Америкаликларда ажойиб бир ибора бор: “Crab bucket theory” – “Қисқичбақалар солинган челак назарияси”.
Аниқланишича, агар челакда битта қисқичбақа бўлса, у осонгина эркинликка чиқа олади. Агар улар 5-6 та бўлса, ҳарчанд уринмасин, ҳеч қайсиси чиқа олмайди. Негаки улардан ҳар бири юқорига кўтарилаётган қавмдошини тортиб, ўзи чиқишга уринар экан. Хуллас, “челакдаги қисқичбақа” иборасидан келиб чиқадиган мантиқ одамларга ҳам хос. Бу иллат динимизда “ҳасадгўйлик” дейилади.
Уламоларимиз ҳасадга сабаб бўладиган омилларни ўрганиб чиқиб, мазкур сабаблар 6 та эканини таъкидлаганлар:
- Душманлик ва ёмон кўриш.
Агар душманига неъмат етса хафа бўлади, мабодо ёмонлик етса хурсанд бўлади ва унга етаётган ҳар бир омадсизликни менга қилган ёмонликлари учун жазоланяпти деб, Аллоҳнинг синови эканини ёдидан чиқаради.
- Кўра олмаслик.
Бирор одамларга омад кулиб боқса, нима учун менга етмай унга келиши керак деб Аллоҳнинг хоҳлаган бандасига неъмат бериш сифатини инкор қилади. Бу эса Аллоҳга нисбатан банданинг ёмон нисбати бўлиб гуноҳкор бўлади.
- Кибр.
Мутакаббир киши ўзидан паст саналган кишиларни доимо масхара қилиб, ерга уриб юрган бўлади. Шунинг учун, ўзларидан паст одамларга неъмат, омад келганига чидай олмай, ҳасад қилишга ўтади.
- Мақсадида эришолмай қолишдан қўрқиш.
Бу ҳолат бир хил йўналишли ва бир хил мақсадга эришиш учун ҳаракат қилаётган шахслар орасида кўп учрайди.
- Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик.
Бунга маълум бир соҳада ўзининг тенги йўқ бўлишини орзу қилиш мисол бўлади. Бу йўлда унинг рўпасидан чиққан ҳар қандай кимсани йўқ бўлишини истайди, ўрни келганда унга зулм етказишдан ҳам тонмайди.
- Ҳар қандай кимсага яхшиликни раво кўрмайдиган, табиати бузуқ шахс ҳасадчи бўлади.
Ўзига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам кўролмайди.
Одамлар ҳаётда ўз ўринларини топишларида ўзгаларнинг бу каби иллатлари ҳамиша йўлга тўғоноқ бўлаверади. Одамларнинг табиати шундай, бунга қарши ҳеч нарса қила олмайсиз. Аммо ўзингизга бўлган ишонч шу челакдан чиқишингизга ёрдам беради. Сиз иродали бўлиб, оёғингиздан тортаётган қисқичбақаларни енгиб, чиқиб кета олишингиз керак.
Инсонлар ўртасидаги ҳасад ҳам мана бунинг бир кўринишидир. Сиз юқорига чиқишга уринасиз, лекин кимдир сизни оёғингиз тагида турган нарсани олиб ташлайди.
Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Модомики, ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар. Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилиб, у жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиз.
Яратган Роббимиз жамиятимизда бир-бирларимизга нисбатан ҳасад қилиш балосидан Ўзи асрасин.