Байт:
Аз бадон файз муҳоласт ба некон бирасад,
Ҳаққи бедорийи дуздон ба асас бисёраст.
Таржимаси: Ёмонлардан яхшиларга файз етиши амри маҳолдир. Тун қоровулларида ўғриларнинг бедорлик ҳақи кўпдир.
Соиб раҳимаҳуллоҳ айтмоқчики, одатда ёмон кишининг ёмонлигидан яхшиларга бирор файз ва манфаат етган эмас. Бундан фақат бир ҳолатни мустасно қилиш мумкин. У ҳам бўлса, ўғрилардан тун қоровулларига етган файз ва манфаатдир. Зеро ўғрилар борлиги сабабли қоровуллар тунда бедор бўлиб, кечасидаги файзлардан баҳраманд бўладилар. Ҳазрат Соиб бу шеърида кечадаги файзлар камоли кўплигидан киши қандайдир сабаб билан бўлса ҳам, тунни бедор ўтказса, унинг баракотларидан насибадор бўлишига ишора қилмоқда. Лекин бунинг учун унда бирор гуноҳ қилмаслик шарт. Бирор сабаб билан бедор бўлган киши таҳорат олиб, намоз ўқиса ёки лоақал Аллоҳ таолони зикр қилиб олса, файз устига файз қўшилган бўлар эди. Яна бу шеърдан дунёдаги энг ёмон нарса ҳам қандайдир ҳикмат билан яратилишини ҳам билиб олдик. Гарчи унинг ўзида яхшилик бўлмаса ҳам, бошқа яхши нарсаларга сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Ашраф Али Таҳонавий айтадилар: “Биргина ўғри қанчадан-қанча кишиларнинг ҳалол ризқ топишига сабаб бўлади. Зеро ўғри борлиги учун усталар эшик, дарвоза, қулф, панжара ясаб, яна кимдир девор қуриб, бир нечта киши эса қоровуллик эвазига маош олиб, кунини ўтказмоқда”.