Байт:
Орзу дар табъи пийрон аз жавононаст беш,
Дар хазон ҳар барг чандин ранг пайдо мекунад.
Таржимаси: Қариларнинг табиатида орзу ёшларникидан кўра кўпроқ бўлади. Кузда ҳар бир барг бир неча хил ранг пайдо қилади.
Биламизки дарахтларнинг барглари илк очилган вақтида бир хил рангда бўлади, куз келгач эса турли рангга товланади. Ҳазрат Соиб раҳимаҳуллоҳ инсон қаригани сари унда ранг-баранг орзулар пайдо бўлишини шунга ўхшатмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Одам боласи қарийди ва ундаги икки нарса ёшаради. (Бири) узун умр кўришга ҳарислик, ва (иккинчиси) мол-дунёга ҳарислик”. Бир ривоятда қуйидагича келади: “Қари кишининг қалби икки нарсанинг муҳаббатига ёшдир: узун умр, молнинг кўплиги”.
Ҳазрат Саид Аҳмад Поланпурий ҳадис шарҳида шундай ёзадилар: “Тажриба ва мушоҳадага кўра инсон ҳаёти охирлашгани сайин ақл қуввати заифлашгани сабабли ундаги икки хоҳиш ва истак зиёдалашади. Бири – мол-дунёсининг кўп бўлиши истаги, иккинчиси – янада узоқроқ умр кўриш истаги. Лекин бу ҳол авомнинг (омма халқнинг) ҳолатидир. Ўз нафсини тарбиялаган бандаларнинг эса ҳолатлари бошқача бўлади. Уларда молу дунёга муҳаббат ва узун умр кўриш орзуси ўрнига Аллоҳ таолонинг розилигини (хурсандлигини) ҳосил қилиш истаги ҳамда охират неъматларига иштиёқ уйғонади ва бу хоҳиш борган сари зиёдалашаверади”.
Ёрқинжон Фозилов таржимаси