Бош саҳифа » Илм » Ибодат борасида шайтоннинг ҳийласи

Ибодат борасида шайтоннинг ҳийласи

Шайтоннинг бандага ибодат борасида қиладиган ҳийласи икки турли бўлади:

Биринчи ҳийласи шуки, шайтон ибодат борасида бандани кибр ва фахрга мубтало қилади.

“Мен буюк обид бўлдим”.

“Мен Аллоҳ таолога жуда кўп ибодат қилдим” дея банданинг қалбида фахр ва кибр пайдо қилади.

Бунинг муолажаси, ибодатдан кейин “алҳамду лиллаҳ” дейишликдир. “Алҳамду лиллаҳ” лафзи шайтонни ноумид ва ожиз қилади. Банда ибодатдан кейин “алҳамду лиллаҳ” дейиши ила “мен қилган ибодат, Аллоҳ таоло ато қилган тавфиқ туфайлидир”, дегани бўлади. Бундан шайтон ҳийласи ожиз қолади.

Иккинчи ҳийласи шуки, шайтон инсон қалбига, “сенинг бу ибодатинг нима бўпти?”

“Сенинг бу намозинг нима бўпти?”

“Сенинг бу сажданг нима бўпти?” дея қилган ибодатларини пастга уриб, маъюс қилади. Намоз ўқиб бутун умримиз ўтди. Лекин Аллоҳ таолога лойиқ бўлгандек ҳаққини адо қилиб намоз ўқий олмадик. “Ундоқ бўлса намоз ўқишдан нима фойда?” деган маъюсликни шайтон қалбга солаверади. Бунинг муолажаси, намоздан кейин истиғфор айтишликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан кейин дарҳол уч марта “астағфируллоҳ”, деб айтар эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу “ибодатдаги камчиликлар учун Аллоҳ таолога истиғфор айт”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда солиҳ бандаларини мақтаб шундай дейди:

كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ

وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

Яъни: “Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18 оятлар).

Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кечалари туриб Аллоҳ таолога ибодат қилиб чиқасиз. Саҳар пайтида эса кўп истиғфор айтасиз. Ахир гуноҳ қилмаган бўлсангиз. Истиғфор айтишингизга сабаб нима?” деб сўрадилар. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қилган ибодатларимга: “Эй, Роббим! Сен лойиқ бўлгандек ибодат ҳаққини адо қила олмадим. Шунинг учун мени мағфират қил”, деб истиғфор айтаман”, деганлар.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ

Абдулқаййум Комил таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*