Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
Рўза Аллоҳ таъоло билан банда ўртасидаги бир махфий аҳдлашувдир. Аллоҳ таъоло ҳадиси қудсийда:
الصَّوْمُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ
Яъни: “Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, дейди.
Чунончи, бошқа ҳар турли ибодатнинг савобини фаришталар ёзадилар. Магар, рўза борасида фаришталар “бу банда рўза тутди” деб ёзадилар холос. Унга бериладиган савоб ва мукофотни қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг Ўзи беради.
Бунда бир нозик жиҳат бор, уни яхшилаб тушуниб олайлик, ҳар бир берувчи ўзининг даражасига кўра беради. Фараз қилайлик, бирор тиланчи келиб мендан сўраса, мен ўзимнинг ҳолатимга мувофиқ унга бир рупия бериб юбораман. Агар айни шу тиланчи бирор бошқа мулкдор одамдан сўраса, у бир рупия беришга уялади. Эҳтимол, у унга минг рупия бериб юбориши мумкин. Агар айни шу тиланчи бирор мамлакатнинг подшоҳига бориб сўраса, у минг рупия беришга уялади. У унга юз минг рупия бериб юборади. Балки, милион рупия бериб юборар. Ундан кам бермайди. Дунёнинг буюк шахслари ўзларининг даражаси ва ҳолатига кўра берганларида, бу ўринда шуни англаб олиш лозимки, Аллоҳ таъоло ҳам қиёмат куни рўза ибодатига савоб берганда, Ўзининг буюклигига мувофиқ беради.
Баъзи муҳаддислар айтадиларки, юқоридаги ҳадис қудсийнинг лафзлари айнан шундай, фақат эъробда фарқи бор, у ҳадиси қудсийда:
الصَّوْمُ لِي واَنا أُجْزَى بِهِ
“Рўза Мен учундир. Унинг мукофоти Менинг Ўзимдир”, дейилади.
Яъни, қиёмат куни Аллоҳ таъоло рўза мукофотига Ўзининг дийдорини ато қилади.
“Баркатэ Рамазан” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси