Бош саҳифа » Ибрат » «Язид ҳақида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқма!»

«Язид ҳақида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқма!»

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг гапига Аллоҳ таоло кучли таъсир кучини ато қилган эди. Унинг гаплари инсонларнинг қалбига кириб борар, султон ва волийлар ҳузурида ҳақни бўямасдан гапира олар эди.

Ибн Халликон ривоят қилади:

«Умар ибн Ҳубайра Физорий Ироққа волий бўлди. Унга Хуросон ҳам қўшиб берилди. Бу воқеа халифа Язид ибн Абдулмаликнинг даврида бўлган эди.

Волий Ибн Ҳубайра ҳузурига Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирин ва имом Шаъбийни чақиртирди. Бу 103 санада содир бўлди. Ибн Ҳубайра уларга деди:

– Аллоҳнинг халифаси Язид бандаларга халифа қилинди. Улардан унга итоат қилишлари учун аҳд олинди. Биздан ҳам эшитишимиз ва итоат қилишимиз учун аҳдимизни олди. Кўриб турибсизки, мени бу ерга волий қилди. У менга амр қилаяпди. Мен бажаряпман, бу амрга бўйсуняпман. Сизлар шунга нима дейсиз?

Ибн Сирин ва Шаъбий эҳтиёткорлик билан тақия*ли гапни гапиришди.

Ибн Ҳубайра:

– Эй Ҳасан! Сен нима дейсан? деди.

Ҳасан Басрий дедилар:

– Эй ибн Ҳубайра! Язид ҳақида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқма! Аллоҳ сени Язиддан ҳимоя қилади. Аммо Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди. Яқинки, У сенга бир фариштани юборади. У сени тахтингдан туширади. Кенг қасрингдан тор қабрингга олиб боради. Ана шунда қилган амалинг фойда беради. Бошқа ҳеч нарса эмас.

Эй ибн Ҳубайра! Агар Аллоҳга осий бўлсанг билки, Аллоҳ салтанатни дин ва бандаларига хизмат учун яратган. Аллоҳнинг салтанатида Унинг дини ва Унинг бандалари ҳақида ўйламай иш қилма! Зеро Холиққа осий бўлинадиган ўринда махлуққа итоат йўқ!

Ибн Ҳубайра уларнинг кетишига рухсат берди. Ҳасан Басрийга қолганларга нисбатан икки баробар мукофот берди.

Шаъбий ва Муҳаммад ибн Сирин:

«Пасткашлик қилдик, бизга ҳам пасткашлик қилишди», дейишди.

Абул Ҳасан Надвийнинг «Фикр ва даъват қаҳрамонлари» китобидан Абдуқодир Полвонов таржимаси
________________
* Тақия- эҳтиёткорлик билан зоҳири бошқа ботини бошқа гап гапириш

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*