Бош саҳифа » Лойиҳа ҳақида

Лойиҳа ҳақида

Азиз ўқувчи, инсон учун дунёдаги энг қимматли нарса ақийда, иймон эътиқод эканини таъкидлаб ўтишнинг ҳожати йўқ. Бу улкан ҳақиқатлигини жуда яхши биламиз. Чунки инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан унинг ақийдасига боғлиқдир. Агар ақийда тўғри бўлса йўли тўғри бўлади, қилган амаллари қабул бўлади ва бандалик билан содир этган баъзи гуноҳлари афв этилади.

 

Ақийда масаласи ўта муҳим бўлгани учун ҳам бу илм кечагина пайдо бўлмаган балки Одам Атодан бошлаб, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб берган, барча даврларда ақийда масаласи бир хил бўлиб келган.

 

Аллоҳ таоло бандаларга соф ақийда йўлини Ўз пайғамбари орқали баён қилиб берган бўлса, пайғамбар вафот этгач, вақт ўтиши билан одамлар аста секин соф ақийдани бузишган, туни турли бидъат хурофотлар билан аралаштириб юборишган. Вақти соати келганда эса Аллоҳ таоло яна янги пайғамбар юбориб, кишилар ақийдасини қайтадан соф ҳолга келтирган, уларни тўғри йўлга солган.

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги Пайғамбар этиб юборилишларидан олдин ҳам жаҳонда бузуқ ақийда ҳукм сурар эди. Кишилар Аллоҳ таоло ҳақида, Унинг шериги бор, хотини бор, боласи бор каби шунга ўхшаш у Зотга умуман тўғри келмайдиган сифатларга ишониб амал қилиб боришар эди. Шунингдек, пайғамбар, илоҳий китоб, қиёмат куни, қайта тирилиш, жазо ёки мукофот олиш, фаришталар хусусидаги масалаларда ҳам ўта бузуқ ақийдада эдилар.

 

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги Пайғамбари этиб танлаб, у зотга Ўзининг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилишни бошлаган ондан бошлаб инсоният ақийдасини поклашга алоҳида аҳамият берди. Деярли ўн уч йил давомида кишилар “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ” ақийдасига ва ушбу ақийдага эга бўлган инсоннинг сифатига эга бўлишга чақирилди.

 

Кейинчалик ақида бобида кўзга кўринган уламолар етишиб чиқдилар, мазҳаблар пайдо бўлди, китоблар битилди.

 

Ана ўша мазҳаблар ичида асл исломий ақийдани маҳкам тутганларга “Аҳли сунна вал жамоа” деган ном берилди. Чунки бу мазҳабни тутганлар ўз мазҳабларини Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида олиб борган бўлиб, мусулмон оммасининг асосий жамоасини ташкил этар эдилар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби тўғри йўлни маҳкам тутиб келди. Бошқа турли фирқалар эса вақт ўтиши билан йўқ бўлиб борди. Баъзи вақтларда турли сабабларга кўра янги ҳар хил фирқалар пайдо бўлиб, яна йўқолиб кетмоқда.

 

Азиз юртимиз Мовароуннаҳрда соф Исломий ақийдаси ҳукм сурган пайтда халқимиз дунё халқларининг пешқадами бўлган. Ҳаётнинг турли соҳаларида ажойиб тараққиётга эришган. Бошқа турли илмлар қатори, ақийда илмида ҳам бутун дунёга донг таратган улуғ уламоларни етиштириб чиқарган.

 

Ўша буюк ватандошларимиздан бирлари Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларига Ислом уммати ҳақли равишда Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини тузатувчи деган лақаб берган. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги бош йўналишлардан бири у кишининг номлари билан “Мотуридия” деб аталади.

 

“Аҳли сунна вал жамоа” ақийдасини тузатувчи Имом Мотуридийнинг келажак авлодлари Ислом ақийдаси нима эканини унутиб қўйдилар. Натижада кўпчилик бу соҳада саводсиз бўлиб қолди. Ўзича устоз кўрмай ҳаракат қилган шогирдлар ичидан эса қўлига тушган турли китобларни ўқиш оқибатида тўғри йўлдан озишлар вужудга келди. Турли мавзуларда талашиб тортишувлар пайдо бўлди. Юртимиз одамлари ичида Ислом номидан гапирадиган турли ботил мазҳабларга, ҳатто насронийлик, буддизм, кришнанизм каби бошқа динларга эргашадиганлар ҳам чиқди. Бу эса юртимиз мусулмонлари учун катта мусибат эди.

 

Бунинг ислоҳи йўлида ҳар бир илм аҳли олдида улкан масъулият туради. Мана шу масъулиятнинг бир четини елкага олиш ҳисси бизнинг ҳам бурчимиз эканлигини қалбимизга яратган Роббим солиб қўйишининг ўзи ҳам биз учун улкан шараф. Бу йўлда хормай толмай хизмат қилишимизда Роббимнинг мададига, сиз азизларнинг эса дуоларингизга мухтожмиз.

 

Шу кунга қадар сизлар билан ақийдада иймонга тааллуқли масалаларнинг иймон шартлари бобидаги етти шартдан бештаси ҳақида фикрлашдик. Давомини ҳам бахоли қудрат етказиб борамиз. Каналимизда имкон қадар илмий маълумотларни бериб бориш ва ортиқча расм ёки видео роликлари каби чалғитувчи шов шувлардан узоқлашган ҳолда олиб борилади. Фақатгина расмий Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юборилган тезислар асосида олиб борилган жума маърузалари бундан мустасно.

 

Мақсадимиз: Аллоҳ қодир қилгунича ислом арконларига тааллуқли масалаларнинг барчасини “Аҳли сунна вал жамоа” мазҳаби асосида пок ақийда билан Ислом динига амал қилишимиз учун бор илмимиз ва имкониятимизни ишга солиб, оз бўлсада бу йўлда билганларимизни сиз азизлар билан бирга баҳам кўриш. Яратган Роббимиз сизу бизларни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Мадалиев Илҳомжон Умаржон ўғли,
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

 

Telegram тармоғида @shoshuz каналига уланиш учун қуйидаги ушбу ҳавола орқали кириб «JOIN» тугмасини босинг