Бош саҳифа » Илм » Қадар Аллоҳнинг сирридир

Қадар Аллоҳнинг сирридир

Шундай ишлар борки, улар қудрати Олия билангина, амалга ошади, Одамлар хоҳ сезсинлар, хоҳ сезмасинлар, ихтиёрий ёки мажбурий равишда улар ижро этилади.

Масалан, ақлдаги зако ёки ғабо миқдори, мизождаги сокинлик ёки тажовузкорлик, жуссанинг баландлиги ёки паканалиги, жамол ёхуд қабоҳат, ҳаёт ва ўлим, соғлик ва хасталик, бойлик ва фақирлик, хуллас, шуларга ўхшаш барча нарсаларда инсоннинг қўли йўқ. Яъни, бу ишларга аралашишга унинг ҳаққи ҳам, қуввати ҳам йўқдир. Ҳаёт жараёнини ҳаёт Соҳиби хоҳлаганидек ҳаракатлантирадиган нарса ёлғиз қадар қўлларидир.

“Албатта, Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир. У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берган зотдир. Ҳеч бир тангри йўқ, фақат унинг ўзи бор. У қудратли ҳикматлидир” (Оли Имрон, 6).

Бу ишлар банданинг ҳисоб бериши ва жазоланишига боис бўлмайди. Зеро, уларда бизнинг айбимиз ва иштирокимиз йўқ. Бу тўғрида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:

“Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир”.

Қадарнинг бу навига имон келтириш вожиб. Бунга далиллар очиқ ва равшан.

Аммо қадарнинг яна бошқа бир хили ҳам борки, у биринчисидан фарқли ўлароқ амалларга боғлангандир. Улар адо этилаётганда биз ақлимиз уйғоқлигини, майлимиз ҳаракатини, замиримиз назоратини ҳис қилиб турамиз. Буларга бизнинг алоқамиз қай даражада? Бунда қадарнинг нисбати қандай маънода?

Биз бу дунёда воқеъ бўладиган ишларга киришишимизда ирода ва кучимизнинг эркинлигини сезамиз. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари далил бўлади:

“Айтинг: “(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин” (Каҳф, 29).

“Айтинг: “Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ – Қуръон келди. Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (бу ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман” (Юнус, 108).

Агар ирода чекланса, таклиф ва имтиҳондан иборат диннинг табиатига тўғри келмас эди. Лекин одамлар амалларининг бундай навини ҳам Аллоҳ таоло илми илоҳийи ила том иҳота этгандир:

“Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда – Лавҳул маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас” (Тоҳа, 52).

Амалларимизнинг шомил илоҳий илм доирасидан ташқарида эмаслиги жузъий ирода эркинлиги хусусидаги сўзга зид эмасми? Йўқ. Чунки илми илоҳий амалларни тасарруф этиш, ҳаракатлантириш воситаси ўлароқ эмас, балки ошкор этиш ва аниқлик киритиш маъносида намоён бўлади.

Олий ироданинг шомиллиги ва барча махлуқотга ҳукмронлик қилиб туриши қоидасининг маъноси нима ва у инсоний ирода эркинлиги билан қандай келишади?

“Қасамки, Биз Қуръонни зикр – эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?” (Қамар, 17).

Биз бир оятда мутлақ хоҳишни кўрсак, бу ерда инсоний ихтиёр равшан зикр қилинаётганини кўрамиз. Аллоҳ бирор шахсни йўлдан оздиришининг маъноси ўша шахс тўғри йўлдан адашишни маъқул кўрди, бас, Аллоҳ ҳам уни муродига еткурди ва ўзи учун хоҳлаган ишга эриштирди. Бундай ҳолга далил талайгина:

“Бас, қачон улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан) Аллоҳ фосиқ – итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас” (Соф, 5).

“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз” (Нисо, 115).

