Бош саҳифа » Илм » Рўза биздан нима талаб қилади? 6-мавзу: Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг тақволари

Рўза биздан нима талаб қилади? 6-мавзу: Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг тақволари

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом Зулайҳо тарафидан фитнага учрадилар. Буни билмаган бирор мусулмон бўлмаса керак. Қуръони каримда Зулайҳо Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломни гуноҳга чорлагани айтилади. Ўша пайт Зулайҳонинг қалбида ҳам гуноҳ фикри пайдо бўлди ва Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг қалбларига ҳам гуноҳ фикри келди. Омма халқ шу сабабли Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга эътироз билдиради ва у кишини айблайди. Ваҳоланки, Қуръони карим шуни баён қилишни хоҳлайдики, гуноҳ фикри келишига қарамасдан, Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таъолодан қўрқиш ва Унинг улуғлигини қалбда ҳозир қилиш сабабли гуноҳ фикрига амал қилмадилар ва Аллоҳ таъолонинг ҳукми олдида бўйин эгдилар. Лекин гуноҳ фикри ҳам қалбга келмаса ва гуноҳ қилиш имконияти ҳам бўлмаса ҳамда гуноҳ талаби ҳам пайдо бўлмаса, у ҳолда минг марта Зулайҳо гуноҳга чорласа ҳам, ҳеч қачон ҳақиқий тақво ва ҳайратга соладиган иш бўлмас эди. Хақиқий тақво ва ҳақиқий ҳайратли иш шуки, гуноҳга чорлов бўляпти, имконият ҳам бор, ҳолатлар ҳам қулай, қалбда гуноҳ фикри ҳам бўляпти, лекин ушбу барча нарсаларга қарамасдан, Аллоҳнинг ҳукми олдида бўйин эгиб, Юсуф алайҳиссалом шундай дедилар: “Маазаллоҳ” яъни, мен Аллоҳ таъолодан паноҳ сўрайман. Мана шу Аллоҳ таъоло инсонни яратишига сабаб бўлган ибодатдир. (Юсуф сураси, 23-24-оятида бу воқеа зикри келган).

Бундан маълум бўладики, гуноҳ қилишга имкони бўлмаганидан гуноҳ қилмаслик тақво эмас. Балки, гуноҳ қилишга буткул имкони бўла туриб ва гуноҳ қилишни хоҳлаб туриб, Аллоҳдан қўрқиб гуноҳни тарк қилишлик ҳақиқий тақводир. Рўза биздан шуни талаб қилади.

“Ислаҳий хутбаат” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*