Бош саҳифа » Илм » Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар

Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар

1. Озуқамас ва озуқа маъносида бўлмаган нарсани тановул қилмоқ. Масалан, рўзадор хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни емоғи.

2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам, рўзаси очилиб қазосини тутиб беради.

3. Пишмаган мевани еса ҳам.

4. Тишлари орасида қолган нўҳатдан катта нарсани еса.

5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам.

6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юборса ҳам.

7. Ўз амали билан ичига тутун киргизса ҳам.

8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам.

9. Қулоғига мой томизса ҳам, лекин сув томизса очилмайди.

10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам.

11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзалиги эсидан чиққан, оғзи тўлмай қусган, таом эмас балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди.

12. Озуқа ва давони беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради.

13. Оғзини чайиб турганда хато қилиб, сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади.

14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам.

15. Ухлаб ётган рўзадорнинг қорнига биров томонидан сув киритилиб юборилса ҳам.

16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам.

17. Биров аввал эсида йўқ ҳолда таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди деб, кейин яна таом еса ёки жинсий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади.

18. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин “бу ниятим тўғри бўлмаса керак” деган шубҳа билан таом еса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади.

19. Биров “ҳали тонг отмаган бўлса керак”, деб, еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади.

20. Биров “қуёш ботган бўлса керак” деб, еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасини қазосини тутади.

21. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганда тонг отиб қолди. Дархол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади.
22. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.

23. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийси тўкилса, қазо тутади.

24. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл ҳам қазо тутади.

25. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсаларни томизса ҳам.

26. Рўзадор шахс орқасига сув ёки мой билан хўлланган панжасини ёки латта, пахта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам. Аёл кишининг ички фаржига ҳам мазкур нарсалар киритилса.

27. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса ҳам.

Мазкур ҳолатлар содир бўлганда рўзадор рўзасини давом эттириб ифторгача етказиб қўяди. Зинҳор рўзам очилиб кеттику, деб очиб юбормайди. Рамазондан кейин кунига бир кун тутиб беради.

«Кифоя»дан

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*