Бош саҳифа » Таржимаи ҳол » Шошлик олимлар (ал-Ансоб)

Шошлик олимлар (ал-Ансоб)

Ал-Одамий الآدمي

Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Одам ал Одамий аш-Шоший Шош аҳлидан. Боболарининг исмлари Одам бўлганлиги учун бу кишига «ал-Одамий» нисбати берилган. Илм талабида Ироқ ва Ҳижозда бўлганлар. Ҳабиб ибн Муғира аш-Шоший, Ҳомид ибн Довуд аш-Шоший, Убайдуллоҳ ибн Восил ал-Бухорий, Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Идрис арРозий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Муқридан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад аш-Шоший, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ал-Ғаззол ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Иштиханий ҳадис ривоят қилганлар.

Ал-Усбоникатий الأسبانيكتي

Усбоникат Мовароуннаҳрдаги шаҳар бўлиб, Исфижоб яқинида жойлашган.

Абу Наср Аҳмад ибн Зоҳир ал-Усбоникатий шу шаҳардан бўлиб, адиб, фозил, ишончли муҳаддис эдилар, қалблари яхши амаллар қилишга мойил эди. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Бухорий ал-Устоздан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Саъд ал-Идрисий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар ва: «Аҳмад ал-Усбоникатий Самарқандда яшар эдилар. Ҳижрий 360 (милодий 972) йилдан кейин Самарқандда вафот этганлар», – деганлар.

Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Фақиҳ ал-Усбоникатий ҳам шу шаҳардан бўлиб, юқорида номлари зикр қилинган адибнинг жиянлари. Бу киши фақиҳ, фозил ва ҳисоб (математика) илмига моҳир эдилар. Самарқанд олимларидан таълим олиб, фақиҳ бўлганлар. Кейинчалик ўз шаҳарлари Усбоникатга жўнаб кетганлар. Самарқандга келиб, тижорат билан ҳам шуғулланар эдилар. Ҳижрий 370 (милодий 981) йилдан кейин Усбоникасда вафот этганлар.

Абул Ҳасан Саъид ибн Ҳотам ал-Фақиҳ ал-Усбоникатий Самарқандда яшардилар. Шайх, фозил, тақводор, парҳезкор ва фақиҳ эдилар. Самарқандда узоқ муддат истиқомат қилганлар. Ўғиллари Ҳасан шу ерда туғилган. Самарқандда Шофеъий мазҳаби фақиҳи Абул Ҳасан ар-Раҳбийдан таълим олганлар. Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Саъд Абдураҳмон ал-Идрисий таълим олганлар. Ҳижрий 380 (милодий 991) йилдан олдин турк юртларига чиқиб кетиб, кейинчалик Усбоникатга қайтиб келганлар ва шу ерда вафот этганлар.

Зафар ибн Лайс ал-Усбоникатий Исфижоб шаҳридан. Фақиҳ ва муҳаддис эдилар. Қози Муҳаммад ибн Асламдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 320 (милодий 933) йилдан кейин вафот этганлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Суфён ал-Усбоникатий ал-Фақиҳ аш-Шофеий Насафда анча муддат ҳоким бўлганлар. Парҳезкор, тақводор, покиза ва фозил ҳоким эдилар. Бу киши ҳақларида Абу Саъд ал-Идрисий «Тарихи Насаф» китобларида зикр қилиб, шундай деганлар: «У киши фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳасан ал-Форисийдан таълим олганлар. Шофеъий мазҳабининг йирик фақиҳларидан эдилар. Шош муфтийси фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Закариёдан эшитдим. У: «Абу Бакр ал-Форисийнинг бирорта шогирди ундан фиқҳ ва калом илмини Абу Бакр ал-Усбоникатийдай яхши ўрганган эмас. Агар кишилар девор орқасидан Абу Бакр ал-Усбоникатийнинг овозини эшитсалар, Абу Бакр ал-Форисий гапиряпти деб ўйлар эдилар», – деган эди. Ҳижрий 375 ёки 376 (милодий 986 ёки 987) йили Суғдда вафот этганлар.

