Аллоҳ дўстларининг вақтлари баракали бўлади деган гап жуда машҳур, балки мушоҳад ҳамдир, яъни кўз билан ҳам кўрилгандир. Улар озгинагина вақтда жуда катта-катта ишларни қилиб юборадилар. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг мукаммал умрлари у кишининг ёзган асарларининг ҳисоби билан тақсимланганида бир кунга ўн олти жуз китоб тўғри келган. Буни ҳеч қандайига тушуниб бўлмайди. Имом Абдулваҳҳоб Шаъроний ўз китоби “Ал-явоқийт вал-жавоҳир”да шундай ёзадилар: “Бу китобнинг уч юзта боби бўлиб, ҳар бир бобни ёзишда мен Шайх Ибн Арабийнинг “Ал-футуҳот”ини мукаммал ўқиб чиқдим”. “Ал-футуҳот” эса бир неча минг саҳифа келади. Демак у киши “Ал-явоқийт вал-жавоҳир”ни ёзишда “Ал-футуҳот”ни уч юз маротаба ўқиб чиққан бўляптилар. Шу билан бирга у киши: “Ал-явоқийт вал-жавоҳир”ни мен ўттиз кун ичида ёздим”, дейдилар. Бинобарин, имом Шаъроний икки минг саҳифадан кам бўлмаган “Ал-футуҳот”ни бир кунда ўн мартадан ўқиган эканлар. Солиҳ олимлар ҳамда улуғларнинг бундай воқеалари жуда ҳам маъруф ва машҳурдир.
Шу ўринда “Вақтда бу қадар кенглик қандай қилиб пайдо бўлиши мумкин?” деган савол пайдо бўлади. Ҳолбуки, бирор кишининг соати олтмиш дақиқадан, бир кеча-кундизи эса йигирма тўрт соатдан ошмайди. Ҳужжатул ислом, ҳазрат, мавлоно Муҳаммад Қосим Нонутавий раҳимаҳуллоҳнинг бу тўғридаги таҳқиқлари шуки, вақтнинг бир тули, яъни бўйи, узунлиги бўлади. Буни ҳамма билади. Соат ва дақиқалар мана шу тул (бўй, узунлик)нинг номидир. Худди шундай вақтнинг арз, яъни эни ва кенглиги ҳам бўладики, бу омманинг назарига кўринмайди. Аллоҳнинг дўстлари вақтнинг мана шу эни ва кенглигида улкан ишларни амалга оширадилар.
Ёрқинжон қори Фозилов