Бош саҳифа » Мақолалар » Уруш эмас, тинчлик бўлсин!

Уруш эмас, тинчлик бўлсин!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Душманга дуч келишни орзу қилманглар. Аллоҳдан саломатликни, тинчликни сўранглар. Агар уларга дуч келсангизлар маҳкам туринглар ва Аллоҳни зикр қилишни кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилдилар”.

Албатта тинчлик неъмати бебаҳо, унга ҳамма муҳтож. Уни сотиб олиш учун махсус бозор йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида: “Сизларга иймондан кейин Аллоҳ таоло берган неъматлари ичида “офиятчалик” катта неъмат бермади”, дедилар.

Одатда 9 май арафасида II-жаҳон урушига доир кўпгина кинолар кўрсатилади. Уйда телевизор орқали шундай кинолардан бири намойиш этилди. Кинонинг таъсири дарҳол мени қамраб олди. Кинони диққат билан кўрар эканман шунчалик киришиб кетганимдан ундаги бош қаҳрамон ўз ватани ҳимояси учун душман томонга шахдам қадамлари, ўткир нигоҳлари билан ўқотар қуролини кўтариб бораётган жангчи йигитнинг аҳволи худди ўзимни ҳаётимда рўй бераётгандек, уни ўрнида ўзимдек гўё, у билан бирга жанг қилардим, гоҳ туртиниб, гоҳ йиқилиб қалбини тирнаётган бир алам “ҳали сенларними, ҳаммангни ер тишлатаман” деган фикрларини ўқий олиб, унга “бу сенинг қўлингдан келади қаҳрамон, олға!” деб, олқишлаб турардим. Бир томондан душман тарафидан отилаётган ўқлар овози, яна бир томондан бомбаларнинг гумбурлаши, сафдошлари бирин кетин ўқ зарбидан ҳалок бўлар, танкларнинг ер сатҳини зириллатиб ўтиши, ярадорларнинг чинқириқ, бақириқлари қулоқни қоматга келтирарди. Тўсатдан ўтирган уйимнинг кўча томонидан кучли портлаш каби гумбурлаган овоз келиб, ўтирган уйим баланд, кўп қаватли, катта кўчага яқин бўлгани учун ҳам ларзага келиб кетди. Даҳшатдан бир сакраб тушдим, наҳотки бу овоз кинода эмас ҳақиқат бўлса, наҳотки кинодаги ҳолат ҳаётимда бўлса деган ўй бутун вужудимни қоплади ва қўрқув аралаш ҳаёжон билан сакраб туриб ўзимни деразага урдим. Ташқаридан келаётган овоз яна кетма-кет такрорланарди. Шошганимча деразани очиб ойнадан бошимни чиқариб ташқарига қарадим не кўз билан кўрайки бу даҳшатли овоз ўқ ёки бомбаларнинг овози эмас, бутун зимистон осмонни ёритаётган, тинчлигимиз учун, фаровон ҳаётда яшаётган бахтли одам эканлигимизни намойиш қилгувчи, тинчлик ва хурсандчилик рамзи бўлиб отилаётган мушаклар овозию юлдузли тун осмонида порлаётган, унинг таратаётган ёриғи эди. Осмонга боқар эканман кўзимдан беихтиёр хурсандчилик кўз ёшлари юзимга оқиб тушди. Бундай тинч замонда яшаётган элу халқимизга бу тинчлик давомли бўлишини истаб яратганга дуо қилиш учун қўл кўтардим. Илоҳим, юртимизни ёмонларнинг ёвузлигидан Аллоҳ ўз паноҳингда асрагин. Мамлакатимиз мустақиллигини орзу қилиб биз келажак авлодлари тинч омон яшашлари учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимиз руҳлари ҳамиша шод бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусоффо бўлсин!

Илҳомжон Мадалиев,
Тошкент шаҳар “Мўйи Муборак” жомеъ масжиди имом-хатиби

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*