Бош саҳифа » Илм » Мажолиси ҳакимул умма (1-3)

Мажолиси ҳакимул умма (1-3)

1-мажлис. Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий айтдиларки: Ҳадисда шундай келади: «Кимки бир ўтиришда ўтирса, ва (ўша ўтириш тугагунича) унда Аллоҳ таолони (лоақал бир маротаба) эсламаса, қиёмат куни ўша ўтириш унинг учун афсус ва надомат чекишига сабаб бўлади».

Бу гапни ҳамиша ҳаёлингизда тутинг. Бирор ўтириш, ҳаракат ва жим туришингиз Аллоҳ зикридан холий бўлмасин.

2-мажлис

Тартиб-интизом дину дунёнинг ҳар бир ишида фойда ва зарурдир

Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий айтдиларки: «Дунёвий ишларда бадназмлик (бетартиблик) ва бетамизлик, яъни ҳар бир нарсани ўз жойига қўймаслик ёки еб-ичишда мутаносибликка риоя қилмаслик дунёвий ишларда нуқсон берганидек, ботиний ишлар учун ҳам зарардир».

Бир улуғ киши ҳақида шундай ҳикоя бор. Бирортаси у кишига мурид (шогирд) бўлгани келса, келувчи киши билан ўша заҳотиёқ кўришмасдан, балки кўришишни овқат вақтигача кечиктирар экан. Ҳукм шундай бўларканки, янги меҳмонга овқат олиб борилаётганда овқатни шайхга кўрсатиб, қайтиб олиб кетилаётганда ҳам шайхга яна кўрсатилар экан. Шайх ундан ортган овқатга қараб, меҳмоннинг табиатида тартиб ва интизом бор ёки йўқлигини тахминан билиб олар экан. Масалан нон ва қайла бир-бирига муносиб тарзда ишлатилган бўлса, бу табиат дурустлигининг аломати. Ортиқ-кам бўлса, бетартибликдан далолатдир. Қайси одамда шундай тартибсизликни кўрса, «Биздан сизга бирор фойда бўлмайди. Сизнинг табиатингизда бетартиблик бор экан. Бошқа шайхга мурожаат қилинг», дея узр айтар экан.

3-мажлис

Бемаъни ва ортиқча баҳслар инсонни катта гуноҳларга мубтало қилади. Улуғ зотлар ундан парҳез қилишга қаттиқ аҳамият қаратганлар.

Ҳазрат Низомуддин Авлиёнинг ҳузурларига икки киши байъат қилгани келди. Масжиднинг ҳавузига келиб, таҳорат олгани ўтирдилар. Ўзаро гаплашиб, улардан бири биздаги ҳавуз бу ҳавуздан анча катта, деди. Иттифоқо шайх бу гапни эшитиб қолди. Улар байъат қилгани ҳузурларига киргач, шайх у ердаги ҳавуз бу ҳавуздан қанчалик катта, деб сўрадилар.

У: «Билмайман», деди.

Шайх: «Бор, ўлчаб кел», дедилар. Унга боришга тўғри келди. Сафар қилиб, ватанига борди. Ҳавузни ўлчаб кўрса, у бир қарич катта экан.

Қайтиб келиб: «Ҳазрат ўлчадим, у ҳавуз бир қарич катта экан», деди.

Ҳазрат: «Сен у ҳавузни анча катта, деган эдинг, бир қарични анча катта дейилмайди. Сенинг бу ишингдан маълум бўладики, табиатингда рост ва ёлғон масаласида эҳтиёткорлик йўқ экан. Бу йўлда (тариқатда) қаерга ҳам бора олардинг», дедилар.

Бундан шу нарса билиндики, улуғ машойихлар муридларга вазифалар, нафллар ва бошқа шу каби амалларни айтишдан ва сулукдан таълим беришдан олдин уларнинг зоҳирий амалларини тузатиб, разил сифатлардан ҳам сақланишга одатлантирар эканлар. Бугунлик кунда жуда кўп машойихлар бунга риоя қилмайдилар. Натижа шу бўладики, вазифа ва вирдларга муридлар хўб машшоқ бўладилар, лекин разил сифатлар аввал қандай бўлса, ўшандай тураверади. Уларда ҳалолу ҳаромнинг имтиёзи, росту ёлғоннинг эҳтимоми бўлмайди. Бу эса тариқатнинг бадном бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ёрқинжон қори Фозилов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*