Байт:
Чун сиёҳий шуд зи мў ҳушёр мебояд шудан,
Субҳ чун равшан шавад бедор мебояд шудан.
Таржимаси: Соч-соқолдан қоралик кетгач, ҳушёр бўлиш керак. Тонг ёришгач, бедор бўлиш керак.
Инсон доимо ҳушёрлик, яъни ақл билан иш тутиши, хусусан, соч-соқолига оқ оралаганидан сўнг янада ҳушёрликни ошириши лозим. Зеро ақлли инсон борки, тонг отиши билан уйғонишга ҳаракат қилади. Бу байтда соч-соқол қоралигини тун қоронғусига, соч-соқолга оқ тушишини эса тонг ёришишига ташбеҳ қилинган. Янада кенгроқ тушинтирсак, Соиб раҳимаҳуллоҳ айтмоқчики: “Эй банда, сочларинг қора бўлган вақт, яъни куч-қувватга тўлган айни ёшлик чоғингни тун қоронғусида ҳеч нарсани билмай, хуррак отиб ухлаган кишидай бефойда ишлар билан, ғафлатда ўтказдинг. Сочларинг оқаргач, сен учун тонг отган ҳисобланади. Энди уйғонишинг керак. Зеро ер юзининг тонги отгач, ақлли инсон кунни келажак ҳаёти учун фойда берадиган бирор иш билан ўтказишга ҳаракат қилади. Худди шундай, соч-соқолинг оқариб, умр тонги отгач, уйғонишинг, яъни охират ҳаётинг учун фойда берадиган амалларни қилиб олишинг керак”. Хуллас калом, соч-соқолнинг оқариши инсондан ҳушёрликни, ўлимга тайёргарлик кўришни тақозо этар экан.
Мирзо Бедил раҳимаҳуллоҳ айтганидек:
Мўйи сафед аз кафан орад паём.
Таржимаси: Оқарган соч кафандан дарак беради.
Ёрқинжон Фозилов таржимаси