Ислом манбаларида ўсимликлар қаторида, боғдорчилик масаласи муҳим аҳамият касб этади. Боғ барпо этиш борасида ислом тамаддуни ўзига хос услубга эга эканлиги эътиборга молик. Ислом халифалиги даврларидан бошлаб, боғ яратиш масалалари халифаларнинг вазифаларидан бири бўлиб келган. Халифалар ўзларидан яхши ном қолдириш учун ҳам боғлар яратганлар. Ислом оламида кўкаламзорлаштириш мақсадида барпо этилган боғлар ўзига хос хусусиятга эга бўлган, яъни Ислом боғларининг барпо этилиш тарихига назар ташланса, улар ўзига хосликка эга бўлган.
Масалан:
– атрофи ташқи дунёдан холи тарзда ўралган;
– ўзига хос геометрик шакл (квадрат ёки бир нечта квадратлар);
– фаввора ёки фаввораси мавжуд ҳовуз;
– ораси кенг экилган ўсимликлар;
– экзотик ва мевали дарахтлар;
– экиш савоб саналувчи дарахтлар;
– қушларнинг мавжудлиги.
Юқорида қайд этилган омиллар ислом боғларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирга кунга қадар баъзи Шимолий Африка давлатларида сақланиб қолган ана шу боғлар илк ислом давридан то ҳозирги кунга қадар наботот оламига уларни парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг эътибори катта бўлганини исботлаш билан бир қаторда, ислом манбаларида экологик маданиятнинг юксак даражада шаклланганидан далолат қилади. Ушбу маълумот таъкиди – Қуръони Каримнинг 187 та оятида ўсимликлар оламининг 30 тури ҳақида баёнот бериб ўтилган. Бу ўсимликларнинг барчаси Арабистон ярим ороли аҳолиси учун таниш бўлган ўсимликлар эканлиги диққатга сазовор. Тиббиёт илмининг тарихий ва замонавий тадқиқотлари натижасида юқоридаги ўсимликларнинг 26 тури инсон организми учун фойдали бўлган ўсимликлар сирасига киради.
Мадина – хурмолари билан машҳур шаҳар. Мадина хурмолари ичида энг афзали “Ажва” деган хурмодир. Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ривоятлар ворид бўлган. У жаннат меваларидан, унда шифо бор, ким етти дона ажва хурмосидан еса, унга сеҳр таъсир қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари муборак қўллари билан Мадинада ана ўша ажва хурмосини экканлар.
Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Нуҳ алайҳиссалом ҳам катта тўфондан кейин кемадан ер юзига тушганларида, илк қилган ишлари ер юзига кўчат экиш бўлган. Тўфондан кейин ер юзида кўп дарахтлар, ўсимликлар нобуд бўлган, Нуҳ алайҳиссалом ишни ерни обод қилишдан бошлаганлар.
Саҳобаи киромлар ерни обод қилиш учун кўчат экаётган кимсани “Аллоҳ таолонинг ишчиларидан бири” деб атаганлар. Ер юзида кўчат, дарахт, экин экаётган деҳқон, кимса, ер юзидаги Аллоҳ таолонинг ишчиси ҳисобланади. Бу эса жуда катта фахрдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн йил хизматларини қилган саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Мадинада ўзларига қарашли хурмо боғлари бўлиб, ўша боғларида меҳнат қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан ҳар йили боғлари икки марта ҳосилга кирарди. Боғларига бир райҳон эккан эдилар, ундан ҳудди мушки анбарнинг хиди келиб турарди, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Набий алайҳиссалом амакилари Аббосга фарзандларини кўчат экишга буюришларини, албатта кўчат экиш фақирликни кетказишини амр этдилар”.
Мана шу ҳадисга қўшимча қилиб Муҳуммад Боқир р.а: “Мадинага келган муҳожир саҳобалар экиннинг учдан бири, ёки тўртдан бири эвазига экин экардилар” деганлар.
“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби Илҳомжон Мадалиев томонидан, манбалар асосида тайёрланди