Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Бирор олимнинг илмдаги мақом ва даражасини билиш керак бўлса, буни талабалардан сўралади. Сўфий ва пирнинг даражасини билиш учун эса ўз замонасида тариқат аҳли бўлган машойихларнинг у билан қиладиган муомалаларига қараш керак. Улар уни ҳоли содиқ (рост) пир деб биладиларми ёки ундай эмасми? Шў ўринда бир шоҳий сартарошнинг қиссаси ёдимга келди. Бир маротаба ўз соқолини текислатгани шоҳ уни чақирди. Лекин у айтилган вақтда келолмади. Бу айбни қандай тўғирлаш учун кўп паришон бўлди ва шоҳнинг ходимларга: “Шоҳ ухлаб қолганида соқолини текислашга менга имкон қилиб беринглар”, деб илтимос қилди. Ходимлар унга раҳмлари келиб, имкон қилиб бердилар. У ухлаб ётган шоҳнинг соқолини шундай текислаб қўйдики, у билмай ҳам қолди. У уйғониб соқолини текисланганини кўриб, саройдагилардан сўраган эди, улар бўлган ишни айтиб бердилар. Шоҳ унинг камолидан жуда хурсанд бўлди ва сартарошга “Шоҳий уста” деган ном берилди. Бу гап шаҳарда тарқалгач, қариндош ва қўшни аёллар унинг хотинини муборакбод қилишга тўпландилар. Бўлган гапни эшитган аёли жуда ҳам ҳакимона гап айтди: “Бу хитоб эримга ёнидаги сартарошлардан ёки бошқа бирор моҳир сартарош томонидан айтилганида хурсанд бўлар эдим. Чунки бу эримнинг камолига далил бўлар эди. Шоҳ бу ҳунарни билмайди-ку. Бу унвон унга берилиши билан менинг наздимда унинг иззати ошмайди”.
“Мажолиси Ҳакимул умма”, 110-бет
Ёрқинжон Фозилов таржимаси