Бош саҳифа » Илм » Дуонинг ҳикмати

Дуонинг ҳикмати

Маълумки дуо инсон эҳтиёжидан келиб чиққан тилак ифодаси бўлиб, у Холиқ билан банда ўртасидаги кўприк вазифасини ўтайди.

Инсон одатда ўзининг эҳтиёжларини сўраб Аллоҳга дуо қилади. Масалан; ота онанинг фарзанди ҳақида қилган дуоси, мазлумнинг зулм кўрган вақтида қилган дуоси ҳамда мусофирнинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқдир.

Фарзанд келажакда камол топиш йўлида ота онанинг дуоси муҳим рўл ўйнайди. Лекин у дуо фарзанднинг ёмонлигини тилаб қилинган бўлсачи? Бу эса ачинарли, аммо бу ҳақиқатни кўпчилик кеч англаб етади. Жамиятимизда ота онасининг дуоларини олиб юрганлар ёки аксинча уларнинг ёмон дуолари оқибатида хар ҳил қийинчиликларни ўтказаётган кишиларга мисоллар тўлиб ётибди. Дуонинг эрта кечи йўқ. Муқаддас динимизда ота она ўз фарзандининг камолотини ҳали у дунёга келмасидан сўрашлигини таълимини беради. Лекин дуо борасида фарзандлар ўз ота оналари ҳақига қиладигани ҳам мавжуд. Бунинг машҳурларидан Аллоҳ қуръони каримнинг “Ал-Исро” сурасининг 24-оятидаги ушбу дуо:

24. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, сен ҳам уларга раҳм қилгин”, деб айт!

Дуо қилиш борасида кишининг дуосидан кўра ўзгалар унинг ҳақига қилган дуоси муҳимроқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бир саҳобаларига қарата: “Одамлардан сен ҳақингда дуои хойр қилишларини кўпайтир, чунки банда ўзи учун кимнинг тилида дуоси ижобат бўлишини билмайди”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ёш болаларни дуо қилишларини сўрарканлар. “Нега ёш болалардан дуо сўрайсиз”? дейишса, у зот розияллоҳу анҳу: “Чунки булар ҳали гуноҳ қилмаганда” дер эканлар.

Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: “Эй Аллоҳим! Мени гўдакларни сақлаганинг каби сақла!” деб илтижо қилардилар.

Ҳожи Ҳиндистоний домла айтган эканлар: “Мени узоқ умр кўришимга отам дуо қилганлар, лекин илмимни баракали бўлишига бир қизча сабаб бўлган. Шоҳимардонда юрганимда бир қизча ариқ бўйида сувга қараб йиғлаб ўтирибди. Мен ундан сабабини сўрасам у: “нон сотиб топган тангамни ўйнаб сувга тушириб юбордим, энди ойим мени уйга киритмайдилар, шунга уни ололмай йиғлаяпман” деди. Қарасам сув совуқ, лекин шунга қарамай қизчага раҳмим келиб кийимларимни ечиб сувга бир икки марта тушиб амаллаб тангасини олиб бердим. Қизча ҳурсанд бўлиб севинч ёшини тўкди ва:

“Бу қилган яхшилигингизни нима билан қайтарсам?” деди у.

Мен унга: “Мени дуо қилсанг бўлгани, шуни ўзи кифоя” дедим.

У: “Аммо мен дуо қилишни билмайманку?” деди.

Мен: “Мен айтиб тураман сен ортимдан қайтарасан” дедим.

У: “Хўп” деди.

Мен: “Эй Аллоҳим бу бандангга фойдали илм бергин” дедим, у эса ортимдан сўзларимни қайтариб жажжи қўлларини очиб йиғлаганча дуо қилди.

Шундан сўнг мен илмимни зиёдалашиб бораётганини ҳис қилдим ва билдимки қизчани мен ҳақимга қилган дуоси ижобат бўлди.

Илҳомжон Мадалиев,
Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби: 

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*