Бош саҳифа » Илм » Мажолиси ҳакимул умма. Девбанд улуғларининг Худодан қўрқиши ва ўз мухолифлари билан тутган йўллари

Мажолиси ҳакимул умма. Девбанд улуғларининг Худодан қўрқиши ва ўз мухолифлари билан тутган йўллари

6-мажлис

Ҳазрат мавлоно Рашид Аҳмад Гангуҳий қуддиса сирруҳу  бидъат қаршисига баъзи рисолалар ёзгач, аҳли бидъатлар томонидан сўкишлар ёғилиб кетди. Баъзи машҳур аҳли бидъатлар у кишининг хилофига сўкишлар билан тўла рисолаларни бирин кетин босиб тарқата бошладилар. У вақтда Ҳазрат Гангуҳийнинг кўзлари кўрмай қолган эди. Мавлоно  Яҳё Ҳазратнинг хос ва ишончли ходими бўлгани учун почта орқали келган хатларни ўқиб эшиттирар ва хатларга жавоб ёзиш иши ҳам ўша кишига топширилган эди. Уларнинг орасида мазкур мухолифлар томонидан ёзилган хатлар ҳам бўлар эди. Бир неча кун мавлоно Яҳё ўшандай хатларни ўқиб эшиттирмай қўйди.

Шунда ҳазрат Гангуҳий: «Мавлавий Яҳё, «дўстларимиз» бизни эслашни тарк қилдиларми? Анча кундан бери уларнинг хатлари келмади», дедилар. Мавлоно Яҳё: «Хатлар кеяпти, лекин мен уларни ўқиб беролмайман», дедилар. Ҳазрат: «Нима учун?» дея сўрадилар. «Унда сўкишлар тўлиб ётибди», деб арз қилдилар. Ҳазрат аввал: «Эй боламе, ҳеч жаҳонда узоқдаги сўкиш ҳам тегармиди», дедилар. Кейин: «Уларни ўқиб эшиттир. Биз уларнинг бирор гапи қабул қилинишга лойиқ бўлса, қабул қилиш нияти билан эшитамиз. Бизнинг бирор хатомизга ўринли танбеҳ берган бўлсалар, ўзимизни ислоҳ қиламиз», дедилар.

Бу зотлар бирор киши билан ихтилоф қилсалар ҳам, холис Ҳақ таолонинг ризосини истаб ихтилоф қиладиган Ҳақпараст ва Художўй олимлар бўлган.  Улар мухолифлари айни сўкиб турган пайтда ҳам ўч олиш истаги, ўз нафсини мудофаа қилиш, баҳона излаш ўрнига ўзини ислоҳ қилиш учун йўл топардилар. Мана шу улуғларга туҳмат қилиб, бадном қилганлар ва оммани уларнинг китобларини ўқишдан, ёнларига боришдан тўсганлар қандай ҳам золим экан! Улар ҳақида бадгумонлик қилмай, инсоф билан уларнинг китобларини ўқиган, суҳбатларидан файз топган кишиларнинг эса мушкил саволларига жавоблар ўзидан ўзи чиққан.

Ихтилофли муаммоларда агар мана шу равш ихтиёр қилинса, мусулмонлар орасидаги жангу жадал фитналари барҳам топади ва ихтилоф ихтилофнинг чегарасида туради. Лекин бунинг учун Худодан қўрқиш ва бенафсликка зарурат бор. Бу эса бугун қаҳатга учраган.

Ёрқинжон қори Фозилов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*