Бош саҳифа » Кутубхона » Қилмиш-қидирмиш…

Қилмиш-қидирмиш…

Кичик қишлоқда гап тез тарқалади: эмишки, баққол тарозидан уриб қолиб, одамларни алдаётган экан. Ҳаммаси новвойнинг қишлоқ қозиси олдига шакар сотувчи савдогар устидан шикоят қилиб боришидан бошланди.

«Мен ундан пишириқ учун ҳар куни юз мисқол (500 грамм) шакар сотиб оламан. Одатимга кўра, ундан олган шакарни ишлатишдан олдин тарозига тортдим. Не кўз билан кўрайки, муттаҳам савдогар менга сотган қадоқда юз эмас, саксон мисқол шакар бор экан. Биласиз, пишириқнинг мазали чиқиши учун масаллиқ меъёрида бўлиши керак. Аммо, у ҳар гал шунча шакар уриб қолса, мен хонавайрон бўламан. Сизнинг олдингизга адолат истаб келдим», деди жабрдийда новвой умидвор кўзларини қозига тикканича.

Кўп ўтмасдан нозирлар шакар сотувчи баққолни топиб келдилар. Ўзига қўйилган айбловни эшитган савдогар аввалига шошиб қолди. Бир фурсат ўтиб хотиржамлик билан гап бошлади.

«Оқил қози жаноблари, ўша куни одатимга кўра новвойдан тушлик учун нон олиб, дўконга борган эдим. Афтидан, болалар тарозини ўйнашган кўринади, унинг юз мисқоллик тошини ҳеч қаердан топа олмадим. Ноилож тарозининг бошқа палласига новвой юз мисқол деб сотадиган ўша нонни қўйиб, бир неча қадоқ шакар ўлчашга мажбур бўлган эдим. Аммо, бу ҳолат фақат ўша куни содир бўлди. Эҳтимол, новвой олган шакар ҳам ўша кунги қадоқдандир».

Қози бир оз ўйга чўмгач, новвойнинг дўконидан бир нечта нон келтиришларини буюрди. Келтирилган нонлар ўлчаб кўрилганида уларнинг барчаси меъёридан анча енгил экани маълум бўлди.

Тегишли жазони олган новвой қишлоқдошлари қаршисида уятдан мулзам бўлди. Унутманг: муваффақиятнинг тагзамини – ҳалолликдир!

Шуҳрат Сатторов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*