Бош саҳифа » Ибрат » Ибратли воқеа

Ибратли воқеа

Бир киши ниҳоятда ночор ҳолда, зўрға кун кечирар экан. У бир куни мустажобуд даъват, яъни дуоси кўп ижобат бўладиган кишининг ҳузурига борибди ва:

«Менинг ҳаққимга дуо қилсангиз! Мен ҳам кам-кўсти йўқ кишилар каби ҳаёт кечирсам», деб, ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрабди. У одам: «Аввал сен бирор кам-кўсти йўқ одамни топиб, менга : «Шу одамга ўхшашни хоҳлайман», дегин! Кейин мен Аллоҳдан сенинг ҳаққинга дуо қилай», дебди.

Фақир киши ўз шаҳридаги бозорларни айланиб юриб, бир дўкондорга кўзи тушибди. У бир гапириб, ўн кулар, савдо молларини хоҳлаганига арзонга сотар, хоҳлаганига бекорга эҳсон қилиб, бериб юборар эди. Атрофида икки-уч келишган йигитлар (ўғиллари бўлса керак) хизматига тайёр туришибди. «Шу одам, мен шу одамга ўхшашни хоҳлайман!» деб, дуогўйнинг ҳузурига борибди ва:

«Фалон дўкондорга ўхшашни хоҳлайман», дебди. У киши фақирга:

«Аввал сен унинг бирор ҳасрати бор-йўқлигини билиб келгин. Мабодо ташқи кўриниши сен орзу қилгандек бўлса ҳам, ичи ҳасратга тўла бўлса, сен ҳам қийналиб қолмагин», дебди.

Фақир у зотнинг гапига қулоқ солиб, дўкондорнинг олдига келибди ва аҳволини баён қилибди. Шунда дўкондор қаттиқ хўрсиниб :

«Бирорта инсон мен каби бахтсиз бўлмаса керак, – дебди. Фақир ҳайрон бўлибди. Шунда дўкондор сўзида давом этибди:

– Аллоҳ менга мол-дунёни берди, лекин хотиннинг баракасини бермади. Эҳтиросга берилиб, шариатга номувофиқ иш қилдим ва Аллоҳ мендан хотиннинг баракасини олиб қўйди. Бир куни аёлим қаттиқ касал бўлиб, ҳамма умидимиз узилди ва қайтиб соғаймаса керак, деб тайёргарликни кўра бошладик. Аёлим ҳам, мен ҳам бир-биримизни қаттиқ яхши кўрар эдик. Ўлимидан аввал у менга қараб: «Мен ўлсам, яна бошқасига уйланиб, кўрмагандек бўлиб кетасиз», деди. Ўзи ўлим тўшагида ётган бўлса ҳам, унинг бу гапида рашқ, ҳасрат аломатлари бор эди. Уни юпатиш учун қайта уйланмаслигимни айтдим, лекин таскин топмади. Мен эҳтиросга берилдим, ҳаммомга кириб, қайта уйлана олмайдиган ҳолатда чиқдим. Шундан сўнг аёлимнинг кўнгли таскин топди. Аллоҳнинг тақдири экан, у ўлмай қолиб қабрнинг оғзидан қайтиб келди. Муҳаббатимга жавобан, бир-икки йил сабр қилди, кейин эса аёллигига борди. Сен кўриб турган болалар менинг фарзандларим эмас. Шариатга номувофиқ қилган бир ишим, мендан хотиннинг баракаси кетишига, умр бўйи ҳасратда қолишимга сабаб бўлди…»

Шундан сўнг фақир ўзида борига шукр қилиб яшай бошлади.

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*