Бош саҳифа » Мақолалар » Ислом элчиси

Ислом элчиси

«Ислом элчиси» бўлмиш Мусъаб розияллоҳу анҳу Исломга кирганида ёшгина йигит эди. У Исломида собит тура олган буюк саҳобалардан ҳисобланади.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳлларга бетма-бет тура олди. Исломга кирганидан сўнг онасининг ёмон муомаласига сабр қила олди. Онаси уни қамаб қўйиб овқат бермас эди. У Ҳабашистонга динини сақлаш учун ҳижрат қилганлар сафида бор эди. Сўнг яна Маккага қайтиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом тарихидаги энг хатарли вазифани топширдилар. Бу вазифа Мадинаи мунавварани урушсиз фатҳ қилиш эди. Мусъаб бунинг уддасидан чиқа олди. Мадинани урушсиз бир ўзи фатҳ қила олди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мадинада Ислом кирмаган бирор-бир хонадон қолмади», дея хабар берди.

Эътибор беряпсизми?! Мадинада Ислом кирмаган хонадон қолмаган! Бу инсон қанақанги даъват соҳибики, Мадинадаги ҳар бир хонадонга унинг даъват саси кириб борган бўлса?! Мадинадаги ҳар бир мусулмонда унинг муаллимлик ҳаққи бўлса?!

Бу инсон қандай бахтли инсонки, унга бугунги кунда ўша даъват сабабидан Исломга кирган мадиналикларнинг мусулмон авлодларидан ҳам муаллимлиги учун савоб улуши етиб турган бўлса… Машааллоҳ!

Мусъаб розияллоҳу анҳу бир қўлида байроқ бошқа бир қўлида қилич билан Набий алайҳиссалоту вассаломни Уҳуд куни ҳимоя қилди. Унинг бир қўлини кесишди. Байроқни бошқа қўлига олди. Бу қўлини ҳам кесишди. Мусъаб розиёллоҳу анҳу байроқни гавдаси билан тутишга ҳаракат қилди. Аммо ҳал қилувчи зарба уни ерга йиқитди.

Мусъаб розияллоҳу анҳу дунёда ҳеч бир роҳат кўрмади. Барча яхшиликлари охиратга қолди. Ҳатто кафанликка кийимлари ҳам етмай изхир деган ўсимлик билан оёқларини ўраб дафн қилишди.

Энди биз ўзимизни Мусъаб розиёллоҳу анҳу билан солиштирайлик. Биз нима хизмат қилиб қўйдикки, Аллоҳ бизни бугунги кунда истифода қилиб турган неъматларимиз ила кўмди. Кимларнинг ҳидоятига сабаб бўлдикки, даъволаримиз бу қадар юксак. Астағфируллоҳ!

Аллоҳим Мусъаб розияллоҳу анҳуни ўз раҳмати билан буркаб рози бўлсин!

Абдуқодир Полвонов

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*