Байт:
Обу ранги сурати зоҳир ду рўзи беш нест,
Ҳусни ахлоқи жамил аз рўйи зебо беҳтараст.
Таржимаси: “Зоҳирий кўринишнинг суви ҳамда ранги икки кундан ортиқ эмас. Гўзал ахлоқнинг чиройлиги зебо юздан яхшироқдир”
Ҳожи Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ ўз суҳбатларидан бирида айтадилар: “Юзингиз сутдек тиниқ бўлиб, қошу кўзларингиз қора бўлгани билан бу чиройнинг ҳеч эътибори йўқ. Чунки бир иситма касал билан ўзгариб қоласиз. Аммо сизда ахлоқий зеболик бўлар экан, бу – сизга дунёда ҳам, қабрда ҳам бакор келади”.
Байт:
Агар аз дасти эҳсон марҳами дилҳо намегарди,
Ба хулқ аз худ тасалли дор боре аҳли оламро.
Таржимаси: “Агар эҳсон қўли билан дилларга марҳам бўлолмасанг, ҳеч бўлмаса, гўзал хулқ билан олам аҳлига тасалли бер”
“Марҳам” деб синган суяк ёки кесилган терини бир-бирига улаб, битирадиган дорига айтилади. Ўзбек тилида уни “малҳам” деб нотўғри шаклда ишлатилади. Шоир айтмоқчики, эҳсон қўли, яъни моддий ёрдам бериш билан синган кўнгилларга марҳам бўлолмасанг, ўз гўлаз хулқинг билан олам аҳлининг қалбига шодлик олиб кел. Зеро муҳтожга моддий ёрдам беришга ҳаммада ҳам имкон бўлавермайди. Аммо икки оғиз ширин сўз билан унинг кўнглини олишни чўнтагида бир сўм пули йўқ киши ҳам уддаласа бўладиган ишдир.
Ёрқинжон Фозилов