“Кўрнинг гуноҳга назар солишдан сақланиши ҳайратомуз иш эмас”
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
Масалан, бир шахс кўз нуридан маҳрум, шу сабабли бутун умр ҳеч қачон фаҳш фильм кўрмади, ҳеч ҳам ТВда беҳаё нарсалар кўрмади, ҳеч ҳам номаҳрамга назар солмади. Айтингчи, ушбу гуноҳларни қилмаслигида бирор ҳайратга соладиган нарса намоён бўлдими? Йўқ. Чунки, унда ушбу гуноҳларни қилишга салоҳият ва имконият йўқ.
Лекин яна бошқа бир шахс борки, унинг кўз нури буткул яхши. Нима нарсани хоҳласа кўра олади. Лекин, кўриш салоҳияти ва имконияти бўлишига қарамасдан, бирор номаҳрамга қарашлик талаби қалбда пайдо бўлганда, у ўша заҳоти фақат Аллоҳ таъолодан қўрқиб, нигоҳини пастга қаратиб олади. Энди, бир қарашда, иккиси ҳам гуноҳлардан сақланяпти. Лекин иккисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Биринчи шахс ҳам гуноҳдан сақланяпти ва иккинчи шахс ҳам гуноҳдан сақланяпти. Лекин биринчи шахс (яъни, кўр киши)нинг гуноҳдан сақланиши, хеч қандай ҳайратомуз иш эмас. Чунки, у шундоқ ҳам кўрмайди ва кўриш имконияти ҳам йўқ. Иккинчи шахснинг гуноҳдан сақланиши (яъни, кўриш имкони бўла туриб, гуноҳга назар солишдан сақланиши), ҳайратга соладиган ишдир. Фаришта билан инсон ибодати ўртасидаги фарқ шудир.
“Рўза ибодати фаришталар тоқатидан ташқаридир”
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
Шунга кўра, агар фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу ҳеч қандай ҳайратомуз иш эмас. Чунки, уларга очлик етмайди ва уларнинг таомга ҳожатлари ҳам йўқ. Шунинг учун, уларнинг таом емасликларига бирор ажр-савоб ҳам йўқ. Лекин инсонда бу барча ҳожатлар мужассам қилиб яратилган. Шунинг учун бирор инсон энг юксак даражага етса, ҳаттоки, энг аъло даража яъни, пайғамбарликка етганда ҳам, у ейиш-ичишдан беҳожат бўла олмайди. Чунончи, кофирлар пайғамбарларга айнан шундай эътироз қилишган. Қуръони каримда шундай дейилади:
مَالِ هَذَا الرَّسُولِ يَأْكُلُ الطَّعَامَ وَيَمْشِي فِي الْأَسْوَاقِ
Яъни: “..Бу қандай Пайғамбарки, таом ейди ва бозорда юради? …” (Фурқон сураси, 7-оят)
Ейишлик талаби пайғамбарларда ҳам доим бўлган. Энди, агар инсон очқаса, лекин Аллоҳ таъолонинг ҳукми сабабли таом емаётган бўлса, бу ҳайратга соладиган ишдир. Шунинг учун Аллоҳ таъоло фаришталарга қуйидаги мазмундагапирган: “Мен шундай бир инсон яратяпман. Унга очлик ҳам етади, чанқоқлик ҳам етади ва унда шаҳвоний талаб ҳам пайдо бўлади. Лекин, у гуноҳ талаби пайдо бўлган пайтда, Мени ёдга олади ва Мени эслаб, ўз нафсини ўша гуноҳдан сақлайди. Унинг мана шу ибодати ва гуноҳдан сақланиши Бизнинг наздимизда қадр-қимматга эга бўлади ва унга ажр-савоб ва мукофот бериш учун Биз кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннат тайёрлаб қўйдик. Чунки, инсоннинг қалбида гуноҳ талаби ва чорлови бўляпти ва хоҳишотлар пайдо бўляпти ҳамда гуноҳ сабаблари дуч келяпти. Лекин инсон Биздан қўрқиб ва Бизнинг улуғлигимизни тасаввур қилиб, ўз кўзини гуноҳдан сақлайди, қулоғини гуноҳдан сақлайди, тилини гуноҳдан сақлайди ва гуноҳлар тарафига ташланаётган қадамларини тўхтатиб олади. Токи, менинг Аллоҳим мендан норози бўлиб қолмасин дейди. Мана шу ибодатни адо этишга фаришталарда имкон ҳам йўқ эди. Мана шу ибодат учун инсон яратилган эди”.
“Ислаҳий хутбаат” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси