Бош саҳифа » Илм » Исломий сўйишнинг ҳикмати

Исломий сўйишнинг ҳикмати

Мусулмонларнинг энг муҳим байрамларидан бири Қурбон Хайити ҳисобланади. Ушбу кунда миллионлаб ҳайвонлар қурбонлик қилинади. Қурбон Хайитининг асл моҳиятини тушунмасдан туриб, кўпчилик, улар орасида баъзи мусулмонлар ҳам қурбонликни танқид қилиб, буларнинг барчасини беъманилик, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, жониворни ўткир пичоқ билан сўйишни уларга нисбатан ноинсоний муносабат, — деб ҳисоблайдилар. Буни айниқса, ҳайвонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз, деганлар кўп гапиришади. Уларнинг айтишича, пичоқ билан ҳайвонни сўйиш, энг кўп азоб берадиган ва кўп қийноққа сабаб бўладиган ўлдириш тури экан. Бундай фикрга эга бўлиш жуда катта хатодир.

Ғарб мамлакатларида ўтказилган объектив илмий тадқиқотлар асосида Ислом ўргатгани бўйича ҳайвонни сўйиш услуби — энг оғриқсиз экани тасдиқланди. Яъни, ҳайвонни ортиқча азобсиз ўлдиришнинг энг яхши усули экан.

Ғарб мамлакатларининг аксарида ҳайвонни сўйишдан олдин унинг бошига отади (зарба билан карахт ҳолатга ёки хушини йўқотиши учун гангитиб қўйилади). Шундай ҳолатда ҳайвон қаршилик кўрсатмайди ва технологик жараёнларни ҳам секинлаштирмайди. Бундай услуб инсонпарварлик дея баҳоланади. Ҳайвон ўлими олдида азоб чекмайди, деб ишонилади. Бироқ, Олмонияда ўтказилган тадқиқот — мусулмонлардан барча айбловларни олиб ташлаш учун ажойиб натижаларни кўрсатди.

Олмониянинг Ганновер университети Ветеринар мадицина мактабида чуқур тадқиқотлар ўтказилди. Тадқиқотга ўзининг ёрдамчиси доктор Хазим биргаликда профессор Вильгелм Шульц раҳбарлик қилди.

Тадқиқот: “Оддий йўл (шокотерапия) ва анъанавий (шаърий) услублар билан сўйишда қўй ва бузоқларни азобланиш аломатларини аниқлаш”, деб номланади.

Тадқиқот ғарб олимлари учун кутилмаган натижаларни берди. Маълумотлар шуни кўрсатдики, инсонпарвар ва азоб бермайдиган услуб — бу исломий сўйиш услуби экан.

Тадқиқотни ўтказиш учун олимлар бир нечта электродларни ҳайвоннинг бош суягига, миянинг турли жойларига жойлаштириб чиқишди. Орадан бир неча хафта ўтгач, баъзи ҳайвонлар исломий талабларга кўра сўйилди, бошқалари эса, Captive Bolt Pistol шокка солувчи терапия услубида сўйилди. Тадқиқот жараёнида электроэнцефалограф (ЭЭГ) ва электрокардиограмма (ЭКГ) сўйиш вақтида мия ва юрак фаолияти ҳолатини қайд қилиб борди. Ва қуйидаги натижалар олинди.

Исломий услуб:

1. Сўйишнинг илк 3 секундида ЭЭГ ҳеч қандай ўзгаришларни кўрсатмади. Бу дегани, ҳайвонлар сўйилганида ва томоқ кесилганидан сўнг ҳам ҳеч қандай оғриқ сезмаган.

2. Навбатдаги 3 секундда ЭЭГ чуқур уйқу ва хушидан кетганлигини қайд қилди. Бу эса танадан катта миқдорда қон отилиб чиққани билан боғлиқ. Тўсатдан кесилган томоқ ва ундан кўп қон отилиб чиқиши шок ҳолатига солади. Натижада миянинг керакли жойлари қон билан таъминланмай қолади ва ҳайвон ҳушидан кетади.

