Бош саҳифа » Илм » “Эй Аллоҳ, сендан фақат розилигингни сўрайман, бошқа нарсани сўрамайман”

“Эй Аллоҳ, сендан фақат розилигингни сўрайман, бошқа нарсани сўрамайман”

Инсон ўзининг жаҳлини, аччиғини ичига ютиб сабрли бўлишлиги учун аввало унда аччиғини чиқарадиган бирор ҳолат юз бериш керак бўлганидек, Аллоҳ ҳам бандасига ризқ беришни ирода қилганида, бандани ҳам шу берадиган ризқига муҳтож ҳолатга келтириб қўяди. Агар шундай ҳолатга тушмаса муҳтожлигини ҳис қилмас эди. Шунда банда уни ёки одамлардан сўрайди, ёки Аллоҳдан сўрайди. Аллоҳ уни имтиҳон қилиб синар экан, “Қани бандам кимдан сўраркин” деб.

Инсон бошига баъзида турли офатлар, қийинчиликлар тушади, шунда инсон айтсинки:

يا ربي أنا محتاج فقير لأعطائك فأعطني

Яъни: “Эй Роббим, мен муҳтожман, фақирман, сен ўзинг бергин”, деб Аллоҳга муножот қилсин.

Нафсингни фақат Аллоҳдан сўрашга одатлантиргин. Агар аёлингни намозда қоимлигини кўрдинг, дарҳол: “Я Роббий, ўзингга ҳамд бўлсин”, дегин. Агар уни намоз ўқимаётганини кўрсанг унда ҳам Аллоҳга “Я Роббий, уни намоз ўқишини сендан сўрайман”, дегин.

Ўз ўғлингни тўғри йўлдан тойганини кўрдинг “Я Роббий, ўзинг уни тарбиясини гўзал қил”, дегин. Ёки бирор иш сени ташвишга соляпти “Эй Роббим, ўзинг ҳолимни яхшилик томонга ўзгартир” дегин.

Энг қимматбаҳо нарсага муҳтож бўлган кимсалар Аллоҳга айтадиларки: “Менга жаннатни насиб қилгин, менга маърифатингни, ўзингни танишликни насиб қилгин. Сен мендан рози бўлмасингдан туриб мени вафот топтирмагин, аввал рози бўлиб кейин вафот эттиргин”, дейди.

Бошқа кимсалар эса роса йиғлаб: “Эй Роббим, фалончида озгина пулим қолувди ўшани қайтартириб бергин”, “фалон ишимни битириб бер”, деб роса йиғлаб сўраган нарсасининг ниҳояси бу дунёнинг эҳтиёжидан уёғига ўтмайди. Сўровининг ҳеч бири охирати учун эмас.

Чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 200-оятида:

فمن الناس من يقول ربنا ءاتنا فى الدنيا وماله فى الأخرة من خلق

200.“…Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам бўладики, у: “Эй Роббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди. Ваҳоланки, унга охиратда насиба йўқдир”.

و منهم من يقول ربنا ءاتنا فى الدنيا حسنة و فى الأخرة حسنة وقنا عذاب النار

201. Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар.

Инсон яна бир мақомга чиққанида Аллоҳдан, “Эй Аллоҳ, сендан фақат розилигингни сўрайман, бошқа нарсани сўрамайман”, деб қолади.

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг “Аллоҳнинг гўзал исмлари энциклопедияси” номли асаридаги Аллоҳнинг «الرزاق» сифати бобидан Илҳомжон таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*