Бош саҳифа » Ибрат » Набий алайҳиссалом Ўз нафслари учун интиқом олмаганлар

Набий алайҳиссалом Ўз нафслари учун интиқом олмаганлар

У зот Ўзларига қарши энг одобсиз ва энг адолатсиз сўз айтилганда ҳам гарчи, у сўз қалбларига бениҳоя оғир ботса ҳам, ғазаблари жунбушга келганидан юзлари ўзгариб қолса ҳам барибир, нафслари устидан ғолиб келиб: «Мусо (алайҳиссалом)га бундан баттарроқ озорлар беришган лекин, у киши сабр қилганлар», дея ўзларига таскин бериб, кетаверганлар.

Ўшанда жангдан сўнг ўлжалар тақсим қилинаётганда ансорлардан бўлган бир киши Набий алайҳиссаломнинг тақсимотларидан норози бўлиб: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимот Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмаган тақсимотдир!», деган эди.

Ўйламай гапирилган бу сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан мушрикларнинг азиятларидан-да оғирроқ эди. Зеро, бу сўз Аллоҳ тарафидан энг буюк омонат учун танлаб олинган Зотни адолатсизликда айблаш эди. Агар Қуръони каримдек буюк омонатни халқларга етказишга вазифадор қилинган зот ўз тақсимотида Аллоҳ ризосини ирода қилмаса, бу бевосита Аллоҳнинг танловини ҳам нотўғрига чиқариш билан баробар эди.

Шу боис, бу гап Набий алайҳиссаломга етказилганда юзлари ўзгариб кетди аммо, шунда ҳам «Мусо (алайҳиссалом)га бундан баттарроқ озор беришган лекин, у киши сабр қилганлар», дея ўзларини босдилар ва ҳалиги гапни айтган кишига ҳеч қандай жавоб қайтармадилар.

Дарвоқе, юқоридаги ножўя сўзни айтиб юборган саҳобийнинг исми Муаттиб ибн Қушайр ал-ансорий бўлиб, баъзилар унинг мунофиқ эканлигини айтганлар. Лекин, тўғриси шуки, у киши мунофиқлардан бўлмаган балки, Бадрда қатнашган саҳобийлардан эдилар. Ваҳоланки, аҳли Бадр ичида мунофиқлар бўлмаган. Боз устига, Набий алайҳиссалом унда қатнашган барча инсон ҳақида Аллоҳ таоло «қод ғофарту лакум» (Батаҳқиқ, Сизларни мағфират қилдим!), дея марҳамат қилганлигини айтганлар.

Бадр аҳли ҳақида айтилган бу Сўзнинг маъноси жуда чуқур эди. Улар келажакда қайсидир гуноҳга қўл урсалар ҳам албатта, хотимасида тавбага ҳидоят қилинишлари ва Аллоҳ таоло ҳузурига мўминлар сафида бўлган ҳолда боришларини ҳам англатар эди. Бунинг ёрқин мисолини Мистаҳ ибн Асоса ва Ҳотиб ибн Абий Балтаъа каби айрим катта хатоларга тушиб қолган саҳобийлар мисолида кузатиш мумкин. Мазкурларнинг биринчиси, ифк воқеасида Оиша (разияллоҳу анҳо) онамиз ҳақларида тарқатилган туҳмат сўзларни бандачилик қилиб, нақл қилиб қўйган бўлса, иккинчиси Макка фатҳидан олдин Набий алайҳиссаломнинг кўпчиликдан сир тутган режаларини Макка мушрикларига ўз кўнглида қариндошларига яхшилик қиляпман, деган ўй билан етказмоқчи бўлган эди.

Набий алайҳиссалом юқоридаги саҳобийларнинг ҳар иккисини ҳам кечирадилар. Тўғри, Мистаҳ дарраланади ва мана шу ҳам аслида унинг кечирилиши эди.

Мистаҳ Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)нинг холасининг ўғли эди. Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) унга мурувват кўрсатиб, яхшиликлар қилиб турардилар. Баъзи ривоятларга кўра, Мистаҳ Абу Бакрнинг қарамоғида ва оталиғида улғайган эди.

Мистаҳ Оиша онамиз ҳақларидаги гап-сўзларнинг тарқалишига ҳисса қўшиб қўйганлигини эшитгач, Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) унга бошқа инфоқ қилмасликка қасам ичдилар. У кишига яқин бўлган барча «кимки, Оиша ҳақидаги салбий сўзларни гапирган бўлса, улар билан алоқани узамиз ва асло ёрдам бермаймиз!», дея қасам ичдилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

«وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ «

яъни «ичингиздаги фазл ва кенгчилик соҳиби бўлган кишилар қариндошларига, мискин-бечораларга ва Аллоҳ йўлида юртларини ташлаб чиққанларга молларидан бермасликка қасам ичмасинлар. Балки, кечирсинлар ва уларга жазо беришни тарк этсинлар. Ахир, Аллоҳ сизларни кечиришини хоҳламайсизми?!.. Ваҳоланки, Аллоҳ кўп кечирувчи ва марҳаматли зотдир» («Нур» сураси: 22-оят).

Мазкур ояти карима нозил бўлгач, Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) «албатта, хоҳлайман Аллоҳ мени кечиришини», дедилар ва суюкли қизларининг дилига оғриқ бериб, Набий алайҳиссаломни ғам ва қайғуга дучор этган ва ўзларини ҳам тинчларини бузиб, Оиша онамиз ҳақларидаги мишмишларни тарқатган барчани кечирдилар ва Мистаҳга яна яхшилик қилишда давом этдилар.

Алишер Султонхўжаев

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*