «Кофий»
186- ФАТВО
Меҳроб деворига фиқҳ каби Қуръондан бошқа нарсалар ёзилган бўлиб, намозхон уни маъносини тушиниб ёки тушунмаган ҳолда ўқиса Имом Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ)дан бошқа мужтаҳидлар намоз бузилмайди, деганлар.
«Оламгирия», «Табйин», «Захира», «Ҳидоя»
187- ФАТВО
Намозда кераксиз иш ва ҳаракат (амали касир) қилиб қўйса намоз бузилади. Унинг миқдори тўғрисида уч хил таъриф бор. Биринчиси — икки қўл билан қилинадиган ишлар. Масалан: салла ўраш, кўйлак кийиш, иштон боғини боғлаш, камондан ўқ отиш. Аммо кўйлак ёки шалварни ечиш, дўппи кийиш ёки уни ечиш каби бир қўл билан қилинадиган ишларни икки қўл билан бажарса ҳам намоз бузилмайди. Иккинчиси — намозхон ўзини кўп иш қилиб юборгандек сезса, шунинг ўзи «амали касир»дир, деган ривоят бор бўлиб, у Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) раъйларига ҳам яқиндир. Учинчиси — намозхоннинг ҳаракатларини узоқдан кўрган киши у намоздан ташқарида деб билса. Аммо шак қилса ҳисоб эмас. Бу таъриф кўпчилик уламолар томонидан маъқулланган.
«Оламгирия», «Табйин», «Қозихон», «Хулоса»
188- ФАТВО
Намоз ичида бир саф миқдорида юрса намози бузилмайди. Агар икки саф олдинга юрмоқчи бўлса, олдин биринчи сафгача юриб бориб, бироз тўхтаб, сўнгра иккинчи сафга юриб бориши керак. Бирданига икки саф микдорида юрса намози бузилади.
«Оламгирия», «Қозихон»
189- ФАТВО
Намозда юзнинг ўзини у ёқ-бу ёққа бурса, гарчи макруҳ бўлса-да, намоз бузилмайди. Аммо кўкраги билан бирга бурилса, намоз бузилади.
«Оламгирия», «Зоҳидий»
190- ФАТВО
Намоз ичида илон ва чаён ўлдирса намоз бузилмайди. Аммо ҳеч кимга зиён етказмаслик эҳтимоли бўлса, уларни ўлдиришга ҳаракат қилиш макруҳдир. Кимгадир азият етказиш хавфи бўлганда эса, уларни масжид ичида қувиб юриб, ҳатто имомнинг олдидан ўтиб бўлса ҳам ўлдириш жоиз.
«Оламгирия», «Навозил», «Хулоса», «Муҳит»
191- ФАТВО
Агар намозда бир вақтнинг ўзида уч марта тош отса ёки бит, бурга, чивин кабиларни ўлдирса ёхуд соқоли ё сочининг уч толасини биттадан юлса намози бузилади. Агар тошни қулочини кенг очиб, кучининг борича отса бир мартада ҳам намоз бузилади.
«Оламгирия», «Заҳирия», «Ташархония»
192- ФАТВО
Намозда туриб учта сўз ёзса намоз бузилади. Ундан кам бўлса бузилмайди. Агар ҳавога ёки ўз баданига бармоғи билан ёзса уч сўздан кўп бўлса ҳам намоз бузилмайди.
«Оламгирия», «Хулоса», «Сирожия»
193- ФАТВО
Намознинг бир рукнида уч марта қўлини кўтариб юзи, бўйни каби жойларни қашиса намози бузилади. Аммо қўлини бир кўтарганича уч марта қашиса намози бузилмайди. Лекин намозда беузр қашиниш макруҳдир.
«Оламгирия», «Хулоса»
194- ФАТВО
Намозда имомнинг оёқларидан кўра муқтадийнинг оёқлари олдинга ўтиб кетса, муқтадийнинг намози бузилади.
«Қозихон»
195- ФАТВО
Аёл киши намозда боласини эмизса, намози бузилади. Агар бола ўзи келиб, уч марта эмса, сут чиқса ёки чиқмаса ҳам намоз бузилади. Бир-икки марта эмганида сут чиқмаса намоз бузилмайди.
«Қозихон»
196- ФАТВО
Намозхондан ташқаридаги одам бирор нарса сўраса ёки унга савол берса, у боши билан «ҳа» ёки «йўқ» ишорасини қилса намози бузилмайди.
«Қозихон»
197- ФАТВО
Намозда туриб, чироқнинг пилигини кўтарса (ҳозирги пайтда лампа ўчиргичини босса) намози бузилмайди.
«Қозихон»
198- ФАТВО
Намозда аёл кишининг бошидаги сочидан тўртдан бир қисмининг очилиб қолиши билан намоз бузилади. Лекин бу миқдор унинг қулоқлари устидаги қисмидан ҳисобланади. Қулоқларидан пастга осилиб турган қисмининг очилиб қолиши намозни бузмайди. Аммо эркаклар назари тушишининг тақиқланишида қулоқ устидаги билан остидаги сочлар баробардир.
«Қозихон»
199- ФАТВО
Имом Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) сўзига биноан аёл кишининг оёқ болдирлари намозда аврат ҳисобланмайди. Билаклари эса, қорни билан баробардир. Абу Юсуф билан Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)лардан яна шундай ривоят борки, намозда аёл кишининг билаклари ҳам аврат саналмайди. Яъни, икки билаклари очиқ ҳолда ўқиган намози дуруст ҳисобланади.
«Қозихон»
200- ФАТВО
Намоз ичида таҳорати синиб қолган киши таҳоратини янгилаб келиб, намозининг қолган қисмини давом эттириб ўқиши мумкин. Лекин таҳоратга доир ишлардан бошқа иш қилиб қўйса ёки истинжо қилаётганда аврати очилиб қолса намози бузилади. Шунинг учун намоз ичида таҳорати синган киши бошидан қайта ўқигани афзалдир.
«Мухтасар», «Қозихон»
МИНГ БИР ФАТВО (2-қисм)
Мусаннифлар:
Шамсиддинхон БОБОХОН
Шайх Абдулазиз МАНСУР
«Ўзбекистон миллий эндиклопедияси» Давлат илмий нашриёти
Тошкент — 2005