Бош саҳифа » Илм » Қироат ва тадаббур

Қироат ва тадаббур

Қуръон қироати қоридан икки нарсани – тажвид ва тадаббурни талаб этади. Биринчиси ҳар бир Қуръон ўқувчига фарзи айн бўлса, иккинчиси вожибдир.

Дастлаб Қуръонни тажвид билан ўқиш ҳақида.

Пайғамбаримиз айтадиларки:

“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадисда Куръонни ўрганувчи ва ўргатувчилар умматнинг энг яхшилари экани айтилаётган бўлса, бир ояти каримада тиловат барча ибодатнинг аввалида саналган: “Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни қоим қиладиган ва Биз уларга ризқ килиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ этадиган…” (Фотир, 29)

Ҳар соҳада бўлгани каби, Қуръон қироат килишнинг ҳам қонун-қоидаси бор. Ана шу қонун-қоидалар тажвид илмида жам қилинган. Тажвидга кўра ўқиш ҳар бир Қуръон ўқувчига фарзи айндир.

Қуръон ўқишнинг қонун-қоидалари билан бирга талаб ва одоблари ҳам бор. Қорининг таҳоратли бўлмоғи, тиловатдан олдин “аъузу” ва “басмала”ни айтмоғи, пок жойда пок кийимлар билан қиблага юзланиб ўтирмоғи, ўқиётганда ўзини виқорли, хотиржам, хушуъли ва тавозуъли тутмоғи, чиройли, тиниқ овозда ўқимоғи ана шу талаб ва одобнинг кўринишларидир. Шу ўринда айтиб ўтмоқ жоизки, айримлар чиройли тиловат қиламан деб овозларини мусиқий оҳангга солиб юборишади. Аслида, тиловатнинг чиройи Қуръонни ғам билан ўқишдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни чиройли овозда ўқиган одам сиз унинг қироатини эшитганингизда уни Аллоҳдан қўрқяпти деб ўйлаган кишингиздир”, деганлар (Ибн Можжа ривояти).

Парвардигоримизнинг бизга раҳмат, шифо ва дастуруламал қилиб индирган каломининг қадрига етиш ана шу нуқтадан — қироат қоидаларига амал қилишдан, одобларини ўрнига қўйишдан бошланади.

Энди тадаббур – оятлар маъносини англаш, тушуниш ҳақида.

Қуръони Карим бизга фақат тиловат қилиш учун индирилмаган, балки уни тушуниб, тафаккур қилишимиз учун, қалбларимиз таскин ва ором олиши учун, англаганларимизга амал қилиб, ҳаёт тарзимизни ўнглашимиз учун нозил қилингандир. Бу ишларнинг ҳаммаси тадаббур билан бўлади. Айрим уламолар бу борада “Тадаббурсиз қироат қироат эмас”, деган қоидани ҳам ўртага ташлашган. Зеро, Қуръон лафз ва маънолари билан нозил бўлган. Аллоҳ таоло Сод сурасининг 29-оятида: “(Эй Мухаммад) Ушбу Қуръон одамлар оятларини тадаббур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз сизга нозил қилган муборак Китобдир”, дейди. Яна бир оятда мўмин бандаларини васф этиб: “Уларга Парвардигорларининг ояти эслатилган вақтда у (оятларга) гунг ва кар ҳолларида ташланмайдилар” (Фурқон, 73) деб айтади.

Қуйидаги ҳадис ҳам тадаббур ва тафаккурнинг вожиблигига далолат қилади. Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: Убайд ибн Умайр билан Ойишанинг (розияллоҳу анҳо) ҳузурларига кирдик. Ибн Умайр: “Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрганингиз бир ажойиброқ нарсани сўзлаб беринг”, деди. Шунда Ойиша (розияллоҳу анҳу) йиғлаб юборди ва айтдики: “У зот бир кечаси туриб: “Эй Ойиша, мени холи қўй, Роббимга ибодат қиламан”, дедилар. Мен: “Худо ҳаққи, мен сизнинг ёнингизда бўлишни яхши кўраман, шунингдек, сизни хурсанд қиладиган нарсани ҳам яхши кўраман”, дедим. Кейин туриб, таҳорат олдилар, сўнг намозга киришдилар. Йиғлайвердилар, ҳатто ёноқлари ҳўл бўлиб кетди. Яна йиғлайвердилар, ҳатто ер ҳўл бўлиб кетди. Билол намозга азон айтгани келди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йиғлаганларини кўриб: “Эй Расулуллоҳ, сиз ҳам йиғлайсизми? Ваҳоланки, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечирган-ку!” деди. Шунда у зот айтдилар: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми? Бу кеча менга шундай оятлар тушдики, ким уларни ўқиб, улардаги нарсани тафаккур қилмаса, унга вайл бўлсин!” дедилар, сўнг “Осмонлар ва ернинг яралишида…” оятини охиригача ўқидилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу хабарлар салафи солиҳларимизнинг ҳаётига қандаи таъсир қилганига назар ташласак, Аллоҳнинг оятларига бизнинг қай ҳолда ташланаётганимиз ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади.

Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) қироатни бошлади дегунларича йиғлашга тушардилар, ўзларини тутиб туролмасдилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) Мадинаи мунаввара кўчаларини айланиб юриб, бир қорининг “Албатта, Парвардигорингизнинг азоби воқеъ бўлгувчидир. Унинг дафъ қилгувчиси йўқ”, оятини ўқиганини эшитиб: “Каъбанинг Роббига қасамки, бу ҳақ қасамдир”, дея деворга суяниб қолганлар ва бир ой касал бўлиб ётганлар.

Мазҳабимиз имоми Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳар гал Такосур сурасининг “Сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш машғул қилди”, оятини ўқиганларида, ўша маломат қилинган одам менман, деб йиғлар эканлар…

Сўнгги сўзимиз шуки, Қуръоннинг лафзларига ва маъноларига эътибор берайлик. Аллоҳ салафи солиҳларимизнинг йўлини бизга ҳам берсин.

Пўлат СУЛТОН

“Ҳидоят” журнали, 2000 йил, 1-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*