Мана энди мутлақ хоҳиш тўғрисида муҳмаллик, ноаниқлик қолмади. Аллоҳ таолонинг “Хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур…” деган сўзининг маъноси қуйидаги оятдан ташқарига чиқмайди:

“У (Аллоҳ) боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради” (Бақара, 26-27).

Бу ҳол “Хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур”га ҳам тааллуқли. Ҳақ таолонинг Ўз иродаси ҳақида сўзлай туриб, инсоний ирода қиймати хусусида деганларига боқинг:

“(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Аллоҳга) ижобат – тавба қилган кишиларни Ўз (динига) ҳидоят қилур. Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш – эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (Раъд, 27-28).

Демак, Аллоҳ Ўзига ижобат – тавба қилган кишиларни ҳидоят қилур. “Зотан (Аллоҳ) фосиқ – итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас”.

Ушбу қуръоний чироқни қўлимизга олиб, унинг нурида сураларни бирма-бир кўздан кечирайлик. Шунда Аллоҳнинг динида муҳмаллик ёки беқарорлик йўқлигини биламиз.

Балки муҳмаллик ва беқарорлик ахмоқлар ақлида, ғофиллар қалбидадир.

Қадарни тушунишда ва қазои қадар билан башарнинг эркин ихтиёри ўртасидаги фарқни тўғри фаҳмлашда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) берган таълим ҳам ғоят қўл келади.

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хуфтон намозидан сўнг Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг уйларига кирдилар ва у кишининг уйқуга эрта ётганларини кўрдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шунда: “Тунда (ибодат учун) қоим бўлмайсанми?” дедилар. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): “Нафасларимиз Аллоҳнинг қўлида. Хоҳласа, қўйиб юборади, хоҳласа, ушлаб қолади”, деб жавоб қилдилар. Бу сўздан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дарғазаб бўлдилар, у ердан сонларига шапатилаган ҳолда: “Инсон жуда кўп тортишгувчидир”, дея чиқиб кетдилар.

Бир киши ўғирлик қилди ва Умар (розияллоҳу анҳу) олдиларига келтирилди. Умар (розияллоҳу анҳу) ундан: “Нимага ўғрилик қилдинг”, дея сўрадилар. Ўғри: “Бу ишим Аллоҳнинг қадари”, деб жавоб қилди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Ўттиз дарра уриб, сўнг қўлини кесинглар”, дедилар. У зотдан бу ҳукмнинг маъноси сўралганда, ўғирлик қилгани учун қўли кесилади ва Аллоҳга ёлғон тўқигани учун дарраланади, деб жавоб қилдилар.

Албатта, қадар бепарволикка, беғамликка йўл очмайди; гуноҳларга восита бўлмайди ва жабар ҳақида сўз айтишга боис бўлмайди. Балки улкан ишларни, буюк ғояларни амалга оширишга йўл очади. Албатта, қадар қадар билан даф этилади. Очлик қадари тўйиш қадари билан, чанқоқлик қадари сувга қониш қадари билан, касаллик қадари муолажа ва даволаниш қадари билан, танбаллик қадари ғайрат ва амал қадари билан қайтарилади.

Нақл қилинишича, Абу Убайда ибн Жарроҳ Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) вабодан ўзларини олиб қочаётганларида: “Аллоҳнинг қадаридан қочасизми?” дедилар. Ҳазрати Умар шундай жавоб қилдилар: “Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочаман”. Яъни, касаллик ва вабо қадаридан сиҳҳат ва офият қадарига қочаман, дедилар амирул мўминин ва унга қурғоқчил ер билан серҳосил ерни масал қилдилар. Яъни, подани қуруқ, ўт-ўлансиз ердан ям-яшил яйловга кўчирилса, қадардан қадарга ўтилади, дея тушунтирдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳоблари қадарни тўғри тушунишганидан заиф ва бечоралар каби бўйинларини қисиб туришмади. Балки ҳақиқат юзидан пардани кўтаришди. Умидсизликка тушишмади, ўзларини заиф санашмади, балки буюк рисолатларини рўёбга чиқариш учун Аллоҳнинг бандаларига нусрат беришдаги суннатини маҳкам ушлаб, қадар соҳибидан мадад сўрашди. Фақирликка қарши амал билан, жаҳолатга қарши илм билан, хасталикка қарши муолажа билан, куфр ва гуноҳга қарши ҳаракат билан курашишди. Ғам, хафалик, ожизлик ва дангасаликка қарши Аллоҳдан паноҳ тилашди. Расулуллоҳ қадарни нотўғри тушунишдан ҳамиша қайтарганлар ва нотўғри тушунчаларга қарши курашишга чақирганлар.

Қадар тўғрисида билишимиз керак бўлган миқдор Аллоҳ ва расули билдирганчадир. Бундан бу ёғини билиш учун изланиш бизга ҳалол эмас, у тўғрисида тортишиш ҳаром. Чунки бу ёғи ақллар иҳота қилолмайдиган Аллоҳнинг сирларидандир. Бу ҳолни Имом Таҳовий “Ал-ақида” асарида шундай ифодалайди: “Қадарнинг асли махлуқлардан яширилган Аллоҳнинг сирридир. Уни ҳатто Аллоҳга яқин бўлган фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам билишмайди. Тақдир тўғрисида чуқур хаёл юргизиш ёки баҳслашиш беҳуда ишдир, балки туғёндир. Бундан қаттиқ ҳазар қилиш зарур. Уни Аллоҳ таоло Ўзига хос илм қилиб, бандаларини тақдир тўғрисида фикр юритишдан наҳий этади. Бир ояти каримада: “Аллоҳ ўзининг қиладиган ишларидан ҳеч кимга ҳисобот бермайди, балки одамлар Унга ҳисобот берадилар”, дейилади. Кимки: “Нега Аллоҳ бундай қилади ёки нега ундай қилади?” деса, тақдир ҳукмини рад этган бўлиб, имондан ажраб қолади” (Имом Таҳовийнинг мазкур китоби Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг эътиқоди, ақидасининг асосидир).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Биз қадар тўғрисида тортишиб турганимизда, олдимизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб қолдилар. Ғазабланиб, юзлари қизариб кетди ва: “Мен шунинг учун сизларга юборилганмидим? Сизлардан олдингилар ҳам мана шу тўғрисида низолашган пайтда ҳалок бўлган эдилар. Бу тўғрида низолашмаслигингизни буюраман”, дедилар.

Али (розияллоҳу анҳу) қадар ҳақида сўраган кишига: “У зимзиё йўлдир, унда юрма”, дедилар. Ҳалиги одам яна сўраганда: “У тубсиз баҳрдир, унга шўнғима”, дедилар. У одам яна бир бор жавоб сўради. Шунда Али (розияллоҳу анҳу): “У Аллоҳнинг сендан махфий бўлган сирридир, уни текширма”, деб жавоб қилдилар. Бундай наҳий қадарнинг ўзи ҳақида сўзлашга тааллуқли эмас, балки ҳаёт, ўлим, ризқ кўплиги ва камлиги ҳамда шуларга ўхшаш Аллоҳнинг низомлари тўғрисида саволларга мансубдир.

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди” (Бақара, 286).

Аллоҳ бизга куч ва хоҳишни бериб, қодир ва мурид қилиб қўйибди. Хоҳлаганда ожиз, нотавон этиб қўярди. Сўнг бу иродани тасарруф этишни маҳзи ихтиёримизга ташлади. Икки томондан бирини – яхшилик ёки ёмонликни танлаш ўзимизнинг қўлимизда.

Хулоса шулки, Аллоҳ бизни яратмасдан бурун иродали, ихтиёрли бўлишимизни билган. Чунки биз инсонмиз, тош эмасмиз.

Мубашшир АҲМАД

“Ҳидоят” журнали, 2000 йил, 1-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*