Ал-Ийлоқий الإيلاقي

Ийлоқ (Оҳангарон водийси) – Шошдан ўн фарсах узоқликдаги шаҳар. Бу ерга келганлар бундан сўлим ва тоза шаҳарни кўрмаганлар. Сув водийдан келган. Унинг тоғларида тилла ва кумуш бор. Бу ердан кўп олим ва имомлар етишиб чиққанлар. Уларнинг машҳурларидан:

Абу Рабиъ Тоҳир ибн Абдуллоҳ ал-Ийлоқий буюк фиқҳшунос эдилар. Марвда Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Марвазий, Нишопурда Абу Тоҳир Муҳаммад ибн-Маҳмаш аз-Зиёдий ва Бухорода олим Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Ҳалиймий қўлларида фиқҳ илмидан таълим олганлар. Шош аҳли бу кишидан фиқҳ илмидан таълим олган. Абу Наим Абдулмалик ибн Ҳасан ал-Азҳарийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 465 (милодий 1073) йили 96 ёшда вафот этганлар.

Фақиҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд ал-Ийлоқий Ийлоқ аҳлидан. Хуросонда Ҳасан ибн Масъуддан, Марвда Ар-Равздан, Нишопурда Муҳаммад ибн Яҳёдан фиқҳ илмидан таълим олганлар. Чиройли сийратли бу киши кўп хайрли иш қилар, кишиларнинг ҳожатларини чиқаришга доимо мойил эдилар. Биз билан Марвга келиб, менинг мадрасамда бир неча муддат яшадилар. Мен у кишидан ҳадисдан дарс олгандим. Ҳижрий 539 (милодий 1145) йилда вафот этганлар ва Синждонда дафн қилинганлар.

Яна шу қишлоқлик Абу Салама Наср ибн Муҳаммад аш-Шоший ас-Суфий ал-Ийлоқий Шошда турардилар. Фозил, яхши хулқли, ҳожи, муҳаддис эдилар. Кишилар бу зотдан ҳадис ёзиб олардилар. Имом ал-Бухорийнинг дўстлари Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Бухорий ва Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шошийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 370 (милодий 981) йилда вафот этганлар.

Ал-Борискатий البارسكتى

Борискат – Шош шаҳарларидан.

Абу Аҳмад аш-Шоший ал-Борискатий шу шаҳардан. Абд ибн Ҳумайд ал-Кешийдан ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абул Фазл ибн Муҳаммад аш-Шоший ҳадис ривоят қилганлар.

Ал-Боробий البارابي

Бороб («Фороб» деб ҳам айтилади) – Сирдарё ортидаги ноҳия.

Абу Закариё Яҳё ибн Аҳмад ал-Адиб ал-Боробий Бороб аҳлидан. Бу киши наҳв илми соҳиби, араб тили билимдони ва адиб эдилар. «Ал-Масодиру фил-луға» («Луғатдаги ўзаклар») китобининг тузувчиси. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ алБухорийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Исбижобда Ҳасан ибн Мансур ал-Муқри ҳадис ривоят қилганлар.

Ал-Бискатий البسكتي

Бискат (ҳозирги Пискент) – Шошдаги таниқли шаҳар. Бу шаҳардан бир гуруҳ уламо етишиб чиққан.

Абу Иброҳим Исмоил ибн Аҳмад ал-Бискатий аш-Шоший фақиҳ эдилар. Илм талабида Марвга келиб, Абу Наср Аҳмад ал-Анмотий ал-Марвазийдан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абу Туроб Исмоил ибн Тоҳир ан-Насафий таълим олганлар. Ҳижрий 400 (милодий 1010) йилдан кейин вафот этганлар.

Ал-Бинкатий البنكتي

Бинкат – Шош қишлоқларидан (Бинкат – Шошнинг ўрта асрлардаги (9–12-асрлар) пойтахти. Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги бинолар тагида қолиб кетган шаҳар харобаси деб ҳисобланади (В.В.Бартольд, М.Е.Массон)).

Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший ал-Бинкатий шу қишлоқдан. Бу киши асли термизлик бўлиб, кейин Бинкат қишлоғида яшаб, шу ерда қолиб кетганлар. Шунинг учун шу нисбат берилган. У киши адабиётни Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад алҚутабийдан ўрганган бўлиб, энг яхши шеърларни ёдлар эдилар. «Ал-Муснад ал-кабир» китобини жамлаганлар. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий, Аббос ибн Муҳаммад адДуварий, Исо ибн Аҳмад ал-Асқалоний каби Хуросон ва Ироқ олимларидан дарс олганлар. Ўзларидан эса Абул Фазл Мансур ибн Наср ал-Коғазий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 350 (милодий 962) йилда вафот этганлар.

Ат-Тункатий التنكتي

Тункат – Шош шаҳарларидан. Сирдарё ортида жойлашган. Бу шаҳардан кўп илм аҳли етишиб чиққан.

Абу Лайс Наср ибн Ҳасан ат-Тункатий шу қишлоқдан. У кишини «Абул Фатҳ» деб ҳам айтганлар. Ғарб мамлакатларида бўлганлар ва Андалусда бир неча муддат яшаганлар. Машҳур тижоратчи ҳам эдилар. У киши ўша ерлик олимлардан дарс олардилар ва Муслим ибн Ҳажжожнинг «Саҳиҳ ул-Муслим» китобидан дарс берардилар. Ўзларидан кўп олимлар дарс олганлар. Умрларининг охиригача Нишопурда яшаганлар. Одамлар сув ичсинлар деб жомеъ масжидида қудуқ қазганлар. Кўп хайрли ишларга бош-қош бўлганлар. Наср ибн Ҳасан аш-Шоший айтадилар: «Бир кун кемада денгизда сайр қилдим. Денгизнинг қирғоғига етиб борганимда, тошдан ясалган, сувдан кўтарилган, аммо қўли эгри бир суратга дуч келдим. Унда: «Бу ердан ўтма, чунки сени чумолилар ейди», – деб ёзилган эди». У киши ҳижрий 406 (милодий 1016) йилда туғилиб, ҳижрий 486 (милодий 1094) йилнинг зулқаъда ойида Нишопурда вафот этганлар ва «Ҳайрат» қабристонида дафн қилинганлар.

Абу Жаъфар Ҳалим ибн Умар ал-Бухорий ат-Тункатий Бухоро аҳлидан бўлиб, Тункат қишлоғида яшаганлар. Имом ал-Бухорийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 313 (милодий 926) йилда вафот этганлар.

Ал-Харашкатий الخرشكتي

Харашкат – Шош шаҳарларидан. Бу шаҳардан кўп олим чиққан.

Булардан Абу Саъид Саъд ибн Абдураҳмон ал-Харашкатий Юсуф ибн Яъқуб ал-Қози, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳазрамийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 340 (милодий 952) йилда вафот этганлар.

Ал-Хумракий الخمركي

Хумрак – Шош шаҳарларидан.

Абу Ражо Муаммил ибн Масрур аш-Шоший ал-Хумракий шу шаҳардан. Бу киши бобом Абул Музаффар ас-Самъонийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 516 (милодий 1123) йили Марвда вафот этганлар. «Наҳру розиқ» қабристонида дафн қилинганлар.

Ад-Дизақий الدزقي

Дизақ (ҳозирги Жиззах) – Самарқанддан Шошга кетиш йўли юқорисидаги катта қишлоқ. Бу қишлоқ Дизақ ёки Собот деб ҳам айтилади. Бу қишлоқдан кўп олим чиққан.

Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ад-Дизақий шулар жумласидандир. Бу киши «Ибн Абу Шуайб» номи билан машҳур бўлганлар. Али ибн Хушрум ал-Мобарсомий ва Абдулмажид ад-Дизақийдан таълим олганлар.

Аз-Захкатий الذخكتي

Захкат Шош шаҳрининг ортида Сирдарё яқинида жойлашган.

Абу Наср Аҳмад ибн Усмон аз-Захкатий шу шаҳарнинг имомларидан эдилар. Кейинчалик Самарқандда яшаб, у ерда Абу Наср Муҳаммад ибн Али ал-Бағдодийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий бу кишидан ҳадис ривоят қилганлар. Самарқандда ҳижрий 506 (милодий 1113) йилда вафот этганлар.

Аш-Шоший الشاشي

Шош (Тошкент) – Сайҳун (Сирдарё) ортидаги шаҳар. Бу шаҳардан кўп мусулмон имом етишиб чиққан.

Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Шуайб аш-Шоший ҳижрий 287 (милодий 901) йили Нишопурда Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Юсуф ат-Тамомий ва Абу Рабиъ Холид ибн Юсуф ас-Самтий, Яъқуб ибн Ҳумайд, Исо ибн Ҳаммод ва Абу Тоҳир Аҳмад ибн Амр ас-Сарҳдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Ҳофиз ва Абу Бакр Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар. Бир куни бир киши Абу Муҳаммад Жаъфар аш-Шошийдан: «Ас-сафъу ҳоррун ав-боридун?» (Юзга шапалоқ уриш иссиқми ёки совуқми?) – деб сўрабди. У киши: «Мо дома фил каффи фаҳува боридун ва изо вақаъа алал важҳи фаҳува ҳоррун» (Модомики кафтингда бўлса, у совуқдир. Агар юзга тегса, унда иссиқ»), – деб жавоб берибдилар.

Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший ал-Адиб адиб эдилар. Асли марвлик бўлиб, Бухорога келганлар. Ҳижрий 234 (милодий 849) йили Бухорода Исо ибн Аҳмад ал-Асқалоний, Исҳоқ ибн Иброҳим ат-Термизий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий ва Аббос ибн Муҳаммад ад-Дуварийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. «Муснад» китобининг муаллифи. Ироқ уламоларидан ҳам таълим олганлар. Ўзларидан Абул Фазл Мансур ибн Наср ал-Коғазий ҳадис ривоят қилганлар. Бухородан Шошга келиб, ҳижрий 335 (милодий 947) йилда Шошда вафот этганлар.

Абдуллоҳ ибн Абу Авона аш-Шоший ҳам Шош аҳлидан бўлиб, Имом ал-Бухорий ва Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Фарёбий шу кишидан таълим олганлар.

Жиянлари Абу Али Фазл ибн Аббос аш-Шоший илм олиш мақсадида Марв ва Ироқда бўлиб, Али ибн Ҳажар ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан таълим олганлар. Ўзларидан эса Шош аҳли таълим олган. Ҳижрий 286 (милодий 900) йилда вафот этганлар.

Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Қаффол аш-Шоший ҳам Шош аҳлидан бўлиб, «Аҳаду аиммат уд-дунё фит-тафсир вал-ҳадис вал-фиқҳ вал-луға» (тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тилшуносликда дунё имомларининг бири) эдилар. Ҳижрий 291 (милодий 905) йилда таваллуд топиб, ҳижрий 366 (милодий 977) йилда вафот этганлар. Бу киши ҳақидаги маълумотни «қоф» ҳарфида ҳам зикр қилдим.

Абу Мусо Ҳорун ибн Ҳумайд аш-Шоший забардаст фақиҳ эдилар. Абул Валид ат-Таёлисий ва Сулаймон ибн Ҳарбдан ҳадис ривоят қилганлар. Шош аҳли у кишидан таълим олган. Абу Ҳотам ибн Ҳиббон айтадилар: «У фақиҳ ул-бадан (жисму жони фақиҳ) эди». «Фақиҳ ал-бадан»нинг маъноси: «Аннаш шахса тамкуну фил-фиқҳи ҳатта ихталата билаҳмиҳи ва дамиҳи ва сора сажийятан фийҳи» (Бир киши фиқҳни қалбига шундай жо қилади. Ҳатто шундай бўладики, фиқҳ унинг жону дили бўлиб қолади). Абу Мусо Ҳорун аш-Шоший ҳижрий 266 (милодий 880) йилда вафот этганлар.

Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад аш-Шерозий ҳам фақиҳ ул-бадан мақомига эга бўлганлар. Бу киши ҳақларида айтилган экан: «Лав фасада Умару лажаро минҳ ал-фиқҳу макона ад-дами» (Агар Умарнинг қон томири очилса, томиридан қон ўрнига фиқҳ илми оқади) «Муъжам ал-булдон».

Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб аш-Шоший кўп ҳадислар билувчи ишончли муҳаддис эдилар. Илм талабида Хуросон, Жибол, Ироқ, Ҳижоз, Кур ал-Аҳвоз, Жазира ва Шошда бўлиб, ҳадислар ёзиб олганлар. Али ибн Хушрум, Исҳоқ ибн Мансур, Ҳасан ибн Муҳаммад ас-Саббоҳ, Амр ибн Абдуллоҳ ал-Удий, Абу Зуръа ар-Розий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Муқри ва Юнус ибн Абдулаълодан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ҳижрий 314 (милодий 927) йили Шошда вафот этганлар.

Аш-Шовкатий الشاوكتي

Шовкат – Шош шаҳарларидан.

Имом-хатиб Абул Қосим Абдулвоҳид ибн Абдураҳмон аш-Шовкатий Самарқанд аҳлидан бўлиб, Шовкатда яшаганлар. «Ҳаким аш-Шовкатий» номи билан машҳур эдилар. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Абдулазиз ал-Бухорий бу кишидан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 494 (милодий 1102) йилнинг жумодул охир ойида 87 ёшдан ўтиб вафот этганлар.

Аш-Шахохий الشخاخي

Шахох – Шош қишлоқларидан.

Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Бухорий аш-Шахохий Шошнинг Шахох қишлоғида яшар эдилар. Имом ал-Бухорийдан, Ужайф ибн Одам ва Убайдуллоҳ ибн Восилдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 323 (милодий 936) йил рабиъул охир ойида Шошда вафот этганлар.

Ал-Ғанножий الغناجي

Ғаннож – Шош четидаги шаҳар.

Шош Мовароуннаҳр шаҳарларидан бўлиб, Самарқанднинг шарқи-шимолида жойлашган.

Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Журжоний ал-Ғанножий асли Журжондан бўлиб, Шошнинг Ғаннож шаҳрида яшаганлар. Шунинг учун «ал-Ғанножий» деб танилганлар. Бу киши ҳақларида Ҳамза ибн Юсуф ас-Саҳмий ал-Ҳофиз «Тарихи Журжон» китобларида зикр қилганлар. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис ривоят қилганлар.

Ал-Форобий الفارابي

Фороб (ҳозирги кунда Ўтрор деб номланади. У Хазар денгизининг шарқий томонида (Абдуллоҳ Умар ал-Борудий)) – Шош юқорисидаги Болосоғун (Сирдарё ортидаги катта шаҳар бўлиб, Кошғар йўлида жойлашган)га яқин шаҳар. Фороб аҳли имом Шофеий мазҳабида эди.

Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Форобий бу нисбат билан машҳурдирлар. «Девон ул-адаб» китобининг муаллифи. Бу киши тилшунос бўлиб, тасниф этган китоблари дунёда машҳурдир.

Ал-Қаффол القفال

Қаффол арабча сўз бўлиб, қулф ясовчи деган маънони англатади.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Қаффол Шош аҳлидан бўлиб, «ал-Қаффол ал-кабир» деб айтилардилар. Ўз асрининг имоми, тилшуноси, усулшуноси, муҳаддиси ва шоири эдилар. Умрларини илм ўрганиш ва олган билимларини ёйишга сарфлаганлар. Номлари Шарқу Ғарбда маълум ва машҳур бўлиб, санади ҳасан бўлган ҳадисларни тасниф қилганлар. Жумладан, «Далоил ун-нубувва» («Пайғамбарлик далиллари») ва «Маҳосин уш-шариат» («Шариат чиройи») китобларини таълиф этганлар. Илм талабида Хуросон, Ироқ, Ҳижоз ва Шомда бўлганлар. Абул Аббос Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Саррож, Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Бағавий, Абу Аруба Ҳусайн ибн Абу Маъшар ас-Суламий ва Абул Жаҳм Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Машғароийдан таълим олганлар. Бу кишидан эса Абу Абдуллоҳ алҲофиз ал-Ҳоким, Абу Абдуллоҳ ибн Манда ал-Ҳофиз, Абу Абдуллоҳ ал-Ғунжор ал-Ҳофиз, Абу Абдураҳмон ас-Суламий ва Абу Саъд ал-Идрисий ҳадис ривоят қилганлар. Ал-Қаффол аш-Шоший ҳақларида айтилган экан:

