Шайх Фаридга «Нафси аммора мазаммати, унинг қалб касаллиги экани ва у касалликни даволаш йўллари баёни» ҳақида юборилди
Марҳамат ва шафқат юзасидан мухлис хизматкорингизга юборган мактубингизни ўқишга мушарраф бўлганим сабабли, менга кўплаб хурсандчиликлар етди. Аллоҳ бобонгиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурматларидан ажрингизни улуғ, қадрингизни баланд, қалбингизни очиқ ва ишингизни енгил қилиб қўйсин! Аллоҳ субҳанаҳу у зотга зоҳиран ва ботинан мутобаатда собит қилиб, бунга “Амин” деган бандага раҳм қилсин!(Шайх Фарид раҳматуллоҳи алайҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлиб, имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ у зот алайҳиссаломга бўлган юксак ҳурмат ва одобни изҳор қилмоқдалар)
Иккинчидан, бир ноқобил ва ёмон хулқли дўст ҳақида бир неча шикоятларимиз бор. Диққат ила эшитиб қабул қилгайсиз.
(Яъни, ҳар биримизнинг нафси амморамиз ҳақида сўзланади).
Эй, махдуми мукаррам! Инсоннинг нафси аммораси табиатан юқори мавқеъ-мартабага, амир ёки ҳоким каби ҳукмрон бўлишга ўта иштиёқли бўлади. Унинг барча ҳиммати эса, ҳамма замонларда манманлик (тараффуъ), қадри баландлик бўлади. Унинг хоҳиш истаги эса, халойиқнинг барчаси унга муҳтож бўлиб, унинг амр ва наҳийларига (буйруқ ва қайтариқлар) бўйинсунишларидир. Унинг ўзи эса, ҳеч нарсага муҳтож ва ҳеч кимга маҳкум бўлишни истамайди.
(Таассуфлар бўлсинким, чуқур мушоҳада қилинса, бу ҳолатлар деярли ҳаммамизда бўлади. Нафсимизни тарбия қилмайдиган бўлсак, доимо мана шундайин ноқобиллик ва нопокликда бўлаверамиз.)
Мана бу даъволарнинг барчаси эса улуҳийят ва ўхшаши, тенги ва мисли бўлмаган Ҳақ субҳанаҳу таолога шериклик даъвосидир. Балки, бу бесаодат шерикликка ҳам рози бўлмасдан, ёлғиз ўзигина ҳокими мутлақ бўлишни ва ҳамма фақатгина унинг ҳукми остида бўлишини истайди.
(Нафси амморанинг касаллиги шу даражада хавфли бўладики, уни даволаш ҳаракатида бўлинмас экан, бир кун илоҳлик ҳам даъво қилиши ҳам ҳеч гап эмас)
Ҳадиси қудсийда келтириладики: “Нафсингни душман тутгин. Зеро, у менинг душманимдир”.
Нафси амморанинг мавқеъ-мартаба эгаси бўлиш, инсонларга ҳукмронлик қилиш, манманлик ва такаббурлик каби истакларини бажариш, ҳақиқатда Ҳақ азза ва жалла душманига мадад қилиш ва уни қувватлаш бўлади. Бу ишнинг қандай ҳам қабиҳ ва жирканч эканлигини жуда ҳам яхшилаб билиб олмоқ лозим.
(Мавқеъ-мартаба ва мансабга ҳалоллик ила эришилса ва одиллик ила олиб борилса қандай ҳам яхши. Аммо, нопок йўллар ила эришилса, бундан ажралиб қолмаслик учун ҳар қандай разиллигу қабоҳатга тайёр бўлади. Нафси аммора бу қабоҳатларни барчасини ўзини ҳимоя қилиш баҳонасида бажартириб, не кўйларга солмайди. “Менинг нафсим балодир, ёнар ўтга салодур”, дея бекорга айтилмаган)
Ҳадис қудсийда ворид бўлганки: “Кибриёлик – ридоимдир. Азаматлик (улуғворлик) эса – изоримдир. Кимки, бу иккисида Мен ила низо қилса, (унга) раҳм шафқат қилмасдан, дўзахга соламан” (Имом Муслим, Абу Довуд, ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ибн Можа ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган).
