Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ислом яхшилик динидир. У доимо кишиларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради. Кишиларни инсонийликка чақириб, разолатни рад этади. Одоб-ахлоқ, руҳий-маънавий поклик ва равнаққа чорлайди. Шунингдек, ҳалол ишлашга, ҳаётни гўзал ўтказишга ундайди.
Тарихдан маълумки, тўйлар ва маросимлар ҳақида турли даврларда ҳар хил гаплар айтилган. Чунки ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. Истиқлол деган тотли неъматга эришган ҳозирги давримизда бундай маросимларни тартибли, ихчам ва исрофсиз ўтказиш, миллий қадриятларимизга риоя этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Маълумки, роппа-роса бир йил илгари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўй-ҳашам ва оилавий тантаналарни, маърака ва маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олишга доир Фармони эълон қилинган эди. Бугунги ҳолатга назар ташласак, бу борада анча-мунча ижобий натижалар сезилмоқда. Жойларда тўй ва бошқа маросимларимиз хийла ихчамлашиб қолди. Имомларимиз, маҳалла фаоллари, оқсоқоллари, тўй ва маросимларни ўтказиш ҳайъати аъзолари ҳар бир оиланинг иқтисодий ҳоли-қудратини инобатга олган ҳолда тавсиялар беришмокда.
Яратганга шукрким, халқимиз болажон, серфарзанд халқлардан. Бу дегани сертўй миллатмиз. Шу боис юртимизнинг ҳар бир гўшасида кунда кўплаб тўй-маърака ва хайрли тадбирлар ўтади. Аллоҳ таоло диёримиздан қут-баракани кўтармасин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида»ги Фатвосида таъкидланишича, катта-катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган маъракалар ўрнига, марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож ва ночор оилаларга, етимхона ва меҳрибонлик уйларига ёки ободончилик ишларига ёрдам кўрсатиш афзалдир. Айниқса, аёллар иштирокида ўтказиладиган турли тўйолди ва тўйдан кейинги дабдабали тадбирларнинг зарарли томонларини қисқартириб, ихчам тарзда ўтказиш лозимлиги масалалари ҳам мазкур фатвода алоҳида таъкидланган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимки уйланса, диёнатининг ярмини мустаҳкамлаган бўлади ва қолган ярмини ўзи эҳтиёт қилсин”, деганлар. Яратганга шукрким, халқимиз замонлар ўта мана шу ўгитга амал қилиб, фарзандларини вақтида уйлантириш ёки турмушга беришдек шариат кўрсатмасига биноан ҳаёт кечириб келмоқда. Аммо шу тўй-маъракаларимизни исрофгарчиликсиз ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Исрофгарлар шайтоннинг биродаридирлар», деб огоҳлантиради.
Хайр-эҳсонлар қилиш мустаҳаб амал, уни шариат таълимотларига мувофиқ ҳолда ўтказиш керак. Акс холда, савобдан маҳрум бўлинади. Аммо оила аҳлларига нафақа фарз амаллардан ҳисобланади. Бинобарин, тўй қиламан деб оиланинг ризқини қийиш айни хатодир. Бордию, мен юрт ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу иши айни гуноҳдир.
Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва баъзи маросимлар одоби ҳақида” ҳам бир мунча муддат аввалроқ фатво чиқарган эди. Унда таъкидланишича, мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик номи билан қилинаётган маросимлар ҳеч бир диний китобларимизда буюрилмаган. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан ҳамда оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда бирор марта эҳсон тарзида маросим қилиб ўтказилса, кифоя бўлади … Шунингдек, фарзандларимизнинг ақди никоҳ тўйларини ва ақиқа каби маросимларни ҳам ниҳоятда тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз руҳига жуда мувофиқ келиши айтилган.
Шариатимиз мусулмонларга ҳаргиз оғирликни раво кўрмайди. Қуръони Каримда ҳам айтилган: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” ва яна: “Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди”. Бу каби оятлар мусулмонларнинг маросим қилишлари учун айтилган илоҳий бир қонундир.
Исрофгарчилик, дабдабабозлик ва шуҳратпарастлик ҳақида муборак китобимиз Қуръони Каримда аниқ-равшан қилиб яна бундай ёзиб қўйилган: “Агар шукр қилсангизлар, (ато этган неъматларимни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрлик қилсангизлар, азобим жуда қаттиқдир”.
Яна бир ояти каримада: «Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар! Аллоқ таоло исрофгарларни севмас”, дейилган.
Бу борада Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй умматларим, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”.
Биз ўзимизни Аллоҳнинг бандалари ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари деб билсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда ҳаётимизда исрофнинг барча турига чек қўйишимиз лозим.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: „Хоҳ бойликда, хоҳ фақирликда, хоҳ ибодатда бўлсин, ўртаҳол бўлиш қандай ҳам чиройли”; “Тадбиркорлик тирикчиликнинг ярим илмига тенгдир”, деганлар.
Тадбир – ақл-идрок, билим ва тажрибага суянган ҳолда тўғри, оқилона иш юритиш, демакдир. Инсон тадбир ила ўзи, оиласи ва қариндошларининг, ҳатто жамиятининг келгуси ҳаётий режаларини пухта белгилаши мумкин. Иқтисодий соҳада эса, тадбир беҳуда исрофдан сақланиш , сарф-харажатларни камайтириб, тежамкорлик қоидаларига риоя этишдир.
Кези келганда шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, тўй баҳонаси билан қудалар ўртасида айирбошланадиган қўша-қўша тоғоралар, сарупо-суруғлар ҳам миллатнинг моддий ва маънавий қашшоқланишига сабаб бўлмоқда. Кимўзарга қилинадиган қатор-қатор машиналардан ёш келин-куёвларга бирон-бир маънавий наф борми? Бўлса ҳам, улар ғурур ва туғёнга олиб боради, холос. Буларнинг ўрнига, муҳтарам мусулмонлар, ўша маблағларни фарзандларимизнинг илм олишларига ва рўзғорга зарур буюмларга сарф этайлик.
Ҳожи Абдураззоқ ЮНУС
“Ҳидоят” журнали, 1999 йил, 2-сон
www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди