Бош саҳифа » Ибрат » Йўқолган зирҳ

Йўқолган зирҳ

Ҳоким қилган бир ривоятга кўра Жамал воқеасида ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) нинг зирҳи йўқолган эди. Бир киши зирҳни топиб, сотиб юборди. Сал ўтмай зирҳ бир насорода экани маълум бўлди. Шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) насоро устидан Қози Шурайҳга шикоят қилди. Қози ҳузурида ҳазрат Алининг гапи ростлигига ўғли Ҳасан билан озод этган хизматкори Қанбар гувоҳлик берди.

Шурайҳ:

— Ҳасаннинг ўрнига бошқа бир гувоҳ келтир, — дегач, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу):

— Ҳазрат Умардан Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳасан билан Ҳусан жаннат аҳли бўлган ёшларнинг афзалидир”, дея марҳамат қилганларини эшитмаганмидинг? Ўғлим Ҳасаннинг гувоҳлигини қабул қилмайсанми? – деди.

Шунда Қози Шурайҳ:

— Мен бу нарсани ўзингиздан ўрганганман. Сиз “Фарзанднинг отасини фойдасига гувоҳлик бериши жоиз эмас”, дегандингиз, — деди.
Сўнг Шурайҳ насорога юзланиб:

— Зирҳни ол у сеники, — дея ҳукм чиқарди.

Бунга жавобан насоро шундай деди:

— Мўминларнинг амири мен билан бирга мусулмон қозисининг ҳузурига келди. Қози унга қарши ҳукум чиқарди ва у қозининг ҳукмига рози бўлди. Эй мўминларнинг амири! Яратган ҳаққи, сен тўғри гапирдинг, бу зирҳ сеники. Туянгдан тушиб қолганида мен олиб қўйган эдим. Яратгандан ўзга ибодат қилинажак илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг элчиси эканлигага гувоҳлик бераман.

У исломни қабул қилгач, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ўз зирҳини унга ҳадя этиб, етти юз дирҳам пул ҳам берди. Ислом билан шарафланган бу одам ҳазрат Алининг ёнидан ҳеч айрилмади. Сиффийн жангида шаҳид бўлди.

Юсуф Товаслий,
Ҳикматлар хазинасидан

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*