(Бу мажозий ўхшатма бўлиб, Аллоҳ таоло бирон нарса ва бирорта кимсага муҳтож бўлишдан муназзаҳдир (покдир). Балки, барча унга муҳтождир. Ҳадиси қудсийда эса, мана бу улуғворлик ва кибриёликнинг ҳақиқий эгаси кимлиги баён қилиниб, нафснинг хоҳиш истаклари эса муолажа қилинмоқда).
Дунёи дания (ҳақир дунё) Ҳақ субҳанаҳунинг ғазаб қилгани ва лаънатлаганидир. Бунинг сабаби эса, бойлик ҳосил қилишда нафснинг хоҳиш истакларини бажаришга ёрдам бериш борлигидир.
(Нафси аммора ҳар доим бой бўлишни, хоҳлаган нарсасига эга бўла олишни, ҳар жойга қўл узатса етишини истайди. Зеро, бу восита сабабли кўпроқ нарсаларга эга бўла олиш мумкинлиги барчага маълумдир. Бу ердаги дунёнинг мазаммат қилинаётгани бойлик сабабли туғёнга кетиб қолганлар учундир. Аммо, бойликни ўз ўрнига сарфловчилар бу ваъид ҳукмидан ташқарида бўлиши шубҳасиздир)
Шубҳа йўқки, ҳар ким душманга ёрдам қилса, лаънатга дучор бўлади. Фақирлик ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбул хабарлар айтгандир. Зеро, фақирликда нафс хоҳишларининг амалга ошмаслиги ва унинг ожизлиги ҳосил бўлади.
(Нафси аммора истаклари қанчалик ҳам қўрқинчли ва хавфли эканини билиб олдик. Унинг бундайин истакларини ҳосил қилиш учун ҳаракат қилавериш Ҳақ таолонинг ғазабига дучор қилади. Зеро, нафсни ўз ҳолига қўйиб, бир кун инсофга келиб қолишини кутиш ақлдан эмасдир. Уни шариат амаллари ила тарбиялаш, синдириш, нафси мутмаиннага айлантириш чораларини кўриш лозим).
Анбиё алайҳимуссаломлар юборилишидан мақсад ва шаръий буйруқлар ҳикмати ҳам ўша нафси амморани ожиз ва хароб қилиш бўлган. Шариат ҳавои нафснинг зиддига ворид бўлгандир. Ҳар қачон шариат тақозосига кўра бирон амал қилинадиган бўлса, ўша миқдордаги ҳавои нафс зоил бўлади (йўқотилади). Мана шу сабабли ҳавои нафсни зоил қилишда, шариат аҳкомларининг бир ҳукмига амал қилиш, ўзи истаб минг йил риёзат ва машаққат чекишдан кўра афзалроқ бўлади. Балки, бу риёзат ва машаққатлар Ислом шариати тақозосига кўра бўлмагани сабабли ҳавои нафсонни кучайтириб, қувватлайди холос.
(Баъзилар Ислом шариатининг буйруғи бўлмиш закот бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Бу ҳақида айтилса ҳам энсаси қотади. Аммо, бирор маросим эҳсонини қилишлари лозим бўлиб қолса, жуда катта миқдордаги маблағларни сарф қилишаверади. Сабаби эса оддий: закот бериш Аллоҳ талонинг буйруғи бўлиб, нафси аммора буни адосини сира ҳам истамаслиги аниқ. Аммо маросимлар эҳсони эса, нафснинг ўз истаги бўлиб, бунда риё ва сумъа шуҳратлари мана ман деб туради. Бунинг устига “Фалончи отасининг йиғинига миллионлаб сарфлаб, тўкиб ташлабди-я азамат, қойил”, каби мақтовлар кимга ҳам ёқмайди).
Браҳманлар ва йоглар риёзат ва машаққат чекишда сира ҳам камчиликка йўл қўйишмайди. Аммо, бундан ҳавои нафсларини тарбия қилиб кучайтиришдан бошқа биронта ҳам фойда олишолмайди. Масалан, шариат амрига кўра бўлган бир дирҳам закот бериш, нафсни хароб қилишда, ўз истагига кўра минг динор сарф қилишдан кўра фойдалироқ бўлади. Ийд Фитрда шариат амрига кўра бир луқма таом ейиш, нафсни синдиришда ўз хоҳишига кўра бир неча йил рўзадор бўлишдан кўра манфаатлироқдир. Шунингдек, суннати муаккада ҳисобланган бомдод намозини икки ракъатини жамоат ила адо қилиш, нафсни зоил қилишда, ўзи хоҳишига кўра туннинг ҳаммасида нафл намоз ўқиб, сўнгра бомдодни жамоатсиз ўқигандан кўра афзалдир.
(Амаллар бирон бир қийматга эга бўлиши учун Ислом шариатига мувофиқ бўлиши лозим. Мана шу аслдир)
Жумладан, токи нафс ўз манманлиги ва такаббурлиги каби нопоклик ва ифлосликларидан покланмас экан, нажот топиш маҳолдир. Бу касалликни зоил қилиш (тузатиш) энг зарурий чора бўладики, то абадий ўлимга олиб бормасин.
(Нафси аммора истакларининг қанчалар ҳам қўрқинчли ва хавфли экани маълум бўлди. Уни ўзи бир куни инсофга келар дея кутиш бефойдадир. Уни Ислом шариатига амал ила тарбиялаш ва бунга жидду жаҳд қилиш лозим.)
Калимаи тоййиба “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси барча инсоний ва жисмоний илоҳларни инкор қилиш учун жорий қилинган бўлиб, нафсни поклаш ва тозалашда энг манфаатли ва муносиб калимадир. Тариқат улуғлари (руҳий тарбиянинг улуғ алломалари) Аллоҳ уларнинг сирларини муқаддас қилсин, нафсни поклашликда мана шу муаззам калимани ихтиёр қилганлар.
Байт:
Токи йўлни “Ло” супургиси ила тозаламас экансан,
“Иллаллоҳ” саройига ҳаргиз ета олмайсан.
Демак, нафс доимо саркашлик мақомида бўлиб, аҳдни бузишга интилаверар экан. Бу калимани такрор-такрор айтиб иймонни янгилаб туриш лозим бўлади.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймонларингизни Ла илаҳа иллаллоҳ қавли ила янгилаб туринглар”, деб айтганлар.
(Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, иймон бирортангизнинг қалбида худди кийим каби халқ қилинади. Аллоҳдан қалбингиздаги иймонни янгилашини сўранглар”, деб айтганлар. Тобароний “Кабир” да ривоят қилган. Ҳоким “Мустадрак” да ушбу ҳадисни “Ла илаҳа иллаллоҳ” лафзи билан ривоят қилган. Азизий: “Ушбу ҳадиснинг санади саҳиҳдир”, деган).
Балки, бу калимаи тоййибани доимо такрор ва такрор айтиб юриш энг самарали чора бўлади. Зеро, нафси аммора доимо хубс (нопоклик, ифлослик) мақомида бўлади. Ҳадиси қудсийда ушбу калима фазилати келтирилган:
“Агар осмонлар-у ерни тарозининг бир палласига ва калимаи тоййибани яна бир палласига қўйиб тортиладиган бўлса, калимаи тоййиба (савоби) қўйилган палла оғирроқ келган бўлар эди”.
(Ҳофиз Ироқий “Иҳё” ҳадисларининг тахрижида айтади: “Ушбу ҳадисни ибн Сунний “Амалул явм валлайла” (Кеча ва кундаз амали)да ривоят қилган. Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилиб, саҳиҳ деб айтган. “Мишкот”да Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусо алайҳиссалом: “Эй Роббим, менга Сени зикр қиладиган ёки Сенга дуо қиладиган нарсани ўргатгин”, деди. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деб айтгин”, деди. Мусо алайҳиссалом: “Эй Роббим! Бандаларингнинг барчаси буни айтишади-ку. Менга Сени зикр қилиш ва Сенга дуо қилиш учун хос нарсани ўргатгин”, деди. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо! Агар етти қават осмонлар ва ерлар тарозунинг бир палласига ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси (савоби) яна бир палласига қўйилиб тортилса, “Ла илаҳа иллаллоҳ” қўйилган палла оғирроқ бўлар эди”, деди. “Шарҳус сунна”)
Ҳидоятга эргашган ва Муҳаммад мустафо алайҳиссаломга муносиб уммат бўлганларга саломлар бўлсин.
Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндийнинг “Мактубот”
китобидан Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси