Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
و بارك لي في رزقي
“Эй, Аллоҳим! Менинг ризқимда барака ато қил”, деб дуо қилганлар.
Ўйлаш лозимки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, “Эй, Аллоҳим! Жуда кўп ризқ ато қил, менинг молимни кўпайтириб бер”, деб дуо қилмадилар. Балки, “Эй, Аллоҳим! Менинг ризқимда барака ато қил”, деб дуо қилдилар.
Агар Аллоҳ таоло барака ато қилса, оддий ишчининг озгина маошида ҳам баракалар ато қиладики, ўша маоши сабабли унга ором ва хотиржамлик насиб бўлади. Агар Аллоҳ таоло баракани кўтариб юборса, у ҳолда миллионер ва миллиардер инсон учун ҳам мол-мулки роҳатга сабаб бўлиш ўрнига азобга сабаб бўлади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарса саноқнинг кўплиги эмас, сўрайдиган нарса “барака” эканлигини баён қилдилар.
Ҳакимул уммат Ҳазрат Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ бир ибратли воқеани айтадилар: Лакҳнау шаҳрининг бир жуда катта ҳукмдори бўлиб, у жуда бадавлат ва мулкдор эди. Унинг саройлари ва қалъалари бор эди. Ходимлар ва хизматкорлари бор эди. Турли хил неъматлар муҳайё эди. Лекин ушбу ҳукмдорнинг ошқозонида шундай бир дард бор эдики, шу сабабдан унинг табиби, “энди сизнинг таомингиз бутун умр фақат бир нарса бўла олади. Эчкининг ярми олиниб, тоза докага солинсин ва суви чиқариб олинсин. Ана ўша қийманинг суви сизнинг таомингиз бўлади. Бундан бошқа бирор нарса ейишингиз мумкин бўлмайди”, деди.
Энди, уйда турли-туман таомлар пишяпти. Мева-чевалар мавжуд. Дунё тўла неъматлар мавжуд. Лекин ҳукмдорга фақат қийманинг суви насиб холос, бошқа нарса эмас.
Бир куни ўша ҳукмдор Гумти дарёсининг соҳилидаги саройида ўтириб, дарёга қараб турган эди. Шу пайт кўрдики, дарёнинг соҳилига йиртиқ ва эски кийим кийган бир ишчи келди. Туш пайти эди. У бир дарахтнинг соясига ўтирди. Кейин тугунини очиб ичидан икки катта бўлак нон ва пиёз чиқариб олди. Кейин ўша нонларни пиёзга қўшиб иштаҳа билан еди. Кейин дарёдан сув ичди ва ўша дарахтнинг остида ухлади.
Ҳукмдор тепадан бу ҳолатни кузатиб турган эди. Шунда у: “Бу барча мол-давлат, бу данғиллама уй-жой, ҳамма ҳаммасини Аллоҳ таъоло мендан олсин. Эвазига мана шу ишчига насиб бўлган ором ва хотиржам уйқу менга насиб бўлсин. Мен шунга розиман”, деди.
Чунки, унда мол-давлат бор эдику, лекин барака йўқ эди.
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ
Абдулқаййум Комил таржимаси