هذا أبو بكر الفقيه القفال

يفتح بالفقه صعاب الأقفال

Ҳаза Абу Бакр ал-Фақиҳ ал-Қаффол
Яфтаҳу бил фиқҳи сиоб ал-ақфол

Яъни:

Бу киши фақиҳ Абу Бакр Қаффол
Фиқҳий жумбоқларни ечарди дарҳол.

Бу зот ҳижрий 291 (милодий 905) йилнинг барот кечасида таваллуд топиб, ҳижрий 366 (милодий 977) йилнинг зулҳижжа ойида Шошда вафот этганлар.

Ат-Тарсусий الطرسوسي

Абул Ҳасан Али ибн Абдуллоҳ ат-Тарсусий Шошнинг Тарсус шаҳридан бўлиб, Бухорода яшаганлар. Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Хулдийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Абдураҳмон ас-Суламий, Абу Абдуллоҳ ал-Ғунжор ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 382 (милодий 993) йили Бухорода вафот этганлар.

Ал-Косоний الكاساني

Косон – Шош ортидаги шаҳар. Бу шаҳарда катта қалъа бор.

Абу Наср Аҳмад ибн Сулаймон ал-Косоний шу шаҳардан. Шамс ул-маликнинг (подшоҳлар қуёшининг) акаси хоқон Абу Шужо Хизр ибн Иброҳим замонларида қози улқуззот (қозиларнинг қозиси) эдилар. Самарқандда ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса Самарқанд имом-хатиби Абул Маолий Муҳаммад ибн Наср ал-Мадиний ҳадис ривоят қилганлар. Хоқон Аҳмад ибн Хизр замонларида вазир лавозимида ишлаганлар. Ҳижрий 488 (милодий 1096) йилда Аҳмадхон замонларида шаҳид бўлганлар.

Бакр ибн Сулаймон ал-Косоний ҳам шу шаҳардан. Самарқандга келиб, бу ернинг фақиҳ олимларидан таълим олганлар. Кейин Косонга қайтиб борганлар. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исҳоқ ал-Воғирийдан таълим олганлар. Бу кишидан Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад анНасафий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 513 (милодий 1120) йили Косонда вафот этганлар.

Абул Жуд Ато ибн Аҳмад ал-Холидий ал-Косоний ҳам шу шаҳардан бўлиб, қози ва имом эдилар. Холид ибн Валид авлодларидан. Самарқандда узоқ муддат яшаб, кейин Косонга қайтиб борганлар. Ўша ерда шаҳид бўлганлар.

Ан-Наққоз النقاض

Наққоз арабча сўз бўлиб, тугунларни очувчи деган маънони англатади.

Абу Шурайҳ Исмоил ибн Аҳмад ан-Наққоз аш-Шоший Шош аҳлидан бўлиб, бу нисбат билан танилганлар. Шайх, олим, зоҳид, фозил, ишончли, тўғри сўз ва машҳур муҳаддис ҳам эдилар. Хуросонга келиб, у ердаги олимлардан таълим олганлар. Ҳижрий 470 (милодий 1078) йилдан олдин вафот этганлар.

Абдулкарим ас-Самъоний

НАСАБНОМА (ал-Ансоб)
(VIII–XII асрда яшаган ўзбекистонлик олимлар ҳақида маълумот)

Тошкент – 2017
www.madrasa.uz

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*