3. Сўнг, ЭЭГ ноль даражани кўрсатди, яъни оғриқнинг умуман йўқлигини.

4. Мия фаолияти тўхтаган бўлса ҳам, юрак уриши давом этади ва танадан қонни максимал даражада ҳайдаб чиқаради. Бу эса, истеъмол учун гўштни тоза, покиза қилиб беради.

Шокка солувчи услуб:

1. Ҳайвонга зарба берилган ва у хушидан кетган ҳолатда эса, зарбадан сўнг ЭЭГ қаттиқ оғриқ бўлганини кўрсатди.

2. Шаърий йўл билан сўйилган ҳайвондан фарқли ўлароқ, бу ҳайвонларнинг юраги олдин тўхтаб қолди. Бу эса гўштда қон миқдорининг сақланиб қолишига олиб келади ва бу гўшт махсулотларининг таъмига ҳам таъсир кўрсатади.

Тадқиқот ғарб услубининг шавфқатсиз эканини кўрсатиб берганидан ташқари, унинг ўта зарарли эканини ҳам очиб берди. Яна бошқа муаммо ҳам бор: бу қорамолларнинг қутуриш касаллиги инсонларга ўтишига сабаб бўлади.

Техас университети ва Канада Озиқ-овқат Агентлиги инспекциясида (Canada’s Food Inspection Agency) иккита бир-бирга боғлиқ бўлмаган тадқиқот ўтказилди. Улар пневматик деб аталаётган услуб жуда хавфли эканини аниқлашди. Мияга отиш натижасида, мия тўқималари ҳайвоннинг бутун танасига тарқалиб кетар экан. Қорамолнинг қутуриш касаллиги унинг бош ва орқа миясида жойлашгани жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Жуда кўп ривожланган мамлакатларда йўлга қўйилган электр билан зарба бериш ҳам хавотирга сабаб бўлмоқда. 1953 йили АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти Чикагода ўтказилган ўз тадқиқотлари ҳақида баёнот берган. “Чўчқаларни электр зарби воситаси ёрдамида карахт қилиш тўқималарда азоб туфайли келиб чиқадиган маълум ўзгаришларга олиб келмоқда”.

1955 йили Дания Адлия вазирлиги фармойиши чиқди, унда: “Электр билан зарба бериш гўшт, ичакда қон қолиб кетиши, умуртқа бузилишига, тос ва куракларни шок ҳолатига солади. Гўштдаги қон эса, гўштнинг таъми ва ўзининг тез бузилишига олиб келади. Гўшт туз ва қон билан ўзаро таъсир қилса, сўйиш олдидан ҳайвоннинг томирлари тортишиб қолади. Бу ҳам гўшт сифатига таъсир кўрсатади”.

1954 йили Буюк Британияда бекон сифатига таъсир қилгани учун мазкур услуб тақиқланган. «Электрдан фойдаланиш гўштнинг тез сасишига сабаб экани ҳам қайд қилинган. Электрдан сўнг, маълум бир кислоталарнинг юқори даражада йиғилиши гўштнинг бактериал хусусиятларини ўзгартириб юборади…”

Агар ҳайвоннинг бошига қаттиқ зарба берилса, мушакларда тез орада қисқариш юзага келади. Бу эса, озиқ бўладиган суюқликларнинг чиқиб кетишига олиб келади. Бундан ташқари юрак тўсатдан тўхтаб қолса, гўшт тоза бўлиши учун қон чиқиши ҳам тўхтайди”.

Ислом оғриқсиз ва инсонпарварлик услубидан ташқари саломатлик учун ҳам энг хавфсиз бўлган ҳайвонларни сўйиш услубини таклиф қилаётгани кўриниб турибди.

Илҳомжон Мадалиев интернет маълумотларига асосан тайёрлади

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*