Бош саҳифа » Ибрат » Чой ўрнига кeросин

Чой ўрнига кeросин

Ҳиндистонлик буюк уламолардан Абдулҳай Лакнавий айтадилар:

«Мен отам Мавлоно Абдулҳалим ҳузурида илм ўргандим. 17 ёшимда мен учун ўқилиши керак бўлган китоб қолмади. 17 ёшимдан китоб ёзишни бошладим».

Бу зотнинг илмга, китоб ёзишга харисликлари шу даражада бўлган эканки, уйларининг ўртасида хонтахта ўрнатиб, шунда доим китоб ёзарканлар. Китоб ёзиб турганларида таҳорат қистаб қолса, хаёл сочилмасин деб, уйнинг тўрттала тарафида ҳам бир хил хаммом ва ҳожатхона барпо қилган эканлар. Тезда таҳоратни янгилаб, яна китоб ёзишга киришарканлар. Ҳазрат 24 соатнинг 2 соатини уйқуга, 10 соатини илм беришга, қолган қисмини китоб ёзиш ва бошқа ибодатларга ажратар эканлар.

Шу ҳолатда ҳам оталари у кишининг кам китоб кўраётганликлари ҳақида оналарига шикоят қилибдилар:

– Ўғлингиз олдингидек китоб ўқимай қўйди. Хаёли сочилиб қоляпти.

– Менимча бундай эмас. Ўғлимиз олдингидан ҳам кўп китоб ўқияпти.

– У ҳолда буни бир синаб кўринг. Олдига чойнинг ўрнига бошқа бир бадбўйроқ нарсани қуйиб беринг. Агар ўша нарсани ичаётганида бурни бадбўйни сезиб, тупуриб юборса, билингки, хаёли сочилган бўлади.

Одатда ҳазрат овқатланиш учун алоҳида вақт сарфламай, олдиларига олиб келинганини еб, яна китоб ёзаверарканлар. Оталари синаш мақсадида чой ўрнига керосин қуйиб, хонтахтага қўйиб кетибдилар. Абдулҳай Лакнавий эса, уни чой деб ўйлаб, шартта ичиб юбориб, индамасдан яна китоб ёзаверган эканлар.

Абдулҳай Лакнавий қирққа кирмай вафот этганлар (душманлари ўлдиришади). 150 дан ортиқ китоб ёзиб қолдирганлар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!

Манба: Qadriyat.uz

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*